Янги Тупроққалъа:Бир йилда нималар ўзгарди

2030

Тамаддун марказига йўл

«Тупроққалъа» деганда, кимлардир уч минг йил аввалги Хоразмни, тамаддун ўчоғи бўлган ҳудудни, кимлардир саҳро бағридаги тараққиётдан ортда қолган масканни тушунади.
Аммо бугун бу замин ҳақидаги тасаввурларимизни ўзгартиришга тўғри келади. Сабаби кейинги бир йилда Тупроққалъа буткул ўзгарди. Бу ўзгариш­ларни, аввало, маҳаллий аҳолининг яшаш тарзи, ҳудудда амалга оширилаётган ­бунёдкорлик ишларида кўриш мумкин.
Хоразм Тупроққалъадан бошланади. Бироқ қарийб 22 йил давомида Ҳазорасп тумани таркибида бўлган, масофа олислиги, йўллар ёмонлиги туфайли ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривож­ланишдан анча ортда қолган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Туп­роққалъадан вилоят марказигача масофа 250, Ҳазорасп тумани марказигача 170 километр. Умумий ер майдони эса 1,922 минг квадрат километр. ХХI аср нафаси деярли кириб бормаган жойлар бор, уйлар ва йўллар таъмирталаб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, ижтимоий соҳа объектлари ачинарли аҳволга келиб қолган эди.
Шунинг учун бу ҳудудга ҳол-аҳвол сўраб боришга ҳам унча-мунча кишининг юраги бетлайвермасди. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши раиси Рашид Йўлдошев Туп­роққалъа сафарига ҳамроҳлик қилишимни сўраганида, очиғи, базўр кўндим. Ўтган йили дарёдан ўтгач, то «Нукус-Тошкент» магистраль йўлига чиққунча тош йўлларда машинамиз баллони ёрилиб, анча қолиб кетганимиз, магистраль йўлдан Тупроққалъа ҳудуди томон йўлимиз ҳам носозликлар туфайли анча чўзилгани ёдимга тушди. Эртакларда «қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди», деб таърифланадиган жойлар шу бўлса керак, деб ўйлагандим ўшанда.
Машинамиз Амударё кўпригидан ўтиб, ўша гадойтопмас йўлга етиб келдик. Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам дея кўзларимни чирт юмиб олдим… Аммо икки-уч дақиқада машина елдек учиб бораётганини ҳис қилиб, кўзимни очдим… Биз равон асфальт йўлда кетиб бораётгандик! Ажаб­ландим. Ахир илгари бу ерда машинада соатига 15-20 километрдан тезроқ ҳаракатланишнинг имкони йўқ эди-ку?
– Ҳали кўп ажаб­ланасиз, – дейди ҳамроҳимиз, Туп­роққаъла тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари ­бўйича маслаҳатчиси Муҳайё Аминова.
Маълум бўлишича, «Хоразм вилоятини А380 «Қорақалпоғис­тон – Тошкент» автомагистралига боғловчи R156 автомобиль йўли» деб номланувчи йўлнинг 78 километридан 84 километригача бўлган қисми тўлиқ асфальт қилинган экан. Бу эса илгари икки-уч соатда бориладиган манзилга ярим соат кифоя деганидир.
Дарҳақиқат, Тупроққалъа ҳудудида бизни бир-биридан қувонарли хабарлар кутиб турганди…

Пандемия тўсиқ бўлолмаган тараққиёт

Тупроққалъа тумани давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 12-13-март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида билдирган ташаббуси ва 11 апрелдаги қарори асосида ташкил қилинган. Ўтган бир йил ушбу қарор тупроққалъа­ликлар ва умуман, Хоразм вилояти учун муҳим аҳамиятга эга, ўз вақтида қабул қилинган тарихий ҳужжат эканини исботлаб берди. Оғир пандемия ва карантин шароити ҳам қарор ижросини таъминлашга монелик қилолмади.
Туманга малакали ҳуқуқшунос, шу пайтга қадар вилоятнинг энг шимолий – Гурлан туманини бошқариб келган Алишер Салаев ҳоким қилиб тайинланди. Туманнинг мавжуд ресурс­ларидан самарали фойдаланиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, аҳолига маиший, савдо, транспорт, тиббий ва бошқа турдаги замонавий хизматлар кўрсатиш ва аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, меъморий қиёфасини ўзгартириш, ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди ва 2020-2022-йилларда комп­лекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари тасдиқланди.
– Шу асосда ўтган бир йил мобайнида 123 миллиард 400 миллион сўмлик ишлар амалга оширилди, – дейди Тупроққалъа тумани ҳокими Алишер Салаев. – Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. 37 километр йўлга асфальт ётқизилиб, 19 километр йўл жорий ва мукаммал таъмирланди. Бунинг учун салкам 71 миллиард сўмлик иш олиб борилди. Биз аввалги даврни таҳлил қилиб, олдинги йигирма йилда туман ҳудудидаги йўл-транспорт тизимида 4 миллиард сўмлик иш қилинганини кўрдик.
Туманда аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш бош мақсад қилиб қўйилган. 50,6 километр ичимлик сув тармоқлари ётқизилиши ва 1 та сув тақсимлаш иншооти модернизация қилиниши натижасида туман аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 58 фоиздан 70 фоизга ошган. Туманда 33 километр электр тармоғи тортилган ва 17 та янги трансформатор ўрнатилган. 42 километр электр тармоғи ва 15 та трансформатор мукаммал таъмирланган. Натижада туман аҳолиси юз фоиз узлуксиз электр энергияси билан таъминланди. Табиий газ билан таъминлаш эса 99,8 фоизга етказилди.

Энг йирик саноат ҳудуди

2020 йилда туманда 4261,4 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу вилоятдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ­ҳажмининг 45,3 фоизи демак. 2021 йил якунида бу рақамнинг янада залворли бўлиши кутилмоқда.
«New Best Style» МЧЖда йилига бир миллион рулон, яъни 126 миллиард сўмлик гулқоғоз ишлаб чиқарилиб, 3,6 миллион долларлик маҳсулот хориж­га экспорт қилинмоқда. Бу ерда фаолият кўрсатаётган 150 нафардан зиёд ёш ўз меҳнатидан рози. «Нурмуҳаммад Ислом обод» корхонасида ишлаб чиқарилаётган тиббиёт қўлқоп­лари қисқа фурсатда ўзининг доимий харидорларини топди. «Grenhousecompany» МЧЖ 71 миллиард сўмдан зиёд инвестиция ўзлаштириши эвазига иссиқхона ташкил қилиб, 200 кишининг бандлигини таъминлади. Яқин йилларда бундай корхоналар сони ва кўрсаткичлари янада юқори бўлиши кутилмоқда.
– 2020 йилда 42 миллиард 882 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига 31 та лойиҳа амалга оширилиб, 149 та янги иш ўрни яратилган бўлса, 2021 йилнинг биринчи ярмида 605 миллиард 665 миллион сўмлик инвестицияни ўзлаштириш ҳисобига 25 та лойиҳа амалга оширилиб, 490 та янги иш ўрни яратилди, – ­дейди Тупроққалъа тумани ҳокимининг инвес­тиция масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ибрагимов. – Йил якунигача яна 548 миллиард 561 миллион сўмлик 39 та лойиҳа ишга туширилиб, 1539 та янги иш ўрни ташкил этилади.
Ушбу рақамлар ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг маҳобатини яққол кўрсатиб турибди.

Саримой гиламлари дунёни мафтун қила оладими?

Тупроққалъа туманига сафаримиздан кўзланган мақсад «Аёллар дафтари»нинг 2-босқичини шакллантириш жараёнлари, биринчи босқичда эришилган натижалар билан танишиш эди. Вилоят ишчи гуруҳи раҳбари Қутлимурод Собиров «маҳаллабай», «хонадонбай» асосда ҳудуд қишлоқларини айланиб, аёлларнинг меҳнатсеварлиги, фидойилигига тан бергани ҳақида айтиб, Саримойдаги гиламчилик кооперациясини алоҳида эътироф қилгани бизни шу манзил томон ундаганди.
Саримой – туманнинг олис қишлоқларидан бири. Қиш­лоққа кириб, бу ерда «Обод маҳалла» дастури доирасида амалга оширилаётган ­бунёдкорликларнинг гувоҳига айландик. Йўллар асфальт қилинмоқда, янги иморатлар қад ростлаяпти, турар жойлар таъмир­ланяпти.
Гулшод Отаева раҳбарлик қилаётган гиламчилик кооперациясида 30 нафар аёл фаолият олиб боради. Уларнинг 9 нафари «Аёллар дафтари», 8 нафари «Ёшлар» дафтарига киритилган. Иш бошлашдан олдин қизлар устоз-шогирд анъаналари асосида касб-ҳунарга ўқитилган.
Кооперация раҳбари бизни корхона фаолияти билан яқиндан таништирди. Жунни ипга айлантириш, бўяш ва гилам тўқиш… барча жараёнлар аёллар томонидан қўлда бажарилади. Бир-биридан бетакрор Саримой гиламлари, сумкалар, пайпоқлар кўзни қувонтиради.
– Уч нафар фарзандим бор, – дейди Гиммат Аннамуҳаммедова. – Шу пайтгача ҳеч қаерда ишламас эдим. «Аёллар дафтари»га киритилганим сабаб гиламдўзлик сирларини ўргандим. Бу ерда иш ­бошлаганимдан хурсандман. Қисқа фурсатда 10 та гилам тўқишга муваффақ бўлдим.
Кооперацияда тасодифан қишлоқдаги бунёдкорлик жараёнлари билан танишиб юрган туман ҳокими ўринбосари Зафар Матчанов билан учрашдик. Ҳоким ўринбосарининг билдиришича, йил охиригача кооперация учун янги бино қурилади. Бунинг учун инвес­тор билан музокаралар олиб борилган ва қурилиш режаси тасдиқланиб, иш бошлаб юборилган. Замонавий иншоотда 50 нафар аёлнинг бандлиги таъминланади. Қўл меҳнати маҳсули бўлган Саримой гиламларига узоқ-яқиндан қизиқиш билан қараётганлар, харид қилиш истагидагилар кўп. Умуман, қишлоқда ­бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётганига гувоҳ бўлдик. Кўплаб янги ғоялар амалга тат­биқ қилинмоқда. Хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– 3074 нафар аҳолининг 1516 нафари аёллардир, – дейди «Саримой» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Моҳим Ғоипова. – 30 ёшдан катта хотин-қизлар хатловдан ўтказилиб, биринчи босқичда 118 нафари «Аёллар дафтари»га киритилган эди. Улардан 30 нафари касбга ўқитилди, 9 таси иш билан таъминланди, 8 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратилди, 5 нафарига иссиқхона қуриб берилди, бошқаларига тегишли тартибда руҳий, ҳуқуқий, тиббий ёрдамлар кўрсатилди.

Аёл рози бўлса...

Туманда ўтказилган биринчи хатловда 11862 нафар аёл билан мулоқот қилиниб, «Аёллар дафтар»ига киритилган 2894 нафар хотин-қиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланганига гувоҳ бўлдик. 161 нафар боқувчисини йўқотган, 132 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, 35 нафар қарамоғида ногирон болалари бўлган ёлғиз аёлга ҳомийлар ва аёллар жамғармаси маб­лағлари ҳисобидан моддий ёрдамлар кўрсатилган. Нотурар биноларда яшаб келаётган 7 нафар аёл турар жойларга жойлаштирилган. Томорқадан фойдаланиш истагини билдирган 163 нафар ишсиз хотин-қизга даромад манбаи сифатида 0,2 гектардан жами 32,6 гектар экин майдонлари ажратиб берилган. Касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирган 536 нафар хотин-қизнинг 461 нафари касб-ҳунарга ўқитилган. Тадбиркорлик учун амалий ёрдам сўраган аёллардан 60 нафаридан зиёдига имтиёзли кредитлар ажратилган.
Туман ҳокими маслаҳатчиси Муҳайё Аминова ҳамроҳлигида ўнлаб хонадонларда, корхона ва ташкилотларда бўлиб, аёллар билан дилдан суҳбатлашдик. Улар қалбидаги қувонч, тақдирларидаги ўзгариш­лардан мамнунлик, кундан-кунга яхшиланиб бораётган ҳаётдан розилик ҳавасимизни келтирди.
Ҳозирда туманда хатловнинг иккинчи босқичи якунланди. Эндиликда қўллаб-қувватлашга муҳтожлар яна «Аёллар дафтари»га киритилмоқда.
– Мақсадимиз тупроққалъалик ҳар бир аёл давлатимиз ғамхўрлигини ҳис қилишига эришиш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топиш­ларига кўмаклашишдир, – дейди вилоят ишчи гуруҳи аъзоси, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши раиси Рашид Йўлдошев.

Муҳими, Саломатлик

Туманда ўтказилган биринчи хатлов натижаларига кўра, 169 нафар аёл тиббий ҳимояга муҳтож сифатида рўйхатга киритилган эди. Ўтган давр мобайнида улар икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Аёллардан 10 нафарига рес­публика тиббиёт муассасаларига, 54 нафарига вилоят муассасаларига бепул йўлланмалар берилиб, соғломлаштирилди. Жумладан, 18 нафар аёлда ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 48 нафар аёл туман тиббиёт бирлашмасида стационар шароитда, 57 нафари амбулатор шароитда муолажа олди.
Кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш масаласи мутасаддиларнинг доимий эътиборида. 55 минг 792 нафар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 135 ўринли стационар шифо ўрни, 5 та амбулатор поликлиника муассасаси фаолият кўрсатади.
– Яқинда бирламчи муассасаларга 2 та УТТ ва 2 та ЭКГ ускунаси келтирилди, – дейди ­Тупроққалъа тумани тиббиёт бирлашмаси бош­лиғи Отабек Дўсчанов. – Натижада барча оилавий поликлиникаларимизнинг ташхислаш имкониятлари кенгайди. Саримой ҳудудида 20 та стационар ўрни ва тез ёрдам шохобчасига эга оилавий шифокорлик пункти бунёд этилмоқда. Буларнинг барчаси одамларнинг соғлом ва фаровон турмуш кечиришлари учун кўрилаётган чора-тадбирлар натижасидир.

Ёшлар учун кенг имкониятлар

Туманда аҳолининг барча қатламини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Қайси маҳаллада бўлмайлик, туман ҳокимлиги, тегиш­ли ташкилотлар мутасаддиларига дуч келдик. «Маҳаллабай», «хонадонбай» асосда ташкил қилинаётган ишлар эса ўз самарасини бераё­тир. Айтайлик, «Ёшлар дафтари»га 4052 нафар ёшнинг исм-фамилияси киритилган бўлиб, уларнинг 2421 нафари ишсиз, 260 нафари ижтимоий ҳимояга, 953 нафари иқтисодий ва 418 нафари психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож эди.
Ҳар бир ёш билан алоҳида иш олиб борилган, қизиқишлари, ижтимоий ҳолати ва имкониятлари эътиборга олинган. Бунинг натижасида 611 нафар ёшга 122,2 гектар ер майдони ажратилган. «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тамойи­­ли асосида 96 нафари тадбиркорликка ўқитилган. «1+1» дастури доирасида 63 нафар, уста ҳунармандларга «устоз-шогирд» анъанаси асосида бириктириш орқали 26 нафар, ўзини-ўзи банд қилиш орқали 176 нафар ёш ишли бўлган. 183 нафардан ортиқ ёш аҳоли банд­лигига кўмаклашиш маркази томонидан турли ишларга жойлаштирилган. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги ёшларга 1451 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилиши эвазига 82 та иш ўрни яратилган. Жами 1380 нафар ёшнинг бандлиги таъминланган. Улардан 123 нафари илгари хорижда ишлаган ёшлардир. Шунингдек, хорижда ишлаш истагидаги 20 нафар ёш қонуний ишга жойлаштирилган. Бундан ташқари, иқтисодий қўллаб-қувватлашга муҳтож 400 нафар ёшга 107,3 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилган. 172 нафарига малакали мутахассислар томонидан психологик ёрдам кўрсатилган. 1 нафар чин етим ёшга уй-жойли бўлиши учун 108 миллион сўм маблағ тўлаб берилган.

* * *

Биз бир йил ичида амалга оширилган бунёдкорликлар, қўлга киритилган муваффақиятларнинг айримлари ҳақида сўз юритдик, холос. Туманда қисқа фурсатда амалга оширилган бунёдкорликларга бўлган ҳавас, эртанги кунга ишонч туфайли бугун ­вилоятнинг турли ҳудудларидан ёшлар Тупроқ­қалъага кўчиб келмоқда.
– Ҳали кўрасиз, Тупроққалъанинг довруғи яна оламга достон бўлади, – дейди туман ҳокими Алишер Салаев.
Бу катта мақсад ва эзгу орзулар рўёбга чиқишига ишонамиз. Зеро, амалга оширилаётган ишлар шундан далолат бермоқда.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»