Сигирлар машварати

4601

Яқинда Ғаллаоролнинг лалми ҳудудларидан келган сигирларнинг навбатдаги мажлиси бўлди. Уни ўзимизнинг маҳалладаги Ойша холанинг Тарғилой сигири олиб борди.

– Аслида бу анжуманимизни кенг ва ям-яшил ўтлоқларда ўтказишни режалаштиргандик, – дея сўз бошлади у бамайлихотир кавшанганча. – Бироқ пандемия туфайли сизлар билан мана шу эски фермада мулоқот қилишга тўғри келмоқда. Кун тартибига қўйилган асосий масала – яйловлардаги муаммолар. Зеро, ҳозир тайинли яйлов йўқлиги, ариқ-париқлар бўйларидан ризқимизни териб, зўрға кун кўраётганимиз ҳаммага маълум… Иккинчи масала – омихта ем таъминоти. Тўғри, унинг мазасини унутворганимизга а-а-анча бўлди… Учинчи масала – наслчилик ва селекция ишлари… Бугун шу муаммоларга подалашиб, ечим топамиз. Ҳа, айтганча, дабдурустдан йиғилиш чақиришимизнинг ҳам ўзига хос сабаби бор. Яқин кунларда Зотли оғамиз бошчилигидаги комиссия бизнинг ҳудудимизда ҳам бўлар экан. У яхши хулосалар билан кетиши учун пухта ҳозирлик кўришимиз керак. Хўш, айтилган мавзулар ­бўйича кимда қандай фикрлар ва кўтарилиш лозим бўлган муаммолар бор?
Тарғилой шундай дея ҳаммага зимдан бир қур назар солиб чиқди.
– Тўғрисини айтсам, туғилганимдан буён менинг эгам бирор марта қўлига газета, журнал ёки китоб олиб ўқиганини кўрмагандим, – дея биринчи бўлиб гап бошлади жайдари сигир. – Кеча эса у бозордан қайтгач, қўлидаги сут солинадиган бидон идиш­ларни жойига қўяр-қўймас, овоз чиқариб газета ўқий бош­лади. Газетада самарқандлик Омонбой акага тегишли ҳўкизнинг дардлари ёзилган экан. Тўғриси, унинг ҳасратларини эшитиб, кўзларимдан ёш тирқираб кетди. Шундай экан, бугунги гурунгимизда ҳам бир маъни-маъно бўлиши керак. Масалан, сўнгги вақтларда казо-казоларнинг қоғозда қайд этишларича, биз омихта емни кўп еяётган эмишмиз. Ваҳоланки, кейинги тўрт-беш ой давомида оғзимиз кунжаранинг урвоғига ҳам тегмади. Давомини суриштирсангиз, ҳудудимизда бунақа ем сотадиган дўкон ёки омборхонанинг ўзи йўқ! Тўғрими? «Сен қаёқдан биласан?» дейдиганларга олдиндан айтиб қўяй: мен бу маълумотни кеча эгам хотинига айтган гапидан билиб олдим. Бизга кунжара келтириш учун 100-120 чақирим йўлни босиб ўтиши керак эмиш. Ҳар килограмм емни тиллонинг нархида сотиб олаётганмиш. Тўғриси, бу гапларни эшитиб, эгам бечорага ачиниб кетдим.
– Мў-ў-ў… Нимасини айтасиз? – дея суҳбатга қўшилди узунбулоқлик Говмиш. – Менинг эгам ҳам иш тополмай қийналиб юрибди. Рўзғорини биздан соғиб олинадиган ярим-бир челак сутни сотиб тебратади. Бир гал унинг қўшни хотин билан суҳбати қулоғимга чалиниб қолди. «Ҳар куни қиш­лоғимиз бўйича 700-800 литр сут соғиб олинади, бироқ уни қайта ишлайдиган корхона йўқ, – деди у астойдил куюниб. – Шунинг учун бозорга обориб, арзимаган пулга сотишга мажбурмиз. Билмадим, бу кетишда қачон орзу­миз ушалар экан?..». Бунисиям майли, аммо сўнгги пайтларда еб-ичишимнинг тайини бўлмаганидан сутим камайиб кетди. Бундан ранжиган эгам бултурги бузоғимни бозорга чиқариб сотди. Унинг пулига пресслаб тайёрланган ва ҳар биттасининг нархи 30 минг сўм бўлган эллик той сомон олиб келди. Уларни кузга етмай еб тугатишим аниқ. Шунинг учун эгам ҳар сафар бир тутам-бир тутамдан беради. Шунда беихтиёр кўзимга ёш келади. Яна денг, ўша пичандан бузоққинамнинг ҳиди келади. Аммо нима қилай, менга ҳам, эгамга ҳам осон эмас…
– М-ма-а-а… Мен ҳам гапирсам майлими? – дея ингичка овозда изн сўради Така.
– И-я, бу қанақаси? – ҳайратга тушди Тарғилой. – Йиғилишда нега майда шохлилар қатнашяпти?
– Кечирасиз, – унинг гапини оғзидан олди Така. – Ахир, йирик шохлими, майда шохлими, қатъи назар, барчамиз чорва моллари ҳисобланамиз-ку!
Тарғилойнинг жаҳли чиққанини кўрган мажлис аҳли аввалига Така сўзга чиқишига қаршилик қилишди. Сўнг­­ра ўзаро кенгашиб, мажлисда бўлган ­гапларни ташқарига чиқармаслиги учун унга ҳайвонлар қасамини ичиришди.
– Сўз бераман, – деди Така тантанавор оҳангда. – Агар бу ердаги гапларни дўстларимга айтсам, ўша заҳотиёқ қассобнинг пичоғига гирифтор бўлай.
Қасамёддан кейин йиғилиш аҳли унинг гапларини тинглашди.
– Ҳурматли ҳайвонлар! Азиз тўрт оёқлилар! – Така виқор билан мажлис аҳлига юзланди. – Бизким, майда шохлиларнинг ҳозирги асосий муаммоси яйлов масаласидир. Хўш, бўз ерларни бузиб, яйловларни йўқ қилаётганларга ким чора кўради? Катта Қўчқорга бу ҳақда айт­сак, «Хўп бўлади», «Бажарамиз»дан нарига ўтмайди. Яқинда бизнинг эгамиз бир фермернинг ангарига кириш учун 5 та серка ва 5 та қўзичоқ ҳадя этди. Бу муаммони ечиш учун отаримизнинг олди саналган Тўқливойни ҳам қозонкабоб қилишди. Ахир, бу қандай бедодлик?
– Бундан сал олдин хориждан келтирилган дўстларимизнинг ҳаёт тарзи билан танишиш ниятида Зомин туманига бордик, – дея мулоқотга қўшилди ўдамаликлик Қизилоқбош. – Ана яшашу мана яшаш! Оғилхоналар саранжом-саришта, ётиб-туриш учун зарур барча шароитлар муҳайё. Ёзда ҳаво исиб кетса, тепадан муздек ҳаво юборилар экан. Егани олдида, емагани ортида. Берилаётган озуқа рационида беда, сенаж, силос ва яна мен номини билмайдиган бир қанча ем-хашак­лар бор. Турли ўсимликлар ва ўт-ўланларни ёмғирлатиб суғоришяпти. Томоғим бир тақиллади, бир тақиллади. Аммо бирорта ҳам хорижлик мол «Меҳмон, бизнинг емишлардан ҳам татиб кўринг», демади.
Энди холисона айтинг-чи, бизнинг айбимиз жайдари бўлганимизми? Бизнинг лалми ерларда ҳам томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўйиш мумкин эмасми? У майдонларга нуқул лалми ғалла экасан, дейишади. Ҳолбуки, олинадиган ҳосил сарфланган харажатни қоп­ламайди. Бобомнинг айтишича, бир замонлар алмашлаб экишда жуда кўп асқатадиган беда деган ўсимлик ҳам бўлган экан. Ҳозир бийдай далада кўкариб турган янтоқ билан тахир-аччиқ какра ўсимлигини кўзимизга суртиб еяпмиз. Бундай ачинарли аҳволни юқоридагиларга етказадиганлар топиладими?
– Энг ажабланарлиси, Ойноқулнинг Танноз ғунажини Тозабулоқдаги яйловимизни қисқартириш эвазига хориждан келтирилган наслли буқага участка қилиб бераётганмиш. Шундан хабарларинг борми? – дея гапни келган ­жойидан илиб кетди сигирларнинг энг ғийбатчиси Қўнғирой. – Кеча ундан нега бундай қилаётганини сўрасам, «Дунёга бир марта келамиз, яхши яшаш пайида бўлиш керак!», деди. Бу гапдан ер ёрилмади-ю, мен кириб кетмадим.
– Муҳтарам йиғилиш иштирокчилари! – деди мажлисни бошқараётган Тарғилой. – Навбатдаги масала ўта жиддий, яъни келгуси насл­ларимизга боғлиқ. Орамизда селекционер Олабуқа жаноблари ҳам бор. У жамики буқалар номидан қатнашяпти. Таннозхонга ўхшаганлар чет эллик буқаларга кўз сузмаслиги учун ҳозир нималар қиляпсизлар? Марҳамат, сўз сизга!
Аммо негадир Олабуқа бошини хам қилиб тураверди. Орага оғир жимлик чўкди.
– Олабуқа жаноблари, ҳисоботга тайёрмисиз? – Тарғилой қатъий оҳангда сўради.
Олабуқа яна бир оз сукут сақлагач, зўр-базўр тилга кирди:
– Кечирасизлар, яқинда таннозхонлар билан очиқ мулоқот ўтказдик. Шу асно бизнинг айбимиз билан наслимиз йил сайин майдалашиб кетаётгани рўй-рост эътироф этилди. Келгусида наслимизни яхшилаш борасидаги ишларимизни янада ривожлантиришга аҳд қилдик. Эгаларимиз ҳам қараб туришгани йўқ. Улар келажакда соғлом буқа ва ғунажинлар етиштириш учун хориждан уруғлар олиб келишяпти…
Қисқаси, сигирлар анжумани ҳар томонлама танқидий ва таҳлилий руҳда ўтди. Кўплаб муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ўз бурчига масъулиятсизлик билан ёндашгани учун Олабуқага «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди. Зотли оға бошчилигида келадиган комиссияни кутиб олиш бўйича вазифалар ­масъулларга тақсимланди.
…Мана, комиссия келиб кетганига ҳам уч ой бўлди. Аммо сигирларнинг аҳволи тобора ёмонлашмоқда. Йиғилишда ­куйиб-пишиб айтилган гаплар эса одатдагидек қоғозда қолиб кетди. Узунқулоқ гапларга қараганда, Зотли оғанинг оғзини ёпиш учун унинг оғилхонасига иккита трактор тиркамасида кўм-кўк беда, 1 тонна кунжара юборилган эмиш. Яна билмадик, балки бу миш-миш гаплардир…

Муқим ТОҒА