Ҳайратлар диёридаги хайрли анъаналар

738

Пойтахтдан йўлга чиққан замонавий тезюрар «Афросиёб» поезди белгиланган вақтда Бухоро темир йўл вокзалига келиб тўхтади. Йўловчилар қаторида келган бир гуруҳ қўшни давлат вакилларини мезбонлар илиқ табассум билан кутиб олишди. Меҳмонлар вокзал ёнидаги сержило фаввора ёнига бориб, бир зум тўхтаб, ён-атрофга ҳавас билан боқишди. Замонавий лойиҳалар асосида янгидан бунёд этилган қўшқаватли вокзал биносининг гўзал қиёфаси, ҳудуддаги кўркам иншоотлар, нарироқда қад ростлаётган 6-7 қаватли уй-жойлар уларни ҳайратга солган эди.

– Бу ерда 26 йил аввал бўлган эдик, – дейди тожикис­тонлик Раҳмонали Дўстов. – Очиғи, ҳаяжонимнинг чеки йўқ. Йўл таассуротларимиз ҳам бундан кам бўлмади. Гўё биз «Афросиёб»да эмас, самолётда учиб келгандай ҳис қиляпмиз ўзимизни. Икки халқ ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтарган давлатларимиз раҳбарларига чексиз ташаккур билдирамиз.
Бундай илиқ ва ҳаяжонли гапларни барча хорижлик меҳмон ва сайёҳлардан эшитиш мумкин. Мамлакатимизда ҳар жабҳадаги улкан ўзгаришлар кўз ўнгимизда намоён бўлаётгани ҳаммамизни қувонтиради. Жараёнда тармоқда салоҳиятли, йирик жамоалардан бири – Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси жамоасининг ҳам қўшаётган ҳиссаси эътирофга лойиқ. Чунки жамоада юксалиш поғоналарида дадил одимлаш кейинги йилларда яққолроқ кўзга ташланмоқда. Амалдаги давлат дастурлари доирасида темир йўл тармоқларини 2018 йил давомида комплекс ривож­лантириш ва модернизациялашдан келиб чиққан вазифа ҳамда топшириқларни бажаришга йўналтирилган. Темир йўл транспортининг иш якунларини баҳоловчи асосий кўрсаткичларнинг ижроси амалда намоён бўлмоқда.
Умумий узунлиги 1510 километрдан зиёд темир йўлда фаолият кўрсатаётган мазкур узел унитар корхонаси жамоаси давр талаби, соҳадаги илм-фан янгиликлари, илғорлар тажрибасини амалда жорий қилиб, эришилаётган ютуқлар салмоғини йил сайин оширмоқда. Масалан, жорий йилнинг биринчи ярмида бу ерда 12 249 минг тоннадан кўпроқ юк жўнатилди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 100,7 фоизга ўсишни ташкил қилади. Юклар айланмаси 3109,7 млн. тонна-километрга етди. Юкларни ортиш ҳажми 2017 йилга нисбатан ўртача ҳар кеча-кундузда 18 та вагонга кўпайган. Йўловчи айланмаси ҳажми эса 568,8 млн. йўловчи-километрдан иборат бўлди.
Корхонда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳамиша эътиборда. Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида Тошкент темир йўл муҳандислари институтини, шунингдек, Самарқанд ва Тошкент темир йўл коллежларини битирган 412 нафар ёш малакали мутахассис қабул қилиниб, улар тажрибали устозларга бириктириб қўйилди. Ёш кадрлар учун етарли ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
– Ҳудудий қўмитамиз тасарруфидаги 24 та корхонада 10336 нафар аъзомиз бор, – дейди биз билан суҳбатда Бухоро минтақавий темир йўл узели ҳудудий касаба уюшма қўмитаси раиси Муродилло Жумаев. – Ходимларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш масалалари 199 банддан иборат бўлган 2018 – 2020 йиллар учун тузилган жамоа шартномасида ўз аксини топган. Унда қайд этилган имтиёз ва имкониятлар ишчи-мутахассислар учун қулай ҳамда хавфсиз шароитларда меҳнат қилиш, дам олиш, ойлик маошларини ўз вақтида олиш, яхши яшаш, саломатлигини ­мустаҳкамлаш ва фарзандлари камолоти йўлида ғамхўрлтк кўрсатиш каби қатор муҳим жиҳатларга хизмат қилади.
«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили» давлат дастури доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Жумладан, корхона, ташкилот ва муассасалардаги 92 та оғир яшаш шароитларида истиқомат қилувчи оилаларга касаба уюшма ҳисобидан 17 238 млн. сўм моддий ёрдам кўрсатилди. 28 кишига санаторий ва дам олиш уйларига бепул йўлланмалар берилган бўлса, 843 киши тиббий муассасасаларда даволанишга жойлаштирилди. 598 нафар ходим учун зиёратгоҳларга, тарихий обидаларга саёҳатлар уюштирилди. Энг муҳими, бундай эзгу саъй-ҳаракатлар кўлами келгусида янада кенгайишига тўлиқ асос бор.

Иззатулла ҲОЖИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар