“Flynas” авиакомпанияси Тошкентга биринчи авиапарвозни амалга оширди

786

Жорий йилда Туризм ва спорт вазирлиги томонидан Саудия Арабистони Қироллигининг “Flynas” авиакомпанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилган эди. Ўшанда «Ар-Риёд — Тошкент — Ар–Риёд» авиарейсларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилганди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 5 август куни (Тошкент вақти билан соат 12.30 да, HY-359 рейси орқали) Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳридан “Flynas” авиакомпанияси томонидан Тошкент шаҳрига биринчи авиапарвоз амалга оширилади.

А320NEO самолёти Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга қўнди. Ҳаммаси бўлиб, бортда 18 йўловчи бўлган, улар орасида RUH ва “Flynas Management» вакиллари бор.

Биринчи рейс Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги ходимлари ва ОАВ вакиллари томонидан қарши олинди.

“Flynas” парвозлари мунтазамлигини ҳисобга олиб, сайёҳлар оқимини кўпайтирилади, Ўзбекистоннинг йирик туристик компания ва агентликлари вакилларини Саудия Арабистонига юборилади.

Бундан ташқари, у ерда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилади. Мазкур рейс, икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизга Саудия Арабистони Қироллигидан ташриф буюрувчи туристларнинг сонини ошишига ўз ҳиссасини қўшади.

Маълумот учун: “Flynas” (илгари Nas Air) 2007 йилда ташкил топган. Flynas World Travel Awards томонидан кетма-кет беш йил ва Skytrax томонидан кетма-кет уч йил давомида Яқин Шарқнинг арзон нархлардаги етакчи авиакомпанияси деб топилган.

Ушбу компания энг йирик бюджет авиакомпаниялардан бири хисобланади. 17 та маҳаллий ва 53 та халқаро йўналишлар бўйича мунтазам рейсларни амалга оширади ҳамда 27 та самолёт паркига эга.