«Аёллар дафтари»:Иккинчи босқичнинг муҳим вазифалари

1148

Президентимиз ўз чиқишларидан бирида «Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади», деган эди. Ҳа, Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев ўтган йили 8 октябрда ва жорий йил 26 февралда ўтказилган видеоселектор йиғилишларида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйи­­ча долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Унга кўра, хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, улар юртимиз аёлларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва шароитини ўрганишди. Натижада «Аёллар дафтари»га 430 275 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз киритилиб, бугунги кунда уларнинг барчасига у ёки бу жиҳатдан ёрдам берилиб, муаммолари ҳал этилишига кўмаклашилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ана шу йўналишдаги ишларнинг биринчи босқичи якунларига ва навбатдаги иккинчи босқичда амалга оширилиши кутилаётган ишларнинг режасига бағишланган Рес­публика комиссиясининг кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Федерация раиси ­Қудратилла Рафиқов олиб борди.
Қайд этилганидек, жорий йил ­1 июлдан бошлаб «Аёллар дафтари» билан ишлаш тизимининг иккинчи босқичи – хотин-қизлар муаммоларини «хонадонбай» ўрганиш ишлари бошланди. Ушбу чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 14 нафар раҳбар ходими, шунингдек, ҳар бир туман (шаҳар)га 2 нафардан (жами 412 нафар) касаба уюшмалари ва Маҳалла вазирлиги ходимлари ­бириктирилди. Маҳаллаларда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни умумлаштириш ва таҳлил қилиб бориш учун «сектор – туман – вилоят – республика» даражасида 1045 та штаб ташкил этилди. 9 251 та маҳалланинг ҳар бирига давлат ва жамоат ташкилотларининг 8 нафар (жами 74 мингдан зиёд) ходимдан иборат бўлган ишчи гуруҳлар тузилди.
Мазкур ишчи гуруҳлар жорий йил 1-15 июль кунлари маҳаллалардаги ҳар бир хонадонга кириб, 30 ёшдан юқори бўлган 6 миллион 294 минг 201 нафар хотин-қиз, яъни 30 ёшдан юқори бўлган аёлларнинг 90,5 фоизи билан мулоқотлар уюштирди. Ўрганишлар жараёнида ўтган 6 ой давомида 30 ёшга кирган 177 923 нафар, шу жумладан, «Ёшлар дафтари» рўйхатидан чиқарилган 26322 нафар хотин-қизга алоҳида эътибор қаратилди. Мулоқотлар натижаларига кўра, 15-30 июль кунлари секторлар раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари томонидан 450970 нафар «Аёллар дафтари»га киритиладиган эҳтиёжманд хотин-қизнинг рўйхати ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган «Йўл хариталари» халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига киритилиб, сессияларда тасдиқланди. Ўрганишлар ва суҳбатлар давомида «Аёллар дафтари» билан ишлаш тизимининг иккинчи босқичида рўйхатга киритилган хотин-қизларнинг тоифалари шакллантирилди.
Видеоселекторда Қудратилла ­Рафиқов ҳар бир йўналишдаги ишларга масъул ташкилотларнинг вазифаларига алоҳида урғу бериб, ­масъулларни бир ҳафта мобайнида аниқ режа тузиб олишга чақирди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш «Аёллар дафтари»га киритилган 144 244 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш комиссия аъзолари зиммаларига юклатилди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг ­доимий равишда оиласига даромад келиб туришини таъминлаш мақсадида, уларни уч ойлик жамоат ишларига жалб қилиб, дафтардан чиқариш ҳолатларига йўл қўймаслик талаб этилди.
Уч кун муддатда ҳокимларнинг иқтисодиёт ва маҳалла бўйича ўринбосарларининг ҳар бирининг қўлида бандлик, томорқа, тадбиркорлик, кредитлар ажратиш каби йўналишларда дафтарга киритилган ҳар бир хотин-қизнинг банд­лигини таъминлаш бўйича манзилли режа бўлиши шартлиги, унда дафтардаги ҳар бир хотин-қизнинг қандай йўл билан банд­лиги таъминланиши, қачон таъминланиши ва унга ким масъуллиги аниқ кўрсатилиши кераклиги уқтирилди.
Шундан сўнг, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган жами 90 851 нафар хотин-қизни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тураржой ижара компенсациясини тўлаш каби ишларни ташкил этиш масаласида кўрилиб, унга масъуллар белгиланди.
Тиббий психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар, ногиронлик белгилари аниқланган, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож опа-сингилларимиз билан амалга ошириладиган ишлар кўриб чиқилиб, масъулларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Кун тартибидан яна бир муҳим масала – «Меҳрибонлик уйлари», Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйларида тарбияланаётган қизларга ғамхўрлик қилиш ўрин олган эди. Бу борада сўз юритилар экан, жорий йил 28 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз «Меҳрибонлик уйлари» ва Болалар шаҳарчаларида тарбияланаётган қизларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истак­ларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ­бўйича масъуллар олдига бир қатор вазифаларни белгилаб бергани алоҳида қайд этилди. Видеоселекторда ана шу масаланинг ижроси ва Президент ташаббуси билан ташкил этилиши кутилаётган янги тизим – «Меҳр дафтари» ҳақида сўз кетди.
– Аминманки, бу тизим ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илк маротаба жорий этилган «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» каби жаҳоннинг бирор-бир давлатида учрамайдиган ўхшаши йўқ ноёб тизим сифатида ўз самарасини беради, – деди Қудратилла Рафиқов.
Шундан сўнг Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев «Меҳрибонлик уйлари»нинг Миллий гвардия тизимига ўтказилиши юзасидан ва қисқа давр ичида болалар шаҳарчаларини ўрганиш хулосалари ва ундан келиб чиқиб тузилаётган режалар ҳақида гапирди. Жиззах, Сирдарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги «Меҳрибонлик уйлари» ва Болалар шаҳарчалари мудиралари ушбу янги ташаббус бўйича ўз ­фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Йиғилиш якунида Президент мас­лаҳат­чисининг ўринбосари Олим Солиев иккинчи босқич «Аёллар дафтари» режалари юзасидан ўз хулосалари ва таклифларини баён этиб, барча ишчи гуруҳ аъзоларининг келгуси фаолиятига омадлар тилади.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»