Боғистоннинг «ҳал бўлмас» муаммолари

1049

Муҳаммад Мелиқўзиевни Боёвут туманида кўпчилик яхши танийди. Салкам ярим аср давомида мактабда дарс берган. Кекса педагог шу ёшида туман идораларига мурожаат хати ёзавериб, улардан жавоб хати олавериб чарчади. Аслида, уни ташвишга солаётган муаммо кўпчиликнинг дарди…

Унутилган кўча ҳасрати

Бугунги кунда Муҳаммад Мелиқўзиев яшаётган ҳудуд – Боёвут тумани, Боёвут шаҳарчаси, «Наврўз» МФЙ, Боғистон кўчасига уйлар тушганига нақ 20 йилдан зиёд вақт ўтган. Ушбу кўчада 55 та хонадон бор. Бироқ бугунгача кўча йўллари шу ерда яшовчи фуқароларнинг ҳашар йўли билан ёки маҳалла раисининг илтимоси билан ҳар ким ўз хонадони рўпарасига тош-шағал тўкиш билан йўл ҳолига келтирилиб қўйилган. Туман бюджети ­маблағлари эвазига ҳали-ҳануз йўл қурилмай келинмоқда. «Ўзинг учун ўл етим» деган гап айни шу кўча-кўй аҳлига қарата айтилгандек гўё.
– 2017 йили Халқ қабулхонасига мактуб билан мурожаат қилдим, – ­дейди шу кўчада яшовчи Ўрозали Шодиев. – Ўшанда вилоят йўл ­бошқармаси, туман ҳокимлиги, туман йўл қурилишидан раҳбарлар келиб, кўчамизни ўрганишди. 1 километр 209 метр масофада йўл қурилишини маълум қилиб, далолатнома тузишди. Кўп ўтмай, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси кўчага йўл ўтказиш масаласи 2017-2021 йиллар давлат ­дастурига киритилгани ҳақида жавоб хати ҳам берди. Хат қўлимда турибди, лекин ваъда бажарилмай қолди.
Йўлга асфальт қоплама ётқизиш масаласида қилган такрорий мурожаатимга яқинда туман ҳокимлигидан жавоб хати келди. Унда маҳалла ҳудудидаги Озодлик ва Камалак кўчалари ички хўжалик йўлларини таъмирлаш манзилли дас­турига киритилгани, бизнинг кўча киритилмагани учун таъмирлашнинг имкони йўқлигини маълум қилишган.
Шундай қилиб, фуқаролар қўлида бир-бирига зид бўлган икки жавоб хати бор, холос.
Дастурга киритилгани айтилган кўчалар Боғистон кўчасининг кейинги қаторларида жойлашган. Тўғри, асфальт кўрмаган йўллари бор. Бироқ, аҳолининг айтишича, кўчанинг ёши нисбатан кичик, бунинг устига, бугунгача тош-шағални масъуллар тўшаб берган. ­Дастурга биринчи бўлиб кўп йиллик, аҳолининг ўзи томонидан тош ётқизилган кўчани киритиш адолатдан бўларди, назаримизда.
– Туман марказида яшасагу, қиш­лоқда бор бўлган йўлга зориқсак, – ­дейди Холида Бердимуродова. – Қараб турганимиз йўқ, тош ётқизиб келяпмиз. Шу ерга уй қуриб келганимизда ёшгина эдим, аммо ёшлигимиз шу чангларда ўтиб кетди. Фарзандларим тупроқ кечиб улғайишди. Бу ёғига обод кўчада яшайлик, деймиз-да…
Минг афсуски, Боғистон кўчасининг умумий кўриниши ва бугунги ҳолати яхши эмас. Аввало, у аҳоли томонидан жуда торайтириб юборилган. Кимдир кўча ҳудуди учун белгиланган жойга молхона қуриб юборган, кимдир тол-терак экиб қўйган. Оқибатда, архитектура тили билан айтганимизда, «ландшафт» бузилган. Хўш, бу бош­бошдоқлик ва бебошликни туманда ким назорат қилади? Бу саволга ҳеч кимнинг жавоб бергиси йўқ.

Ёруғлик истаб…

Ҳудуд аҳлини ташвишга солаётган яна бир муаммо – электр энергия­­си тизими билан боғлиқ. Гап шундаки, мазкур кўчадаги хонадонларни ёритиб турган электр линиясини ҳам (бетон тўсинларсиз), симёғочларни ҳам аҳолининг ўзи тортиб келтирган. Аммо улар тагида бетон тўсинлари бўлмагани сабаб чириб бормоқда.
Ҳудудда бўлганимизда, бир ҳолат эътиборимизни тортди. Бир хонадон дарвозасининг қоқ ўртасида симёғоч ўрнатилган. Уни кўчириб, бироз нарироққа ўрнатиш туман электр корхонаси учун мушкул ишмикан?

Хавфли тортилиш…

«Наврўз» маҳалласи аҳолисини, хусусан, Боғистон кўчасида истиқомат қилувчиларнинг табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолари ҳам етарли. Чунончи, Боғистон кўчаси бирёқлама уй-жойлардан иборат бўлиб, кўчанинг иккинчи тарафи юқори кучланишли электр линиялари ўтган экинзорлардан иборат. Табиий газ қувурлари тумангаз идораси томонидан тортилмаган. 20 йилча муқаддам аҳоли ўртада пул йиғиб, турли диаметрдаги қувурларни бир-бирига улаб, хонадонларга газ тортиб кирган. Ҳатто кўча бошига ўрнатилган газ тақсимлагич мосламасининг бошланғич ўрни 20 диаметрли ингичка, газ ўтказувчанлик коэффициенти паст бўлган эски қувурлардан иборат. Натижада хонадонларга табиий газ меъёрида етиб келмайди.
Айниқса, қиш ойларида қуйида яшовчи оилалар қийналади, қаҳратонда табиий газ буткул ўчиб қолган кунлар кўп учраган. Ваҳоланки, 25-30 метр нарида яшовчи кўчаларга стандарт 76лик металл қувурлар орқали ҳақиқий табиий газ линиялари тортиб берилган…
Газ «булоғи»га бориб кўрамиз. Кўчаларга тортилган қувурлар турли ўлчамда. Эътиборимиздаги кўчага кетган қувур чиндан ҳам ингичка, бунинг устига, шундоққина хонадон деворлари ости, ер узра тортиб кетилган. Бу хавфли эмасми? Мурожаатни «ёпиш», далолатнома тузиш учун келган мутасадди чинакам масъулият ҳис этганида, газ «томирлари»га тартиб берган бўлармиди, деб ўйлаб қолдик.

Боёвут тумани – Сирдарё вилоятининг йирик манзилларидан. Марказий кўча йўлининг текислиги, чарақлаб тургани ҳавасни келтиради. Аммо ёндош кўчага киришингиз билан юқорида келтирилган ҳолатларга дуч келасиз.
Аслида, ободлик, фаровонлик фақатгина идоралар жойлашган манзилда эмас, қоракўз халқимиз манзилларида ҳам бўлиши керак эмасми?

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»