Етимнинг ҳақи

2517

ёхуд судма-суд сарсон «синиқ кўнгил»лар арзини ким эшитади?

Карманалик Гулжаҳон Мақтаганованинг мактубини ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди. Мактуб аччиқ қисмат, мутасаддиларнинг инсон тақдирига бефарқлиги, алам ва адолатсизликдан куйиб, адо бўлаётган онаизорнинг изтиробларидан иборат:

«Ассалому алайкум, яхшилар! Сўнгги умидим сизлардан. Қисмат экан, 29 ёшимда воя­­га етмаган уч нафар фарзандим билан бева қолдим. Раҳматли ёстиқдошим Ҳамза Нарзуллаевни 2014 йил 30 август куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани «Қориравот» маҳалласи Сиплон қиш­лоғида яшовчи Ўктам Исомиддинов шахсий машинасида уриб кетди. Орадан 15 кун ўтиб, яъни 14 сентябрь куни эрим Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг анестезиология ва реанимация бўлимида вафот этди. Бу ­мудҳиш воқеалар содир бўлганда, мен учинчи фарзандимизга ҳомиладор эдим. Афсуски, қизим юрагида кичик тешикча билан туғилди. Ҳозир ҳам ногирон. Шифокорлар қизимнинг юрак хасталиги билан туғилиши ҳомиладорликдаги сиқилишларим асорати эканини айтишди.
Орадан кўп ўтмай, ёш болали ва хаста бўлсам-да, эримнинг фожиали ўлими юзасидан жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судига мурожаат қилдим. Улар пахта йиғим-терими бошланганини рўкач қилиб, ишни орқага суриб бораверди. Анча югур-­югурлардан сўнг, Ўктам Исомиддиновга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши очилди. Афсуски, 2014 йил 19 ноябрь куни менинг ва эримнинг қариндош­лари иштирокисиз суд мажлиси ўтказилиб, Олий Мажлис Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги «Ўзбекистон ­Республикаси Конституция­­си қабул қилинганининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорига асосланган ҳолда жавобгар Ўктам Исомиддинов суд залидан озод қилиб юборилди.
Эрим ўлди, мен бева қолдим, қизим ногирон ҳолда туғилди, аммо бизнинг ташвишларимиз, қайғу-аламда ёниб, кул бўлаётганимиз ҳеч кимни қизиқтирмади. Суднинг адолати шуми? Мен-чи, менинг етим қолган уч нафар болам-чи? Уларни ким ўйлайди? Ишсизман, уларни энди қандай боқаман?..
Хуллас, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судининг қароридан мутлақо норозиман…».

Қонунлар бир хил-у, қарашлар ҳар хил

Гулжаҳон Мақтаганова суд қароридан норози бўлиб, Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти Кармана туманлараро судига мурожаат қилади. Мазкур суд 2015 йил 13 февралда жавобгар Ўктам Исомиддиновдан даъвогар Гулжаҳон Мақтаганова фойдасига 12 миллион сўм маънавий ҳамда 6 миллион 926 минг 500 сўм моддий зарар ундириб беришни лозим топади.
Суд ҳужжатлари ижро учун 2015 йил 1 апрелда суд ижрочиларининг Каттақўрғон шаҳар бўлимига келиб тушади. Орадан салкам бир ярим ой ўтгач, суд ижрочилари жавобгарнинг хонадонида бўлиб, бир дона аёллар узуги ҳамда бир жуфт зирак борлигини аниқлаб, уларни қонун доирасида сотувга қўяди. Узук ва зирак 1 миллион 18 минг 800 сўмга баҳоланиб, сотувдан тушган пул ­жабрланувчига почта орқали жўнатилади. Шу билан ижрочи «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 40-моддасига асосан, жавобгарнинг тўлов қобилияти йўқлигини рўкач қилиб, 2015 йилнинг 4 сентябрида ижро ҳаракатларини тўхтатади.
Даъвогар Гулжаҳон Мақтаганова суд ижрочиларининг Каттақўрғон шаҳар бўлими фаолиятидан норози бўлиб, яна судга мурожаат қилади. 2016 йил 6 январда Фуқаролик ишлари ­бўйича Кармана туманлараро суди судьяси ­Нурали Раҳмонов чиқарган қарорда жавобгар Ўктам Исомиддинов ҳамда унинг рафиқаси Гулшан Исомиддиновадан солидар тартибда жабрланувчи фойдасига 14 миллион сўм маънавий, 4 миллион 876 минг 500 сўм моддий зарар ундириш белгиланади. Шунингдек, даъвогар Гулжаҳон Мақтаганованинг етим қолган уч нафар фарзанди вояга етгунига қадар уларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида (ойига 130 минг 240 сўмдан) нафақа ундирилиши лозимлиги ҳам ажримга киритилади.
Агар мазкур жиноят иши билан боғлиқ ҳужжатларга жиддий эътибор берилса, турли шубҳалар пайдо бўлиши мумкин. Масалан, воқеа 2014 йил 30 августда содир бўлган. Аммо қасддан қилинмаган ушбу жиноят негадир орадан салкам уч ой ўтгач, 2014 йил 19 ноябрда жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судида кўриб чиқилган. Даъвогарнинг мурожаатлари эса пахта терими бошлангани баҳона қилиниб, пайсалга солинган. Қизиқ, судьялар ҳам далага чиқиб пахта терадими?!.
Даъвогар Гулжаҳон Мақтаганованинг Навоий вилояти Кармана туманлараро фуқаролик судига ёзган аризаларига кўра, жиноят иши икки бор кўриб чиқилиб, бир-бирига ўхшаш икки хил қарор чиқариш билан якунланади.

Юзаки ёндашув

Ушбу жиноят иши юзасидан журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида дастлаб Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар мажбурий ижро бўлими ижрочиси Жасур Раҳмоновга мурожаат қилдик (айнан у сўнгги ижро ҳаракатларини амалга оширган ва тўхтатган). Ж.Раҳмонов ­фикрларимизни хушламайроқ тинглади. Охири ҳеч қандай маълумот бермаслигини қатъий таъкидлади, таҳририят номидан расмий хат талаб қилди. Хат тақдим қилингач, норози кайфиятда ўзи ижро қилган ҳужжатлардан нусхалар берди.
Мазкур нусхаларда, яъни Кармана туманлар­аро фуқаролик судининг 2016 йил 6 январдаги қарорида даъвогар Гулжаҳон Мақтаганованинг етим қолган уч нафар фарзанди – Олимжон ва Жавоҳир Убайдуллаев ҳамда Ойдиной Убайдуллаевага вояга етгунига қадар жавобгарлар – Ўктам Исомиддинов ва Гулшан Исомиддиновадан солидар тартибда ойма-ой нафақа ундириш кўрсатилган. Суднинг ушбу қарори Мажбурий ижронинг Каттақўрғон шаҳар бўлимига орадан 11 ой ўтгач, келиб тушган. Шунча вақт давомида қарор қаерда, кимнинг қўлида бўлган, буниси бизга номаълум. Энг қизиғи, қарорда номма-ном кўрсатилган нафақа олувчи болалар сони Каттақўрғон туманига келгунича биттага, тумандан шаҳарга етгунича иккитага қисқартирилган. Бунинг сабабини сўраганимизда, ижрочи Жасур Раҳмонов қўлига келиб тушган ҳужжатларга асосланиб ижро ҳаракатлари олиб борганини айтди, холос.
Аслида Мажбурий ижро бюросининг Каттақўрғон тумани ва шаҳар бўлимлари олиб борган ижро ҳаракатларида, шунингдек, Кармана туманлараро фуқаролик суди томонидан ўтказилган судлов ишларида айрим хомликлар бор. Биринчидан, суд қарорлари тўлалигича ижро этилмаган. Иккинчидан, ҳужжатларда исм-фамилиялар, шахслар чалкаштирилиб, миқдор ва сонлар асоссиз қисқартириб юборилган. Учинчидан, жавобгар Ўктам Исомиддинов ўзига тегиш­ли ВАЗ-21013 енгил автомашинасини суднинг жазоси ва мажбурий тўловлардан қочиш мақсадида 2015 йил 27 январда Каттақўрғон шаҳри, Усмон Юсупов кўчасида яшовчи Хосият Юлдашева номига расмийлаштириб берган. Жавобгар Ўктам Исомиддинов ойлар, йиллар давомида тумандан шаҳарга, шаҳардан туманга кўчиб, яшириниб юрган. Охири унга Мажбурий ижронинг Каттақўрғон шаҳар бўлими ижрочиси томонидан қидирув ­эълон қилиниб, ички ишлар бўлимига расмий хат жўнатилган.
Минг афсуски, мана шундай эътиборсизлик, бефарқлик натижасида Гулжаҳон Мақтаганова ўзига ва уч нафар фарзандига ундирилиши лозим бўлган маънавий зарарни, алимент нафақаларини ололмасдан сарсон бўлиб юрибди. Юқори ташкилотларга ёзган шикоятларига эса фақат бир хил мазмунда жавоб олади. Жавобларки, қонунлар худди суд қарорлари сингари «ўйнатиб», пеш қилинади.

Жабрланувчининг хатидан

«Адолат излаб идорама-идора юрган кунларимнинг бирида кимдир менга телефон қилиб, исми-шарифини айтмасдан, ўзини Каттақўрғон шаҳар мажбурий ижро бюроси вакилиман, дея таништирди. Гап орасида ­«Айбланувчидан сизга бир миллион сўм олиб бераман, эвазига сиз 18 миллион сўм олдим, деб тушунтириш хати ёзиб берасиз», деди. Мен унинг таклифига рози бўлмадим. Кейин у уятли сўзлар билан мени ҳақорат қилди. Бўлган воқеани онамга айтдим. Онам ўпкаси тўлиб, йиғлаб олди…».
2018 йилнинг апрель ойида Гулжаҳон Мақтаганова шунга ўхшаш ҳақоратлардан яна бирини эшитди. Мажбурий ижро бюросининг каттақўрғонлик вакили Зоҳид Орзиев «Сенинг эринг­­ни ҳеч ким қасддан ўлдиргани йўқ-ку, аҳмоқ хотин! Намунча менга телефон қилаверасан, сендан бошқа дардим йўқми, яна бир телефон қилсанг, сени…», дея сўкинди. Орадан бир-икки кун ўтиб, Гулжаҳон Мақтаганова бўлиб ўтган воқеа юзасидан Ички ишлар вазирлигининг «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилди. Вазирлик ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимига расмий мурожаат йўллади. Ички ишлар бўлими ҳам ишни эскичасига олиб, шаҳар прокуратурасини бир варақ қоғоз билан огоҳ этди. Шаҳар прокуратураси эса ҳамон жим. Биз шу йил 10 мартда таҳририят номидан Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига расман мурожаат қилдик, аммо ҳалигача бирорта маълумот ололмадик.
Бугун юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, ёшларга, хотин-қизларга, бева-бечораларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллий ҳокимиятлар, ҳомийлар, ­нода­в­­­­­лат-нотижорат ташкилотлар томонидан беминнат ёрдам кўрсатилаётганига гувоҳ бўласиз. Айниқса, мамлакатимиз бўйлаб «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»нинг юритилиши синиқ кўнгилларга, аянчли тақдир эгаларига қайтадан жўшқин ҳаёт бахш этмоқда. Яратганга шукрки, Гулжаҳон Мақтаганова ҳам бундай сийловдан, беқиёс эътибордан четда қолмади. У ҳамширалик қилиш ҳуқуқини берувчи ўрта маълумот тўғрисидаги дипломини қайта тиклаш учун Кармана тумани ҳокимияти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ўқитилди. Касбига яраша иш билан таъминланиши ҳам бор гап. Аммо биргина онаизорнинг топгани нима бўлади? Кутилмаган автоҳалокатдан кейин юрагида тешикча билан туғилган 6 ёшли Ойдинойни даволатиш учун анча-мунча пул керак ахир!
Ким билади, дейсиз, балки Каттақўрғон шаҳар Мажбурий ижро бўлимидагилар инсофга келиб, суд ҳужжатида кўрсатилган алимент пулларини ундириб берар? Эҳтимол, жавобгарларнинг ўзлари Ойдинойни даволатиш учун елиб-югурар. Ва яна ажабмаски, Гулжаҳон Мақтаганова судга қайта мурожаат қилса, балки инсофлироқ судья унинг етим қолган фарзандлари учун давлат ҳисобидан нафақа тўлаш лозимлиги ҳақида қарор чиқарар…
Бир парча қоғоз бир инсонни бор қилиши ҳам, йўқ қилиши ҳам мумкин, деган гапни илгари кўп эшитганман, лекин ишонмасдим. Алқисса, карманалик Ҳамза Нарзуллаевнинг фожиали ўлими мисолида бу гапларда жон борга ўхшайди.

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»