Муҳандис олим — 70 ёшда!

64

Суннатулла Сулаймонов 1951 йил 20 июлда Тошкент вилоятидаги зиёли оилалардан бирида туғилди.Ўша вақтлари отаси Сулаймон ака Бўка туманидаги жамоа хўжалигининг раҳбарларидан бири бўлиб, у киши барча фарзандларини илмли, зиёли инсонлар бўлишга чорларди. Отасининг ўгитларини қулоғига қуйиб улғайган Сунатилла ака ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригация ва мелиорациялаш институтига ўқишга келди. Мактабдаги билимлари унинг юзини, оиласи ва қариндош-уруғлари олдидаги ишончини ҳам оқлади. Имтиҳонларни аълога топшириб, талаба бўлди.

Сунатилла ака 1974 йилда институтни «Муҳандис–механик» мутахассислиги бўйича муваффақиятли тамомлаб, Тошкент вилоят мелиорация сув қурилиши механизациялашган колоннага (ССПТУ-15) механик лавозимига ишга юборилади. Ушбу корхонада 3 йил меҳнат қилиб, 1977 йилда яна Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригация ва мелиорациялаш институтига илмий изланиш ишларини олиб бориш учун қайтади. Институтда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, катта илмий ходим, сектор мудири, ассистент, доцент лавозимларда ишлайди.

1988 йилда илмга чанқоқ тадқиқотчи изланишни давом эттириш мақсадида Санкт-Петербург шаҳрига йўл олади. У ерда оиласи билан биргаликда 4 йил яшаб, ишлаб, ҳам илмий изланишларни олиб боради ва докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади.

1992 йилда олим Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригация ва мелиорациялашинститутига қайтиб келиб, доцент, профессор, кафедра мудири, институт ўқув сифатининг ички назорат инспекцияси бошлиғи лавозимларида ишлайди. 2003-2008 йилларда эса Тошкент авиация институтида, сўнг Тошкент Давлат Техника Университети, Тошкент давлат жисмоний тарбия институти, Тошкент темир йўл муҳандислари институти, 2020 йилдан то шу кунга қадар эса Тошкент давлат транспорт университетининг «Техносфера хавфсизлиги» кафедрасида профессор лавозимида ишлаб келмоқда.

Сунатилла Сулаймонов Шарқий Европа акустиклар ассоциациясининг доимий аъзоси, ТАСИС йўналиши бўйича бир нечта халқаро конференцияларнинг қатнашчиси, Хитой аграр университети, Янги Зеландия ва «КEЙС» (АҚШ) фирмаси уюштирган илмий анжуманлар қатнашчиси. Д.А. Кунаев (Казахстон Олмата шаҳри) номли тоғ ишлари институтининг диссертация кенгаши аъзоси. Домла бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Олий Аттестация Комиссияси аъзоси бўлиб хизмат қилган.

Олим томонидан 200 дан зиёд илмий-услубий ишлар чоп этилган бўлиб, уларнинг 150 таси илмий мақолалар, 20 дан ошиғи ўқув-услубий қўлланмалар, кўрсатмалар ва 30 таси патент ва ихтиролардир.

Ҳозирги кунда домла бошчилигида университетнинг «Техносфера хавфсизлиги» кафедраси докторанти Х.Камилов муддатидан илгари илмий ишини ҳимоя қилишга эришган бўлса, яна уч нафар кафедра профессор-ўқитувчилари у киши раҳбарлигида ўз илмий изланишларини давом эттирмоқда.

Сунатилла Сулаймонов бошчилигида кафедра Республикадаги олий ўқув юртлари ва ривожланган мамлакатлардаги нуфузли таълим даргоҳлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Машғулот ўтишда замонавий педагогик технологияларни ва ўқитишнинг техник воситаларини моҳирона қўллайди. Кафедрадаги ёш ўқитувчиларга эса ўз билим ва тажрибаларини беришдан эринмайди.

Бағрикенг инсон оилада уч фарзанднинг отаси, бир неча набираларнинг севимли бобоси. Биз Тошкент давлат транспорт университети раҳбарияти, бутун жамоа, талабалар ва шогирдлари биргаликда, улуғ Устозимизни табаррук 70 ёшлари билан қутлаймиз! Уларга узоқ умр, сиҳат саломатлик тилаймиз! Фахрий ва жонкуяр Устозимизнинг барча яхши истаклари рўёбга чиқиб, узоқ йиллар давомида университетимиз педагоглари сафида биргаликда ишлаш насиб этсин!

Ҳурмат билан
Тошкент давлат транспорт университети жамоаси ва шогирдлари.