Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси спортчиси Акбаржон Жўраев Олимпиада чемпиони ва рекордчиси!

1899

Чемпион бўлиш осон эмас. Рекорд ўрнатиш ҳам…
Ғолиблик ортида қанчадан-қанча синовлар, машаққату машғулотлар бор. Зеро, шоҳсупага кўтарилиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бу йўлда муваффақиятсизликлар ҳам бўлади…
У ҳаммасига чидади, интилди, ҳаракат қилди.
Унинг катта спортдаги фаолияти 2017 йилдан бошланди…
Қатор йиллар оралиғида Осиё ва жаҳон чемпионатларида қатнашиб, дастлаб 13-, 6-, 4-ўринларни эгаллади. Бронза медалига бир килограмм етмай қолган пайтлар ҳам бўлди. Аммо у тушкунликка тушмади, бор аламини тошдан олди. Шуғулланаверди, кўтараверди…
Ва ниҳоят, навбатдаги халқаро мусобақаларда, яъни Осиё ва жаҳон чемионатларида зафар қучди. Шунчаки ғолиб бўлмади, бир неча марта Осиё ва жаҳон рекордларини янгилашнинг уддасидан чиқди ҳам.
Айнан шунинг учун Олимпиадада ундан умид қилишга ҳақли эдик.
У ишончни оқлади. 109 килограммгача бўлган оғир атлетикачилар баҳсида Олимпиада рекордини янгилаб, чемпионликка эришди. Баракалла!
Тарихдан маълумки, қадимда Олимпиада ўйинлари вақтида урушлар ҳам вақтинчалик тўхтатилган…
У ҳам ўз ютуғи билан юқори даражадаги йиғилишнинг бир зум «тўхтаб туришига», давлатимиз раҳбари ва барча-барчанинг фахрланишига сабабчи бўлди. Офарин!
Шу ўринда бир гап: кўпчиликнинг тасаввурида касаба уюшмалари «путёвка» тарқатадиган, туғилган кун ва байрамларда борлигини намоён этадиган ташкилот.
Билмаганлар, билиб қўйсин, асло ундай эмас. Биргина мисол, Олимпиада чемпиони ва рекордчиси Акбаржон Жўраев ҳам, даст кўтаришда олимпиада рекордини ўрнатган оғир атлетикачи Муаттар Набиева ҳам ўша ҳамма ерда ҳозиру-нозир ташкилот болалари…
Яъни, улар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг тарбияланувчиларидир.
Токиога кетишдан олдин спортчилар ва уларнинг мураб­бийлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига таклиф этилиб, пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланган, Федерация раиси Қудратилла Рафиқов кўпчилик номидан спортчиларга омад тилаган эди.
Бугун тилаклар ушалди, ишончлар оқланди!
Баракалла, Акбаржон!
Раҳмат сенга, ўзини ва ўзбек спортини дунёга танитган паҳлавон!
Ватан байроғини баланд кўтариб, юрт ва миллат шаънини улуғлашдек эзгу амалларинг бардавом бўлаверсин!

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»