Вируснинг жаҳлини ким чиқармоқда?

1742

Рус психологи, психосоматиги Валерий Синельниковнинг бундан 22 йил аввал ёзган «Дардингни сев» асарининг шу кеча-кундузга мос келиши ҳайратланарли.
Тушунарли бўлиши учун асарнинг «Юқумли касалликлар» бўлимидаги бир маълумотни айнан келтирамиз:

«Мана бундай ҳолат тез-тез ­такрорланишини эсланг. Ёнингизда кимдир аксирди ёки йўталди, сиз эса касал бўлиб қоламан деб, қўрқиб кетдингиз. Ёки телевизордан қаердадир грипп вируси қутуряпти деб эълон қилишди, сиз эса ташвишга тушиб, олдиндан аптекага югурдингиз. Бундай ҳолларда мен доим ўзимдан сўрайман. Менга касаллик керакми? Менга ҳал қилинмаган муаммолардан қутулиш, воқеликдан қочиш учун бир ҳафта тўшакда ҳароратим кўтарилиб, томоғим оғриб, тумов бўлиб ётиш керакми? Йўқ, деб жавоб бераман ўзимга ўзим. Бу менга керак эмас. Ахир мен ҳаётимдаги ҳар қандай муаммони ҳал қила оламан. Касаллик мени четлаб ўтади. Менинг иммун тизимим аъло даражада ишлайди. Мен соғлом бўлиш, ҳаётдан қувониш, лаззатланишни танлайман. Бу – менинг танловим».
Назаримда, айни аффирмация­­ни ҳозирги пайтда ҳар куни такрорлаб туриш фойдадан холи бўлмайди. Замонамиз одамлари вирусни енгиш учун айнан шундай мотивация­­га муҳтож. Чунки ҳар ким онг остида ­дастурлар яратади, ҳаётимиздаги воқеа-ҳодисалар ана шу дастурларнинг инъикоси, холос.
Фикрларда энергия кучли, у моддийлашмагунча, ўз исботини топмагунича, тиним билмай кезиб юраверади. Бунга яққол мисол: коронавирус ҳали Хитойда пайти «Бизга ҳам кириб келди, яшириляпти» деган ваҳималар урчиди. Кейин нима бўлди? Ҳақиқатан ҳам вирус чегаралар оша юртимизга кириб келди. Ахир фикрлар тортиш кучига эга. Бироз ўтиб, ­навбатдаги ваҳима бошланди: «Беморлар сони камайтирилиб кўрсатил­япти, аслида, бундан анча кўп». Ушбу асоссиз фикр ҳам реаллашди: беморлар антирекорди қайд этилди.
Агар соғлом ҳаётни танласангиз, ҳукумат, вазирлик ва комиссия­­ни «Ундай қилмаяпти, бундай қилмаяпти» деб айблаш ўрнига дўппини бир жойга ­қўйинг-да, саволни ўзгартиринг: Мен нима қиляпман? Мен қандай одамман? Хулқ-атворим қандай таҳрирларга муҳтож? Чунки вирус муҳитга мослашади: тажоввузкор муҳитда тажоввузкорлашади, соф муҳитда яшолмайди. Вабо даражасига кўтарилган дарднинг кимдадир оғир, кимдадир енгил, яна кимдадир аломатсиз кечаётгани ва бошқа бировга контакт­­да бўлишига қарамай, юқмаётганининг сабаби шунда.
Дарвоқе, коронавирус инсонлар орасида ёйилганида, «Ҳамма касалланди» деган ҳукм ҳам оммалашди. Аслида, тарихдаги ҳеч бир вабо ҳолатида аҳолининг юз фоизи касалликка чалинмаган. Бундан бир аср аввал «испан гриппи» тарқаганида, тиббиёт ҳозиргидан анча орқада эди, шунда ҳам ҳамма ёппасига касалланмаган-ку? Норасмий тилдан «Ер юзининг 90 фоиз аҳолиси ковид бўлади», деган маълумотни эшитганингизда, нега 10 фоиз ичига киришдан умид қилмадингиз? Вирусга бағрингизни очган ўзингиз эмасми?
Кимнинг даволаниши қийинлашаётган бўлса, бу тиббиётчиларнинг айби эмас (ёқадими, ёқмайдими, психологик талқин шундай). Чунки шифокор организмингизни сизчалик билмайди. У сиздаги нафрат, алам, ғазаб миқдоридан огоҳ эмас. Бу тажовузкор туйғуларни йўқотишга ҳам қодир эмас. Бу фақат сизнинг қўлингиздан келади. Шундай экан, нега ­масъулиятни ўз қўлингизга олмай, шифокорга ташлаяпсиз? Ибн Сино айтади: «Биз учтамиз: табиб, бемор ва дард. Бемор мен томонга ўтса, дардни даволаш мумкин. Бемор дард томонга ўтиб олса, иккисини енгишга ожизман».
Вирусга қарши курашмоқчимисиз, унда, аввало, ўзингизга, ички оламингизга ойна тутинг. Қалбингизда санаб ўтилган тажовузкор туйғулар борми? Бор бўлса, тозаланишга муҳтожсиз. Фақат қўл кафтларингизга эмас, қалбингизга ҳам «антисептик» зарур. Оламни ҳам, одамларни ҳам ўзгартиролмайсиз, ўзгартиришингиз мумкин бўлган ягона одам – ўзингиз. Ўтмишнинг қора саҳифаларини унутинг, сизга оғриқ берганларни кечиринг. Шу йўл билан ўз муҳитингизни соғломлаштирган бўласиз. Соғлом муҳитда касаллик ривож­лана олмайди. Зеро, ўхшаш нарсалар бир-бирига интилади – касаллик касал қалбларга ёпишади.

Дурдона АЛИМОВА