Қиёси йўқ неъмат

672

Инсон ҳаётида хотиржамлик муҳим аҳамиятга эга. Унинг илдизида бир неъмат ётадики, уни эътироф этмаслик мумкин эмас. Бу – соғликдир. Соғлом кишигагина эришганлари татийди, қўлида боридан роҳатланади, хотиржам турмуш кечиради. Шу боис доно халқимиз тани соғлик – туман бойлик, дейди. Ҳар қандай давлатнинг тараққиёти ёки таназзули унинг соғлиқни сақлаш тизими, аҳолисининг саломатлик даражаси билан ўлчанади.

Жамиятни ривож­лантирувчи, унинг иқтисодини мус­таҳкамловчи асосий куч – ишчи-ходимлар соғлиғи ҳамиша долзарб аҳамиятга эга. Соғлом ходимгина ишлаётган муассасасига фойда келтиради, тараққиётига ҳисса қўшади. Шуни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳузуридаги Даволаш профилактика маркази касаба уюшмалари аъзолари соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликлар олдини олиш, соғлом турмуш тарзи шаклланишига кўмаклашиш борасида самарали ­фаолият юритмоқда. Бу борада Федерация Кенгаши Марказимизга замонавий, жаҳон стандартлари даражасидаги тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, моддий техника базасини мустаҳкамлаш орқали амалий ёрдам кўрсатмоқда. Янги ётоқ биноси қурилишини ҳам ­қўллаб-қувватлаганини айтиб ўтиш жоиз.
Президент Шавкат ­Мирзиёев мамлакатимиз тиббий хизмат соҳасини тубдан яхшилаш, касалликлар олдини олиш учун соғлом турмуш тарзи кўникмаларини қарор топтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва уни бартараф этиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу қонунлар ижросини таъминлаш мақсадида Марказ касаба уюшмалари ходимлари ва аҳолига турли тиббий ёрдам, профилактика соғломлаштириш ишлари бўйича хизматлар кўрсатмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган хизмат кўлами ва ҳажмини ҳам кенгайтириб бормоқда.
Марказимиз замон билан ҳамнафас юради, ­меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва жаҳон стандартлари асосида фаолият олиб боради. Ҳар бир бемор билан алоҳида ишлайди, ташхиснинг аниқ ва тўғри бўлиши учун астойдил изланади, қулай шароитлар яратишга интилади. Хусусан, гинекология хонаси таъмирдан чиқарилиб, тиббий анжомлар билан жиҳозланди. Ҳомиладор аёллар мониторинги йўлга қўйилди. Болаларда туғма ва ирсий касалликларнинг барвақт олдини олишни аниқлаб берадиган, скрининг текширувларни амалга оширадиган замонавий «MyLab EIGHT» – техник инновацион, эксперт классдаги кўп функцияли сканер ультратовуш диагностика аппарати билан таъминландик. Зотан, уларга эътибор, келажакка эътибордир.
Келажак ҳамиша бугунги фаолиятга боғлиқ бўлишини яхши англаган шифокорлар оналар ва болалар соғлиғи билан алоҳида шуғулланади. Оналар билан бир вақтда болаларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказиш, физиотерапевтик, профилактика муолажалари, болалар учун алоҳида хона, ультратовуш текшируви, массаж, инголяция, даволаш жисмоний тарбияси йўлга қўйилди.
Даволаш тўғри ташхис ­қўйишдан бошланади. Бунга эришиш мақсадида клиник-биохимик лабораториямиз тўлиқ таъмирдан чиқарилди, замонавий биохимик анализатор, гемотологик автомат анализатор, бинокуляр микроскоплар билан таъминланди. Юрак-қон томир касалликлари диагностикаси юқори даражага етказилди. Суткали юрак-қон томир монитори – BTL-08 ECG Holter, «Mulab Seven» техник инновацион, эксперт классдаги карталаштирилган рангли доплер тизимидаги ультратовуш аппарати, суткали қон босимини аниқловчи BTL-08 ABRM Holter тиббий аппаратларимиз бизга юрак-қон томир диагностикаси ва даволашнинг юқори самарали усулларини қўллаш орқали касаллик асоратларини камайтиришга имконият ­беряпти.
Ҳамиша беморлар эҳтиёжига қараб ишлаймиз. Уларнинг нимага муҳтож эканликларини аниқлаб, дарҳол амалий чора кўрилади. Шу боис беморларнинг сув билан даволаш муолажаларига эҳтиёжини қондириш учун физиотерапия бўлими имкониятлари кенгайтирилди, кедр бочкалари, 2 та сув ости массажи ванналари билан жиҳозланди. Шунингдек, ходимларимиз нафақат юртимиз, балки бутун жаҳон бўйлаб оммалашган — аллергия билан хасталанган ва унга мойиллиги бор беморлар ҳолатини енгиллаштиришга уринади. Бунинг учун кичик «Аллергология маркази» ташкил этилди. Лаборатория­­да, яъни специфик аллергенларни аниқлаш бўйи­­ча энг замонавий усул (LgE-RIPA ALLIRGY) қўлланади. Аллергияга мойил беморларни дори воситалари билан даволаш — нейбулайзер хонаси очилди. Беморларга тўғри ташхис қўйиш, самарали даволаш, яхши шароит яратишни олдимизга мақсад қилиб олганмиз.
Яхши биламизки, деярли барча хасталиклар замирида асаб тизими ётади. Айнан асабийлашиш ёки хотиржамлик одамни бемор қилади ёки тузалишига сабаб бўлади. Буни яхши англаган мануал терапия даволаш ҳамда психоневролог хоналарини ташкил этишга, вертеброневролог шифокор қабулини йўлга қўйишга эришдик.
Соғлиқни сақлаш – комп­лекс тадбирлар билангина мумкин. Касалликка қарши фақат шифокор эмас, бемор ҳам курашиши керак. Ва курашнинг энг яхши тури – ­касалликнинг олдини олиш. Марказимизда фаолият кўрсатаётган шифокор ходимларимиз «Соғлом турмуш тарзи» шиорини асос қилиб олган. Аҳолига фаол меҳнат, кучли, жисмоний, руҳий ҳолат, тўғри ва рационал овқатланиш, ҳаракатли турмуш ва бадантарбия, руҳий осо­йишталикни таъминлаш борасида тиббий маслаҳатлар беради, зарурат туғилганда эса эндокринолог, физиотерапевт, диетолог шифокорлар кўригидан ўтказади.
Албатта, инсон соғлиғига масъул бўлиш мураккаб вазифа. Бу чуқур ва пухта билим, кучли амалий тажриба, соҳага оид жаҳон янгиликларидан бохабар бўлиш, қисқа фурсатда тўғри қарор чиқариш каби жиҳатларни талаб қилади. Ходимларнинг юқоридаги талабларга тўла жавоб беришини таъминлашга шароит яратиб берганмиз. Тиббиёт ходимлари касб маҳоратини ошириш ва такомиллаштириш учун Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, респуб­лика малака ошириш ўқув курсларида ўқиш ҳамда Россия давлатининг етук тиббий муассаларида тиббий малакаларини ошириш имконига эга. Келгусида геронтология (қариликнинг олдини олиш) бўйича малака ошириш учун мутахассис-шифокорни Россия давлатида ўқитиб, геронтология кабинетини ташкил этишни режалаштирганмиз.
Албатта, жамиятни соғломлаштирадиган, демакки, юртимизни ривожлантирадиган бундай кенг кўламли ишларни ташқи кўмаксиз амалга ошириш мушкул. Бу турли давлат ташкилотлари ва муассалари билан ҳамкорликда иш юритиш, қўшимча молиялаштиришни талаб қилади. Шу мақсадда «Автосаноат» АК, «Трансгазтехникабутлаш» УК, «Ўзтрансгаз» АК, «Оҳангарон цемент заводи» АЖ, «Навоий кон-металлургия» комбинати билан йиллик шартномалар тузганмиз.
Меҳнат қилаётган фуқаронинг хотиржам ва мамнун яшаши бир томондан тиббиёт­чиларга боғлиқ. Ходимларимиз шу масъулиятли вазифани тўлиқ бажаради, ҳар бир беморнинг соғайиб кетиши учун астойдил жон куйдиради.

Ирода НАБИЕВА,
Даволаш профилактика
маркази бош шифокори

Бошқа хабарлар