Нақд хорижий валюталарни ноқонуний олиб чиқишга бўлган уринишларга ўз вақтида чек қўйилди

564

Турли найрангларни қўллаган ҳолда юртимиздан нақд хорижий валюталарни ноқонуний тарзда олиб чиқишга бўлган уринишларга қарши божхона органлари томонидан тизимли тарзда кураш олиб борилмоқда.

Хусусан, Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижга учиб кетаётган йўловчининг қўл юклари ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, ушбу шахснинг юклари орасида декларацияда кўрсатилмаган ва божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, олиб чиқиш меъёридаги нақд хорижий валютадан ташқари 19 430 АҚШ доллари борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда ДБҚ матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, яна 5 та ҳолатда хорижий мамлакатга учиб кетмоқчи бўлган фуқаро Ю.М., Х.С., К.Г., И.Р. ва А.Г.ларнинг қўл юклари кўздан кечирилганида, юклар орасида декларацияда кўрсатилмаган ҳамда олиб чиқиш меъёридаги нақд хорижий валютадан ташқари умумий 16 400 АҚШ доллари борлиги аниқланган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.