Тошкент шаҳридаги 3,7 млрд. сўмлик 4 та объект тендер ғолиблари аниқланмасдан қурилиш бошланган ва битказилган

788

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова маълум қилди.

Бюджет буюртмачилари томонидан объектларни жорий таъмирлаш бўйича «dxarid.uz» махсус ахборот порталига жойлаштирилган эълонлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилганда, қуйидагилар аниқланди:

Тошкент шаҳридаги 4 та объектда 3,7 млрд. сўмлик, шундан 2,8 млрд. сўмлик Ободонлаштириш бошқармаси, 611 млн. сўмлик олий таълим, 200 млн. сўмлик халқ таълими тизимида жорий таъмирлаш ва қурилиш ишлари танлов ғолиблари аниқланмасдан туриб бошлаб юборилганлиги ёки аллақачон тамомланганлиги аниқланди.

Шунингдек, Жиззах вилоятидаги танлов эълони тамомланмаган 7 та объект жойига чиқиб ўрганилганида, халқ таълимидаги 4 та объектда 2.2 млрд. сўмлик қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари танлов ғолиблари аниқланмасдан туриб якунланганлиги, соғлиқни сақлаш соҳасидаги 2 та объектда 1,1 млрд сўмлик, шаҳар ҳокимлигининг 1 та объектида 386 млн. сўмлик қурилиш ишлари бошланиб, якунланиш арафасида эканлиги маълум бўлди.

Масалан, Жиззах шаҳар 1-сонли мактаб биносининг иситиш тизимида 2020 йилда бажариб бўлинган иш учун давлат бюджети ҳисобидан янгидан 815 млн. сўмлик лот қўйилгани аниқланди.

Қашқадарё вилоятида танлов эълон қилинган 3,8 млрд. сўмлик 10 та (3,7 млрд. сўмлик ободонлаштириш бошқармасига қарашли 9 та ва 100 млн. сўмлик халқ таълим тизимига қарашли 1 та) объект жойига чиқиб ўрганилганида, танлов ғолиблари аниқланмасдан туриб ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигидаги 6 та объектда 3 млрд. сўмлик қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари олдин якунланганлиги, қолган 4 та объектда қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган.

Агентлик ходимлари томонидан ўрганишлар доирасида, Бухоро вилоятида таълим тизимидаги муассасаларда олиб борилаётган жорий таъмирлаш ишлари ўрганилганда, халқ таълими тизимидаги 3 та объектда 304 млн. сўмлик, мактабгача таълим тизимидаги 1 та объектда 28 млн. сўмлик жами 4 та объектда 332 млн. сўмлик қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари танлов ғолиблари аниқланмасдан туриб, якунланганлиги ёки таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, Бухоро вилояти Олий таълим тизимидаги 5 та объектда жами 20,0 млрд. сўмлик қурилиш таъмирлаш билан боғлиқ тендер савдоларини ўтказиш жараёнида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаблари бузилганлиги маълум бўлди.

Масалан: Бухоро давлат университетига қарашли талабалар турар жойини капитал таъмирлаш бўйича 5, 6 млрд сўмлик, университет ўқув биносини капитал таъмирлаш бўйича 7, 0 млрд сўмлик, Ҳарбий таълим факультети ўқув биносини мукаммал таъмирлаш бўйича

6, 4 млрд сўмлик ҳамда агрономия ва биотехнология факультети ўқув биносини жорий таъмирлаш бўйича 1, 3 млрд сўмлик эълонлар бўйича ўтказилган танлов-тендер жараёнлари бўйича тендер ҳужжатлари Лойиҳалар ва импорт контрактлар комплекс экспертиза қилиш маркази орқали экспертизадан ўтказилмаганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, ўрганишлар давомида Наманган вилояти халқ таълими тизимидаги 15 та объект кўздан кечирилганида, 3.3 млрд. сўмлик, соғлиқни сақлаш тизимидаги 7 та объектда 850 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари бўйича танлов эълон қилинган бўлсада, танлов ғолиблари аниқланмасдан туриб, таъмирлаш ишлари якунланганлиги ёки давом этаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Андижон вилоятидаги тендер танловлари тугалланмаган 39 та объект жойига чиқиб ўрганилганида, Халқ таълими тизимига қарашли 21 та объектда 6 млрд. сўмлик, ҳудудий ҳокимликка тегишли 11 та объектда 4,5 млрд. сўмлик, Мактабгача таълими тизимидаги 6 та объектда 1,8 млрд. сўмлик, Соғлиқни сақлаш тизимидаги 4 та объектда 1 млрд. сўмлик, Олий таълим тизимидаги 3 та объектда 700 млн. сўмлик қурилиш ишлари бошланиб, якунланиш арафасида эканлиги маълум бўлди.

Масалан, Шаҳрихон туманидаги – Ободонлаштириш бўлими биносини жорий таъмирлаш юзасидан қиймати 1,1 млрд. сўмлик эълон берилган ва ҳужжатларни тақдим қилишнинг охирги муддати 2021 йил 16 июль қилиб белгиланган.

Аммо, ўрганиш жараёнида бўлим биносини жорий таъмирлаш учун ҳеч қандай эҳтиёж мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Шунингдек, Фарғона вилоятида ўтказилган ўрганишлар доирасида, Фарғона шаҳридаги Ўрмон хўжалиги биносини мукаммал таъмирлаш бўйича махсус ахборот порталида жойлаштирилган қиймати 421 млн. сўмлик танлов эълони танлов ғолиби аниқланмасдан туриб, бинода мукаммал таъмирлаш ишлари амалга ошириб келинаётганлиги маълум бўлди.

Қорақалпоғистон Республикасида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги 76 та умумтаълим мактабларида жами 47,8 млрд. сўмлик, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 14 та ташкилотда жами 7,9 млрд. сўмлик, Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 16 та ташкилотда жами 7,9 млрд. сўмлик жами 63,6 млрд. сўмлик смета харажатларида маблағ режалаштирилмаган бўлсада, амалда бўлган «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга зид равишда «dxarid.uz» махсус ахборот порталига эълонлар жойлаштирилганлиги аниқланди.

Мониторинг якунлари бўйича бюджет буюртмачилари томонидан қонунчиликка зид равишда 141,0 млрд. сўмлик 458 та давлат харидларини амалга оширилиши бўйича эълон қилинган танловни бекор қилиш ҳақида вазирлик ва идораларга 372 та тақдимнома киритиш йўли билан қонунбузилишларнинг олди олиниши таъминланди.

111 та объектда эса 29,5 млрд. сўмлик қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича эълон қилинган танловлар юзасидан ғолиблар аниқланмасдан туриб, қонунчилик талабларига зид равишда қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганлиги ёки якунланганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ўрганишларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тўпланган ҳужжатлар мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида прокуратура органларига юбориш чоралари кўрилмоқда.

Давлат харидлари соҳасида ўтказилган юқоридаги ўрганишлар натижаларига оид тўлиқ маълумотлар билан Агентликнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали танишишингиз мумкин бўлади.

Ишчи гуруҳлар томонидан Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам давлат харидларининг амалга оширилиши бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.