Ҳам касб ўрганасиз, ҳам ишли бўласиз

3411

 ёхуд “Ишга марҳамат” мономарказлари фаолиятига бир назар

 Президентимизнинг 2018 йил 20 августдаги  3913-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳрида, 2020 йил 11 августдаги  4804-сонли қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳам “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилганди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги бу тузилмаларнинг барчаси бугунги кунда муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жумладан, ишсизларни сервис ва хизмат кўрсатиш, техника, умумқурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари, рақамли технологияларга, ички ва ташқи меҳнат бозорида талаб юқори бошқа касбларга, тадбиркорлик асосларига ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш, хорижий тилларни ўргатиш, ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш, касбий билимлар, маҳорат, малака ва кўникмаларни шакллантириш, уларни баҳолаш сингари ишларни бажармоқда.

Мономарказларда ўқиш 1 ойдан 4 ойгача бўлган муддатда амалиёт билан уйғунликда олиб борилади. Ҳар бир курс учун белгиланган муддат ва соатлар ҳажми тегишли соҳа мутахассислари, иш берувчилар, WorldSkills ҳамжамияти стандарти, меҳнат бозори талаби, таклифи ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб белгиланган.

Жорий йилнинг 5 апрелида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган “Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ушбу мономарказлар фаолиятини тўғри ташкиллаштиришга боғлиқ методик масалаларни ҳал этишда ҳуқуқий дастуриламал вазифасини ўтай бошлади. Боиси, мазкур ҳужжатга биноан, мономарказлар низоми тасдиқланиб, улар давлат муассасаси мақомида иш юритиши, пойтахтдаги мономарказ эса бош муассаса саналиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, ушбу тузилма таркибида Мономарказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўқув-методик таъминлаш бошқармаси тузилди.

Ҳозирга қадар бошқарма томонидан республика миқёсида очилаётган “Ишга марҳамат” мономарказларининг мутахассислик йўналишлари ҳамда хорижий тил курслари учун намунавий ўқув-меъёрий ҳужжатлар, ўқув-услубий қўлланмалар ҳамда ўқитишни ташкил этишга доир кўрсатма ва тавсиялар яратилиб, жойларга етказиб берилди. Ўқув машғулотларининг самарадорлигига эришиш учун мономарказларда тингловчиларнинг ёши, ижтимоий аҳволи ва жисмоний ҳолатини инобатга олиб, дарс ўтишнинг турли ва инновацион методикалари тайёрланмоқда. Қолаверса, фуқаролар мунтазам равишда ўтказилаётган ички ва ташқи меҳнат бозори талаб-эҳтиёжлари мониторинги натижаси бўйича талаб қилинган касбларга ўқитилмоқда.

Мономарказда қисқа муддатли касбларга ўқитиш талабгорнинг хоҳиши, иқтидори ва лаёқатига қараб ташкиллаштирилади. Тингловчиларга бугунги кунда ўрта-махсус маълумотга эгалик дипломи даражасига тенглаштирилган давлат намунасидаги сертификат берилади.

Яна бир гап. Аҳолининг касбий билим, кўникма ва малака даражасини адолатли баҳолашни йўлга қўйиш ниятида “Ишга марҳамат” мономарказларида Касбий компетенцияларни баҳолаш маркази ташкил этилиши кўзда тутилган. У талабгорларнинг билими, кўникмаси-ю малакасини миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ мустақил ва холис баҳолаш, кенг ва тор ихтисосликлар бўйича ишчиларга малака разрядларини ва мутахассисларга малака тоифаларини бериш, талабгорнинг билими, кўникмаси ва малакаси белгиланган касб стандартларига мослигини аниқлаш, касб малакалари бўйича норматив ҳужжатлар ва стандартларни ишлаб чиқишда қатнашиш, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга Ўзбекистонда ва чет элларда тан олинадиган Skills паспортини топшириш вазифаларини адо этади.

Бугунги кунда “Темир дафтар”га ва “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳаётда ўз ўринларини топиб олишларига кўмаклашиш мақсадида “Ишга марҳамат” мономарказларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган 200 дан ортиқ хотин-қиз Тошкентдаги мономарказда сартарошлик санъати касбига ўқитилмоқда.

Ёки айтайлик, аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш учун республикадаги барча мономарказларда “Тадбиркорлик асослари” ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган. Бунда ишсиз аҳоли, хусусан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган, ёши ва жинсидан қатъий назар, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган кишиларга бу борадаги фаолиятини бошлаши, ўз-ўзини банд қилиши учун тадбиркорликда муваффақиятга эришиш технологияси, маркетинг-тадқиқотда бозорни ўрганиш, бизнес ғояни танлаш ва таҳлил қилиш, хусусий корхонанинг юридик мақомини белгилаш билан боғлиқ кўникмаларни шакллантиришга ҳамда ҳуқуқий-молиявий билимини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Энг муҳими, вақт ўтгани сайин “Ишга марҳамат” мономарказларига одамларнинг ишончи ортмоқда. Ана шу боис жорий йилнинг дастлабки ярмида бизга касб ўрганиш истагида бўлган 1679 нафар киши мурожаат қилди. Уларнинг учдан икки қисмини аёллар, 62 фоиини ёшлар ташкил этди. Шу давр мобайнида жами 1050 нафар банд бўлмаган аҳоли ўқув курсларида таҳсил олиб, касб ўрганди.

Зеро, “Ишга марҳамат” мономарказларида ўқиб, қисқа муддатда касб эгасига айланиш, муқим жойда малакали мутахассис сифатида ишлаб, кафолатланган ойлик маошга  эга бўлиш учун барча имкониятлар мавжуд.

 

Н.УМАРОВА,

 Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат”

мономаркази директори,  Халқ депутатлари

Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,

“Дўстлик” ордени соҳибаси