Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?..

2526

Яқинда бир гуруҳ мутахассислар ва ҳамкасбларимиз билан Жанубий Устюртга саёҳат уюштирдик. Бундан кўзланган мақсад йўл-йўлакай учраган жайрон ва қулонларни суратга ва виде­о­тасвирга тушириш эди.

Ўзимизча, бу жараён анча қийин кечади, деб ўйлаган эдик. Кейин билсак, янглишган эканмиз. Саҳро бўйлаб ҳаракатланаётганимизда бир-бир ярим чақиримча нарида қочиб бораётган жайронлар тўдаси кўзга ташланар, дафъатан ундан 7-8 бош шохли эркак жайронлар ажралиб чиқарди-да, тўғри биз томонга қараб югура бошларди. Сал ҳушёр бўлмасак, машинамиз ғилдираклари остида қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас эди.
– Табиий инстинктига кўра, жайронлар из кесади. Шу тариқа гоҳида ўзини ўлимга маҳкум этса-да, тўдадош­ларини омон сақлаб қолади, – де­ди саҳро ҳайвонлари сирларини биладиганлардан бири.
Эсимда… «Сайгачий» қўриқхонаси нозири Байрам Утеулиев ҳам менга шунга ўхшаш воқеани сўзлаб берганди:
– Устюртдаги муайян ҳудуд бўйлаб навбатдаги рейдга чиққандик. Бирмунча ичкарилаганимиздан сўнг сайғоқларнинг кичикроқ тўдаси бизни кўра солиб, қоча бош­лади. Нечталигини аниқлаш ва тас­вирга олиш учун изларидан боравердик. Кўп ўтмай, тўдадан бир така ажраб чиқиб, оқсоқланганча ортда қола бошлади. Биз унга бирон кор-ҳол бўлганмикан, деган хавотирда машинадан тушиб, атрофини ўраб олдик. Ушлагач, оёқларини текшириб кўрдик: бирортаси лат емаганди. Кўзларида эса қўрқув аралаш илтижо балқиб турарди. У «Хоҳласангиз, мени ўлдиринг, фақат тўдага тегманг!», деяётгандек эди. Сайғоқнинг соппа-соғ эканига амин бўлгач, қўйиб юбордик. У бироз оқсоқланиб юргандай бўлди-да, кейин биздан анча узоқлашган тўда томон дадил чопа кетди.
– Жайронлар саҳрода 70-80 километр тезликда югурганида, унча-мунча техника уларга етолмайди. Лекин браконьерлар «Урал» мотоцикллар қув-қув қилиб бу жониворларга қирғин келтиришяпти, – дейди бизга етакчилик қилаётган Саламат Ажибаев.
Кўп йиллик тажрибага эга инс­пекторларнинг айтишларича, одамларнинг бешафқатлиги туфайли ­кейинги пайтларда жайрон ва сайғоқлар ўта ҳуркак бўлиб қолишган. Уларда инсонга нисбатан ашаддий душман ­инстинкти шаклланган. Ҳолбуки, ўтган асрнинг 80-йилларига қадар сайғоқлар Устюртдан пастга иниб, ­қишлоқларга кириб келгани тез-тез кузатилган. Кўп бўлгани учун уларни қонуний овлашга рухсат ҳам берилган. Лекин браконьерлар ёвузларча иш тутиб, сайғоқлар тўдасини ҳатто пулемётлардан ўққа тутишган.
Устюртда ҳозир ҳам бу жониворларнинг шохлари кесиб олинган бош суякларини, бўш патронларни, ваҳшийларча амалга оширилган овнинг бошқа асоратларини учратиш мумкин. Чунки бундан 40-50 йилча бурун сайғоқлар гўшти дўконларда арзон баҳоларда сотилган. Ўшанда бераҳм овчилар учун бу ҳайвоннинг гўшти эмас, шохи мўмай даромад манбаи саналган.
Ғараз ниятли кимсалар овга «Урал» русумли мотоциклларда чиқишган. Унинг икки ёнбошига узунлиги 1-1,5 метр келадиган, учида ўткир тиғли пичоғи бор темир ўрнатишган. Мотоцикл тўда орасига кирганида икки тарафидаги сайғоқлар танасини тилиб кетаверган. Қаттиқ жароҳатланиб, чалажон ҳолда йиқилганларининг шохлари кесиб олинган.
Бундай даҳшатли овлар, минг афсуски, ҳозирги пайтда ҳам тўхтамаяпти. Биз бунга бепоён ва кимсасиз саҳроларда мотоциклларнинг ­кўплаб изларини кўрганимизда яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Аён бўлишича, наботот ва ҳайвонот кушандалари тунда прожекторлар билан овга чиқишар экан. Кучли нурдан кийикнинг кўзи қамашиб, унга қараганча қотиб қолар экан. Шу орада муғомбир овчи секин унга яқинлашиб, пичоқ билан тинчитиб қўя қолар экан.
Орол денгизининг қоқ марказидаги Возрождение ороли 1940-1990 йилларда дунёдаги энг махфий ҳудудлардан бири сифатида эътироф этилган. Унинг бағрида ва устки ҳаво қатламида бактериологик қуроллар синовдан ўтказилган. Бундай вақтларда Орол атрофида, айниқса, жанубий қисмида юриш жуда хавфли бўлган. Тажриба чоғида чор-атрофни яшил тусли туман босган. Унинг касофати ўлароқ, биргина 1988 йил май ойида оролга яқин чўлда 50 мингта сайғоқ бир соат ичида нобуд бўлган.
Тўрт ярим йил ичида Устюртдаги полигонда бир неча бор бўлган ҳарбий хизматчи Виктор Абрамов chitalnaya.ru сайтига ўз мемуарларини жойлаштирган. «Нукус. Сайгаки» қиссасида бу ҳудудда кўрган-билганларини баён этган.
– Кимёвий қурол вазифасини ўтовчи заҳар самолётда сочиларди, – деб эслайди у. – Шунда осмонда камалакли ажиб булутлар ҳосил бўлар, лекин улар тирик жон учун хавфли саналарди. Кун совуганда амалиётни дарҳол тўхтатардик. Акс ҳолда, шимолдан келадиган минг­лаб сайғоқлар заҳардан қирилиб кетарди. Бир сафар совуқ эрта тушиб, сайғоқлар пайдо бўлганида ҳали полигон майдонидан заҳар аримаганди. Оқибатда юзлаб сайғоқлар нобуд бўлди. Уларни зонадан ташқарида ўра қазиб, кўмиб ташлашдан ўзга чорамиз қолмади…
Юртимизда ноёб жониворлар муҳофазасига доир муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, 2016 йили Ўзбекис­тон «Қизил китоби»га ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқининг «Қизил рўйхати»га киритилган, ҳозирги кунда йўқолиб кетиш хавфи остида қолган сайғоқ ва бошқа ҳайвонларни, шунингдек, ўсимликларни асраб қолиш ниятида «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ташкил этилди. Унинг муҳофаза этиладиган ерлари Устюрт текисликларида жойлашган. Жами майдони 628300 гектар. Шундан қўриқланадиган зона ҳудуди 239300 гектарга тенг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги қарорига биноан, Қўнғирот тумани ҳудудида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида умумий майдони 1447143 гектарлик «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи барпо этилган.
Албатта, бу янглиғ саъй-ҳаракатлар дастлабки натижаларини бера бошлади. Анчадан буён юртимиз саҳроларида кўринмай қолган сайғоқлар яна пайдо бўлди, жайронлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Ўз навбатида, уларни муҳофаза қилиш ишлари янада кучайтирилмоқда.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»