Аҳиллик ва прагматизмга асосланган ташқи сиёсат

2953

Марказий Осиёнинг фаровон келажагини белгилаб беради

Маълумки, Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришиш маросимидаги нутқидаёқ қўшни мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратган ва бу бежизга эмас эди.

Маслаҳатли иш тарқамас

Бунинг мантиқий давоми сифатида давлатимиз раҳбари 2017 йил ­сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашув учрашувларини ўтказиш бўйича ташаббусни илгари сурди. Бундай муҳим механизм минтақа давлатлари учун ривожланиш драйверлари ҳамда «янги ўсиш нуқталари»ни биргаликда аниқлаш ва мунтазам мулоқотлар учун самарали майдон яратиш имконини берди. Хусусан, нав­батдаги Маслаҳат учрашуви 6 август куни Туркманистонда ўтказилиши режалаштирилган.
Эътиборлиси, ўтган қисқа давр ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг ­­иж­о­­­­бий жиҳатларини намоён этяпти. Зеро, Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган Марказий Осиё мамлакатлари билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини юксалтириш ҳамда мустаҳкамлаш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналиш­ларидан биридир. Бу ҳақли равишда халқаро экспертлар, оммавий ахборот воситалари, таҳлил марказлари томонидан эътироф этиляпти.
Масалан, яқинда Сингапурнинг «InDiplomacy» журнали веб-сайтида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорлик, барқарор тараққиёт маконини яратиш мақсадида очиқ, проактив, прагматик ва конструктив ташқи сиёсат юритишга киришгани ҳақида мақола эълон қилинди.
«Расмий Тошкентнинг янгича ёндашувлари Марказий Осиёнинг барча пойтахтларида қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса минтақадаги ижобий ўзгаришларга асос бўлди. Хусусан, сўнгги йилларда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида сифат жиҳатидан муҳим ўзгаришлар юз берди. Минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига асосланган тизимли сиёсий мулоқот яратилди. Буни 2018 йилдан бошлаб Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувларини ўтказиш амалиёти жорий этилгани ҳам тасдиқлайди», деб ёзади нуфузли нашр.

Мутлақо ўзгача тмуҳит шаклланди

Бинобарин, бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг биргаликдаги ­саъй-ҳаракатлари туфайли минтақада бутунлай янги сиёсий муҳит шаклланиб, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Давлатлар раҳбарлари ўртасида фаол мулоқот ўрнатилиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари юқори даражада кенгайиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Айниқса, давлат чегаралари, транспорт коммуникациялари, фуқароларнинг ўзаро саёҳатларини амалга ошириш каби кўплаб ­жабҳаларда ўзаро манфаатли ечимларга эришилди.
Ўзбекистон барча Марказий Осиё давлатлари билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатгани икки томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

Муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда

Шу мақсадда савдо-сотиқ, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт каби қатор муҳим соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 40 фоизга ошди. Натижада бу борада 1,8 миллиард АҚШ долларидан юқори натижа қайд этилди. Қувонарли жиҳати шундаки, бу каби ижобий тенденциялар минтақадаги барча мамлакатлар билан муносабатларда яққол кўзга ташланяпти. Йилдан йилга қўшма корхоналар сони ортиб, юк ташиш ҳажми кес­кин кўпаймоқда. Шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари муваффақиятли ҳал этилаётир.
Бу борадаги ижобий ўзгаришлар ҳақида Европарламент аъзоси Ричард Чарнецки Ҳиндистоннинг «New Delhi Times» газетаси ва унинг онлайн порталида «Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни таъминлашда етакчи роль ўйнамоқда» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақоласида ҳам тўхталиб ўтганди.
Унда ёзилишича, 2017 йили Ўзбекис­тонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегия­­си қабул қилинди. Стратегияга мувофиқ, «Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш» мақсад қилинган. Бундаги асосий мазмун-моҳият Марказий Осиё мамлакатлари билан фаол минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборатдир.
Материалда Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлиги масаласига алоҳида ўрин ажратилган. «Ўзбекистон Марказий ­Осиёда муҳим роль ўйнайди ва қўшни давлатлар билан фаол ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда. 2017 – 2020 йиллар оралиғида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида 300 дан ортиқ битим ва шартномалар имзоланган. Бу борадаги энг йирик ташаб­буслардан бири 2021 йил январь ­ойида Ўзбекистон, АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» ташаббусининг йўлга қўйилиши бўлди», деб ёзади эксперт.

Ижтимоий-маданий соҳалар – ҳамиша устувор

Иқтисодий кооперация ва бизнес интеграциясига муштарак равишда минтақадаги қардош мамлакатлар ўртасида илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт каби йўналишларда ҳам мустаҳкам алоқалар равнақ топмоқда. Мунтазам равишда қўшма тадбирлар ўтказилаётгани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.
Бир неча йиллар муқаддам Марказий Осиё мамлакатларининг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Туркий тилли давлатлар кенгаши сингари халқаро платформаларда умумий позиция асосида иш юритишини ҳатто тасаввур этиш ҳам мушкул эди.
Эндиликда минтақадаги ижобий ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланяпти. Шу боисдан ҳам БМТ Бош ассамблеясининг Марказий Осиё ­бўйича «Марказий Осиё минтақасида тинч­лик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш», «Марказий ­Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривож­ланиш» ва «Оролбўйи минтақаси – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» каби резолюциялари Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар томонидан бир овоздан қабул қилинди.

Бирлашган ўзар

Халқимизда «Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар», деган пурмаъно мақол бор. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги минтақавий ташқи сиёсатида тарихий ҳақиқатлар, миллий анъаналар ва замонавий тенденцияларни ўзида уйғунлаштирган бирлашиш, бир ёқадан бош чиқариб, муаммо ва таҳдид­ларга қарши курашиш қадрияти ўз ифодасини яққол намоён этмоқда.
Бунинг амалдаги самараси сифатида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувларига яна бир бор тўхталиб ўтиш жоиз. Мазкур учрашув илк маротаба 2018 йил 15 мартда, иккинчи бор 2019 йил 29 ноябрда Тошкентда ўтказилгани ғоятда аҳамиятлидир. Бу каби юксак даражадаги учрашувларнинг ташкил этилиши Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги қатъий қарашларининг яна бир ёрқин намунасидир. Бу, айниқса, коронавирус ва Афғонистон билан боғлиқ кечаётган мураккаб вазиятда жиддий муаммоларга оқилона ечим топиш йўлида катта роль ўйнамоқда.
Афсуски, пандемия шароити ҳеч бир истисноларсиз барча мамлакатлар халқаро тадбирлари жадвалига ўзгартиришлар киритди. Лекин маслаҳатлашувлар асло тўхтаб қолгани йўқ. Жорий йилда Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг навбатдаги саммити эса, юқорида айтганимиздек, ­Т­уркманистонда бўлиб ўтади. Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу учрашувда мамлакатлар етакчилари бевосита иштирок этади.
Унинг кун тартибидан кўп қиррали минтақавий шериклик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари асосий ўрин эгаллаган. Бу ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, энергетика ва маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асос яратади.
Давлат раҳбарлари музокаралар якунлари бўйича умумий манфаатларни инобатга олган ҳолда, узоқ муддатли минтақавий ўзаро муносабатларнинг янги истиқболли йўналишларини белгилаб олишларига аминмиз.
Зеро, шу йил июль ойида Тошкент шаҳрида Юртбошимиз ташаббуси билан ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги олий даражали халқаро конференцияда ҳам Президент Шавкат Мирзиёев яна бир бор қатъий таъкидлаб ўтганидек, Ўзбекистон конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривож­лантиришга доимо тайёр бўлган ишончли ва барқарор, қатъий позиция­­га эга шерикдир.

Анвар НОСИРОВ,
Марказий Осиё халқаро институти директори