Қонунчилик палатаси Спикери Эрон Ислом Республикасининг янги сайланган Президенти билан учрашди

655

Теҳрон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Эрон Ислом Республикасининг янги сайланган Президенти Иброҳим Раисий билан учрашди.

Унда Эрон давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан унинг сайловлардаги ғалабаси муносабати билан йўллаган самимий табриги учун ўз миннатдорлигини билдирди. Учрашув чоғида бундай юксак эътибор ва эътироф давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичда давом эттириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Мулоқотларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кўп томонлама алоқаларни изчил ривожлантириш, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳалар қатори парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

И.Раисийнинг таъкидлашича, Эрон расмий доиралари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган минтақа давлатлари билан ўзаро ҳурмат, дўстлик ва биродарлик тамойилларига асосланган яқин қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, Эрон Президенти Тошкент ва Теҳрон ўртасида йўлга қўйилган халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик алоқаларига ижобий баҳо берди.

И.Раисий фикрига кўра, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида парламент ролини ниҳоятда кучайтирди. Келгусида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар муҳим ўрин тутади.

Самимий мулоқот чоғида Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорликни томонларнинг мавжуд салоҳияти даражасига олиб чиқиш, бу борада, айниқса, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга доир масалаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.