Фаолларга бепул йўлланма

1334

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев шу йилнинг 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Избоскан туманидаги «Урганжи» маҳалласида бўлиб, одамларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишган эди.

Қайд этилгандики, ҳудуд аҳли ва фаолларнинг ҳамжиҳатлиги боис, қишлоқ кундан- кун обод бўлиб, аҳолининг яшаш шароити яхшиланмоқда. Ушбу хайрли юмушларга бош қўшаётган фахрийлар ва маҳалла фаолларини рағбатлантиришни ҳам ёддан чиқармаслик зарур.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си Президент ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Қишлоқдаги ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига муносиб ҳисса қўшган, ёшлар тарбиясига кўп ва хўб меҳнати сингган 13 нафар урганжилик фахрий ва фаоллар «Косонсой» санаторийсида бепул соғломлаштириладиган бўлди.
Йўлланмаларни тантанали равишда топшириш маросимида Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Аҳмаджон Ҳаққулов, касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раиси Қодиржон Парпиев, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов сўз олиб, ҳалол ва фидойилиги билан каттаю кичикка ўрнак бўлиб келаётган барча-барчага самимий тилакларини изҳор қилдилар.
– 13 нафар ҳамқишлоғим билан бир вақтда санаторийга бориб, дам олиб келишимиз ҳақида эшитиб, ниҳоятда тўлқинланиб кетдим, – дейди меҳнат фахрийси Собиржон Мамаширинов. – «Сизларнинг ҳаёт йўлингиз – ёшлар учун катта тажриба мактаби», деб кўнглимизни олишяпти, қадрлашяпти. Қувонмай бўладими, ахир?!. Маҳалламизга қадам босиб, янада катта ўзгаришларга сабабчи бўлган, оилаларимизга қувонч, қут-барака олиб келган Президентимизга минг раҳмат!

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»