Бу диёрда инсон азиз

722

Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси тасарруфида 3157 та бош­ланғич ташкилот бўлиб, улар 629 536 нафар аъзони бирлаштирган.

– Ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, хавфсиз ва қулай, муносиб шароитларда ишлаши, маданий-маърифий ҳаёти, дам олиши, саломатлиги – қўйингки, барча-барчаси касаба уюшмаларининг намунали фаолият юритишига бевосита боғлиқ. Бу эса зиммамиздаги масъулиятни янада оширади, – дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эсон Ражабов.
Бирлашма кенгаши томонидан нодавлат секторига мансуб корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшма аъзолигига жалб этиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ишлари тизимли йўлга ­қўйилган. Хусусан, 2017 йилда 4520 та нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 15 442 нафар ходим касаба уюшмаси аъзоси бўлган бўлса, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 3588 та хўжалик юритувчи субъектлардаги 16 115 нафар ходим касаба уюшмаларига қамраб олинди. Жамоа шартномалари тузилган корхоналарнинг сони 2016 йилга нисбатан 7196 тага кўпайгани эътиборлидир.
Жорий йилда вилоятда болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш мавсуми уюшқоқлик билан ташкил этилди. Режа ортиғи билан бажарилди. Шундан Оролбўйи минтақасининг 500 нафар болалари, «Меҳрибонлик уйи»нинг 240 нафар тарбияланувчилари ҳамда 5536 нафар кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари оромгоҳларда бепул дам олдирилди.
Вилоятда ходимларни касаба уюшма сиҳатгоҳларида дам олдириш бўйича ҳам ўзига хос анъана мавжуд. Масалан, 2017 йилда 1648 нафар ходим саломатлигини тиклаган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг олти ойида 812 нафарни ташкил этди.
– «Қашқадарё соҳили санаторийси» ҳақида эшитиб, унда дам олишни орзу қилиб юрардим, – дейди Нишон туманидаги «Гулзор» маҳалласида яшовчи Ўғилой Қурбонова. – Дарҳақиқат, айтганларича бор экан. Сиҳатгоҳ шундай озодаки, беихтиёр баҳри-дилингиз очилади. Ҳар бир мутахассис ўз ишининг устаси. Эрта тонгдан то кечгача фидойилик билан хизматимизда бўлишади. Муолажалардан саломатлигимни тиклаган бўлсам, ўтказилган маданий-маърифий тадбирлардан бир олам таассурот олдим.
Ходимларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш, улар ўртасида бадиий ҳавас­корликни, миллий ­қадриятларимизга бўлган муносабатларни ривожлантириш, истиқлолимизга ­шукроналик туйғуларини мадҳ этувчи иқтидорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ҳаваскор санъаткорларнинг ижодини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган «Санъатим сенга, обод юртим» кўрик-танлови ҳам ҳақиқий байрамга айланиб кетди.
Таъкидлаш жоизки, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори ижросини таъминлаш йўналишида жорий йилда амалга оширилган ишлар кўлами ҳар қачонгидан кўп бўлиб, эҳтиёжи бор фуқароларга тегишли тарзда тиббий хизматлар кўрсатилди. Минг­лаб оилага маиший техника воситалари (газ плита ва газ баллон) олиб берилди. 374 та оиланинг уй-жойлари таъмирланди. Бундан ташқари, 105 та оилани уй-жой билан таъминлаш бўйи­­ча шаҳар ва туман ҳокимларининг уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарори тайёрланиб, қурувчи ташкилотлар белгилаб олинди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтирди ва бунинг натижасида қашқадарёлик ёшлар ҳам хорижда соҳага оид билим ва тажрибаларини ошириш имконига эга бўлди.
Бирлашма кенгаши томонидан ойда бир марта ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб келинмоқда. Қарши давлат университети, Қарши тиббиёт, Агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар, Қарши банк коллежлари ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида ёшлар билан учрашувлар ташкил этилди.
Давлатимизда ёшларга бўлган эътиборнинг ортиши натижасида касаба уюшмаларининг «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловига бўлган қизиқиш, қатнашувчилар сонида ўсиш кузатилгани қувонарли ҳол, албатта. Ёш мутахассислар ўз устида кўпроқ ишлаб, юртимизда бўлаётган ўзгаришларга муносиб жавоб қайтаришга интилмоқдалар.
Дунёда шундай бир ҳақиқат борки, мақсад ва манфаатлар муштараклигига эришилган жойда иш ҳамма вақт олдинга силжийди. Зеро, ходим ҳар томондан ҳимояланиб, унга барча имкониятлар яратиб берилса, ишида унум, оиласи фаровон, ҳаёти бахтли бўлади.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар