«ЎҚИТУВЧИ МАМЛАКАТ КЕЛАЖАГИНИ БЕЛГИЛАЙДИГАН ШАХСДИР!»

790

Шерзод ШЕРМАТОВ,
Халқ таълими вазири:

Халқимиз азалдан ўқитувчини ҳурмат қилиб келган. Бунинг исботи сифатида «Устоз отангдек улуғ» деган нақлни тилга олиш кифоя. Аммо кейинги даврда бу обрўга путур етди. Очиғини айтганда, ўқитувчи жамиятдаги оддий касблардан бирига айланиб қолди. Таниқли қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг машҳур латифаси ҳам халқ дилидаги айни ва топиб айтилган гап эди.

Кейинги икки йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар, очиқлик ва шаффофлик механизмининг ишлай бошлаши натижасида камчиликларимиз тўлиқ бўй кўрсатди. Аниқроғи, олдин фақат дилимизда бўлган муаммолар тилимизга кўчди. Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори билан халқ таълими тизими ўзгаришлар сари юз бурди.
Хўш, бу ислоҳотлар қандай самара бермоқда, ўқитувчининг обрўси яна тикланадими? Умуман, ўқитувчининг мақоми қандай бўлиши керак? Унинг асосий омиллари нимада? Шу каби саволлар билан Халқ таълими вазири Шерзод ­ШЕРМАТОВга мурожаат қилдик.
– Дарҳақиқат, кейинги йилларда жамиятимизда ўқитувчиларнинг обрўси тушиб кетди. Бунинг сабаблари эса турлича. Асосий омил эса илмга бўлган талабда эди. Баъзан одамлардан «Ўқиб олим бўлармидинг?», «Олим бўлиб, нимага эришардинг?» деган гапларни эшитдик. Буни «Бозор иқтисодиёти» деган рўкач-у баҳоналар билан оқлашга ҳаракат қилдик. Аммо ­дунёнинг ривожланган ва айнан бозор иқтисодиётига асосланган давлатларида ҳамон ўқитувчининг нуфузи баландлигини ҳисобга олмадик. Натижада эса саводсизлик авж олди. Халқона таъбир билан айтганда, «алифни калтак ­дейдиганлар» мактабни тугатди, олий ўқув юртини битирди ва кейин эса фарзандларимиз улардан сабоқ ола бошлади. Бу жамиятга ҳам ўз таъсирини кўрсатди – ота-оналарнинг таълимга, ўқитувчига муносабати ўзгарди. «Ўқитувчинг ким-у, сен ким бўлардинг» қабилидаги гап-сўзлардан ўқувчи ҳам хулоса чиқарди: устозини ҳурмат қилмай қўйди.

Бу муаммонинг яна бир жиҳати шуки, ўқитувчиларнинг маоши кам эди. Улар ҳам инсон, бола-чақаси бор, (айниқса, эркак муаллимлар) оила тебратиши лозим. Кам маош туфайли улар бошқа фаолият билан шуғулланишга мажбур бўлди ёки хусусий мактаблар ва тайёрлов курсларига ишга ўтиб кетди. Улар орасида репетиторлик билан шуғулланаётганлари ҳам бор. Шу ўринда беихтиёр атоқли адиб Ўткир Ҳошимовнинг бир гапи ёдга келади: ­«… Ўқитувчи эртага мактабни ташласа-ю, «Ипподром»га чиқиб сигарет сотса, ҳайратланмай иложим йўқ!». Бу ҳаёт ташвиши.
Аччиқ бўлса ҳам, очиқ ҳақиқат: жамиятнинг ҳам ўқитувчига муносабати ўзгарган эди. «Ўқитувчими? Давлат пулига яшаяпти. Демак, давлатнинг хизматини қилиши шарт». Ягана, пахта терими, ободонлаштириш, маҳалла ҳисоботидан то ички ишларнинг рўйхатини тайёрлашгача… Қўйингки, барча ишлар ўқитувчи зиммасига тушди. Бундай шароитда у қандай қилиб обрўли бўлсин?..
Муҳтарам Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев бошчилигида халқ таълими соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар бош­ланди. Ўқитувчининг обрўсини ошириш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди. Бу йўналишда бажарган илк ишимиз ўқитувчиларнинг иш ҳақини ошириш бўлди. Халқ таълими соҳасида беш юз минг нафардан зиёд киши ишлайди. Ойлик миқдори озроқ ошса ҳам қанча ­маблағ бўлишини тасаввур қилаверинг. Шу боис бу масалани Молия вазирлиги билан кўп муҳокама қилдик. Кейинги йилга маош учун қўшимча 2,78 триллион сўм маблағ керак бўляпти. Уни топиш, бюджетни йўналтиришда шу жиҳатлар ҳам эътиборга олиниши керак. Шу сабаб бу жараён босқичма-босқич амалга ошириб борилади.
Таълим тизимидаги ўзгаришлар учун вақт керак. Ойликлар, албатта, ошиб боради, бу эса соҳада танлов ва талабнинг даражаси ҳам юксалишига муҳим омил бўлади. Шу билан бирга ўқитувчиларга яқин вақт ичида имтиёзли ипотека, истеъмол ва автокредитлар олиш имконияти яратилади.
Вазирлик томонидан ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш ва уларнинг ишлаш шароитларини яхшилаш учун чора-тадбирлар кўриш изчил давом эттирилади. Шу ўринда барча юртдошларимиз, ташкилотлар ва тадбиркорлардан бу жараёнга ўз ҳиссаларини қўшишини сўраган бўлар эдим.

– Халқимизнинг асрлар давомида сайқалланган ҳикматли удуми бор эди. Ота-боболаримиз фарзандини устоз ҳузурига олиб борганда «Эти сизники, суяги бизники» деган. Ўқитувчилар шогирдининг кўксидаги кибр­­ни ўлдириш учун қандай амалларни қўллаганини кўпчилигимиз ўқиганмиз. Бугун-чи? Баъзан фарзандига бурнидан сал юқори гапириб юборгани учун ўқитувчини ер билан битта қилиб кетаётган ота-оналарни ҳам эшитяпмиз. Бу даражага тушиб қолишимизнинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

– Умуман олганда, нафақат ўқитувчига, балки бир-биримизга ҳурматимиз ҳақидаги оғриқли гап бу. Оддий мисол: кўчада машинада ёки жамоатчилик транспортида овозингиз бироз баланд­лаб кетса ҳам қанча дашном эшитасиз. Мактабда ҳам шу аҳвол. Ўқувчининг бурнидан ошиқ гапириб қўйсангиз (уришиш-у уриш ҳақида гап кетмаяпти) ота-оналар ўқитувчининг бошида ёнғоқ чақишади. Ёки баъзи ота-оналар фарзандининг ўқишидан хабар олмайди, қандай таълим олаётганига қизиқмайди. Улар учун бола ярим кунини мактабда ўтказса бўлди. Бу яна шуни кўрсатадики, ўқиш ва тарбия келажагимизни белгилашини умуман унутиб қўйдик. Ўқитувчи қаттиқ гапирса, бу тарбия учунлигини англаб етма­япмиз. Яна кўп ҳолларда тарбиясизлик учун (билим учун эмас, чунки кўча-кўйда билим ярқ этиб кўзга ташланмайди-да) мактабни айбдор қилиб қўймоқдамиз.
Бу масаланинг яна бир жиҳати ўқитувчининг ўзига бориб тақалади. Яъни касбга виждон билан ёндашмаслигида. Қачонки, ўқитувчининг ўзи ўрнак бўлмас экан, таълим ҳам мукаммал бўлмайди.

– Яқинда ҳурмат-эътиборга эга бўлган кекса педагогларнинг тажрибасидан унумли фойдаланиш, уларнинг жамиятда янада фаолроқ бўлишини таъминлаш мақсадида пенсиядаги ўқитувчиларнинг маошлари 2009 йилнинг 1 январидан бошлаб тўлиқ сақланиб қолиниши белгиланди. Бу амалиётнинг самараси қандай бўлади?

– Тан олиш керакки, кейинги йилларда тизимда ўқитувчилар етишмаяпти. Кўп одамлар ўқитувчи бўлишни ва болаларга таълим беришни истамаяпти. Бунга қайд этилган омиллар сабабчи. Бу ҳолатни бироз ўнглаш учун биз тайёр мутахассислар салоҳиятидан фойдаланишимиз керак. Бизда ёши улуғ мутахассислар бор. Уларнинг баъзилари ёш авлодга билим беришга тайёр. Уларга шароит яратиб бериб, малакали ўқитувчилар етишмовчилиги масаласини бироз бўлса ҳам ҳал этамиз. Шу билан бирга, малакали мутахассислар ўз тажрибаларини ёш ўқитувчилар билан ўртоқлашади. Бу эса энди иш бошлаган ўқитувчилар малакасини оширишга кўмак беради.

– Умуман, тизимда янгиликлар кўп. Таълим тизимида хорижнинг қандай илғор ­тажрибалари амалиётга киритилмоқда? Улар нималари билан бизга хос ва мос?

– Янги ўқув йилидан бошлаб, кўп­лаб янгиликларни жорий этиш босқичма-босқич бошланди. Биринчи навбатда, замонавий ахборот технологияларини бошқарувга жорий этишга эътибор қаратилади. Мактаб­ларда қоғозбозлик, бюрократияни камайтириш учун электрон журнал тартибини жорий этиш режалаштирилган. Яъни, қоғоз шаклидаги кундалик ва синф журналларидан воз кечилади. Ўқитувчиларнинг ҳисоботи асосан давомат ва ўзлаштиришга боғлиқ. Мана шу омиллар туфайли жуда кўп ортиқча даҳмазалар келиб чиқади. Ҳисоботлар шу пайтгача асосан қўлда ёзилмоқда. Бу борада электрон тизим жорий этилса, ўқитувчи учун ҳам осон бўлади, ҳам қоғозбозликдан қутулади. Ота-оналар эса фарзандининг қандай ўқиётгани, олаётган баҳолари, қайси фанларни яхши ўқияпти-ю, қайсиларида қолиб кетаяпти, ўзлаштириш бўйича синфида ёки мактабида нечанчи ўринда турганини интернетда кузатиб бориш имконига эга бўлади. Албатта, бунинг учун тегишли шароит бўлиши керак. Ҳозирда қайси мактабларда шароит бўлса, янги ўқув йилидан шу тизимга ўтилади. Қолганларида ҳам бу ўзгаришлар босқичма-босқич амалга оширилади.
Илғор хорижий давлатларнинг таълим тизимидаги ижобий жиҳатларига келсак, аввало, ўқитувчига бўлган эътиборни, ҳурматни юксалтириш зарур. Бу борада ривож­ланган давлатларнинг тажрибасини олайлик. Бу Ғарб ёки Шарқ давлати бўлишидан қатъи назар, ўқитувчи ва таълимга эътибор берган бўлса, демакки, ривожланиш бўлган, тараққиёт бўлган. Ўқитувчига ҳурмат бўлмас экан, мамлакатда тараққиёт бўлмайди. Буни тушунган давлатларда иқтисодий танг аҳволда ҳам таълимга эътибор қаратилган.

– Мактабни «Олтин медал» билан тугатиш, фан олимпиадалари, умуман, «Билимга имтиёз керакми?» деган фикрга муносабатингиз қандай? Шу маънода ўқувчиларни рағбатлантиришнинг бошқа усуллари йўқми?

– Билимга имтиёз керак эмас, деб ўйлайман. Рағбатлантириш эса, албатта, керак. Менинг фикримча, турли фан олимпиада ғолиб­лари ва медаль соҳибларига имтиёз бериш керак эмас, балки рағбатлантириш зарур. Таълимдаги имтиёзлар коррупцияга олиб келади. Мисол учун айтадиган бўлсак, олимпиадада ­ғолиб бўлиш учун билим керак, билимли бола ўз билими билан университетга кира олмайдими? Шу саволни «олтин» медаль соҳибларига ҳам қўллаш мумкин. Шунинг учун уларга университетга киришга ортиқча имтиёз берилмайди. Биз уларни қандай рағбатлантиришни ўйлашимиз керак. Яъни ўқувчи билим олса, юқори натижаларга эриша олиши мумкинлигига ишониши лозим.

– Яна ўша дарсликлар ҳақида оғриқли саволга дуч келмоқдамиз. Нега бу жаб­ҳада мукаммаллик йўқ? Ота-оналар ҳамда кўплаб педагогларнинг норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатларнинг асл сабаблари нимада?

– Мактаб дарсликларининг сифати ҳам асосий муаммоларимиздан бири. Энг оғриқлиси – дарсликлар билан таъминлашдаги режалаштириш. Масалан, ушбу ўқув йилида қанча бола мактабга боради, улардан қанчаси ўзбек, қанчаси бошқа тилда ўқитиладиган мактаб­ларга? Мана шу оддий статистик маълумотнинг йил бошидагиси билан сентябрь ойидагиси бир-бирига тўғри келмайди.
Иккинчи муаммо шуки, мактаб дарсликларини тайёрлашга йил бошида киришилиб, сентябрь ойигача етказиб беришга ҳаракат қилинган. Энди фараз қилинг: бу қисқа муддатда қандай қилиб сифатли дарс­лик тайёрлаш мумкин? Аслида, мактаб дарслигини яратиш анча вақт талаб этадиган жараён.
Мактаб дарслигини ўзгартиришдан аввал таълим стандартини ўзгартириш керак. Таълим стандартимиз кўпроқ эски замон талаби асосида ишлаб чиқилган. Айни пайтда дунё стандартларига мос дарслик­ларни яратиш устида иш бошланган. Бу борада ­ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда экспертлар гуруҳи ташкил этилган. Гуруҳ янги таълим стандарти ва янги дарсликларга қандай ёндашув бўлиши лозимлиги бўйича фаолият юритмоқда. Қисқача айтганда, 2030 йилгача Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш мақсад қилинган.
Бу борада амалдаги таълим стандартимизни танқидий таҳлил қилиш, чет элларнинг илғор таълим дастурларини ўрганиш ва шу асосида миллий таълим стандартимизни ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Жумладан, АҚШ, Япония, Сингапур, Корея ва Европа давлатларининг таълим соҳасидаги ютуқларини ўрганишга, уларнинг бизга мос жиҳатларини жорий этиш режалаштирилмоқда.

– Сиз бир суҳбатда (тўғрироғи, «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюингизда) ҳозирги таълим методи эскиргани, ёдлатиш тизимини замон талаб этмаётганини, балки ўқувчини фақат фикр­лашга жалб этиш кераклигини таъкид­лаган эдингиз. Бу фикрни, очиғи, кўпчилик қабул эта олмади. Негаки, инсон фикр­лаши учун мияда нимадир, аниқроғи, билим бўлиши керак. Балки, уни яхши англаб етмагандирмиз. Шу сабаб ўша фикрларга батафсил тўхтаб ўтсангиз?

– Бизнинг асосий мақсадимиз – ўқувчиларнинг билимли ва фикрлаш доираси кенг бўлишини таъминлаш. Уларнинг маълумотларни таҳлил қилиб, кенг миқёсда фойдаланишига эришишимиз керак. Ёдлаш давомида ўқувчи ­дастурда берилган маълумотнигина олади. Биз эса ўқувчилар берилган маълумотни англаши ва ундан қандай фойдаланиш мумкинлигини кўрсатиб беришимиз керак. Мактаб ўқувчилари китобда берилган билимлардан чекланмасликка, балки қўшимча маълумотлар излаши ва фикрлаш доирасини кенгайтиришга интилишимиз лозим. Олдинлари китобда берилган маълумот ва ўқитувчи берадиган маълумот энг асосийси ҳисобланарди. Чунки бунинг ўзига хос сабаблари бор эди. Биринчидан, ОАВ кам бўлиб, фақат давлат телеканаллари, уч-тўртта газета бўлган, холос. Бугунги кунда маълумот олиш имконияти жуда юқори. Масалан, интернет тармоғининг ўзидан қанча маълумот олиш мумкин. Буларнинг барчаси ўқувчининг ахборот олишига таъсир кўрсатади. У аввалгидек фақат ўқитувчидан маълумот олишга боғланиб қолмаган. Ахир, биз XXI асрда яшаяпмиз. Ўқитувчининг роли ҳам ўзгарди. Ўқитувчи энди фақатгина ахборот берувчи манба бўлиб қолиши эмас, ахборот бериш баробарида, болани ўз устида ишлашга ўргатиши керак. Янаям аниқроқ айтганда, ахборотларни қабул қилаётган ўқувчига тўғри қарор қабул қилишни ўргатиши зарур. Бу ўқитувчиларга бўлган талабни жуда ошириб юборади.

– Бу йил олий ўқув юртларига тест синовлари адолатли тарзда ўтди. Билими бор, интилувчан ёшлар талаба бўлди. Абитуриентлар тўплаган баллар нафақат адолатни, балки ёшларимизнинг ҳақиқий билимини, халқ таълимининг ҳақиқий аҳволини ҳам кўрсатди. Таълим сифатини оширишда қўлланилаётган замонавий технологиялар, илғор таж­рибалар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

– Олий ўқув юртларига тест синовларининг адолатли ўтиши, халқ таълим тизимига ҳам катта ёрдам беради. Шунда бўлажак абитуриентлар – яъни мактаб ўқувчилари таниш-билишлар эмас, балки ўз билимларига ишониш кераклигини англаб етади. Таълим сифатини ошириш бўйича тизимли ишлар бошланди. Бу комплекс жараён. Биринчидан, ўқитувчиларнинг ўз ишларига ­масъулиятини оширишимиз керак. Бу ҳақда амалга оширилаётган ишлар ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Китоблар ва ўқув дас­турини қайта кўриб чиқамиз. Ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Бундан ташқари, биз юқори синф ўқувчиларига замон талабларига тўғри келадиган касб ва ҳунарларни ўргатишимиз лозим. Ҳозиргача фарзанд­ларимизни асосан, эски касблар, ҳунармандчиликка ўргатиш урф бўлиб келаяпти. Аммо биз XXI асрда яшаяпмиз. Болаларимизни янги аср касбларига ҳам ўргатишимиз керак. Фарзандларимиз ахборот технологиялари илмини, мисол учун дастурлар яратишни, дастурлашни ўрганишлари керак. Фақат уста, ҳунарманд эмас, замонавий касбларни эгаллаган ёшларни етиштиришимиз керак. Яъни, дастурчи каби инновацион касблар ҳам миллий ҳунар турига айланиши шарт.

– Таълимга қаратилган эътибор – келажакка тикилган сармоя. Албатта, барча жараёнлар бевосита маб­лағ билан боғлиқ. Айни шу йўналишда қандай ишлар олиб борилмоқда? Мазкур ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқариш учун бугун давлат томонидан ажратилаётган сармоя етарлими?

– Таълим тизимида амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўп, албатта. Давлатимиз шу вақтгача ҳам таълим тизимига катта миқдорда ­маблағлар сарфлаб келган. Аммо шу пайтгача Халқ таълими вазирлигига ажратилган маб­лағларни вазирлик бошқармаган. Бу тизим яқинда ўзгартирилди ва энди Халқ таълими вазирлиги ўзига ажратилган маблағларга ўзи эгалик қилади. Бу эса ­маблағларни, авваламбор, муҳим муаммоларни ечиш учун йўналтиришга кўмак беради.
Аммо халқ таълими тизимини ривож­лантиришга халқимиз ва тадбиркорларимиз ўз ҳиссаларини қўшишса, ислоҳотларимиз янада тезроқ амалга ошириларди. Ҳозирда мамлакатимизда кўплаб бизнес марказлар, меҳмонхона ва бош­­қа объект­лар қуриляпти. Халқ таълими соҳасига ҳам инвесторларнинг сармоя йўналтиришини йўлга қўйсак, яхши бўларди. Ёки ўз сармояларининг бир қисмини мактабларга ҳомийлик пули сифатида ажратсалар ҳам бўлади. Бу мактаблардаги шароитларни яхшилашга ва ўқитувчиларни рағбатлантиришга кўмак берар эди.
Таълимга берилган эътибор – истиқболга тайёрланган заминдир. Биз 2030 йилда Ўзбекистонни энг илғор давлатлар сафига олиб чиқишни мақсад қилдик. Бунга фақат ва фақат илм билан эришамиз. Билимга пойдевор эса мактабда қўйилади. Уни эса ўқитувчи қўяди. Ўқитувчининг нуфузи – қадри баланд бўлмас экан, пойдевор ҳам мустаҳкам бўлмайди.

Анвар ҚУЛМУРОДОВ суҳбатлашди

Бошқа хабарлар