Ватан учун 9 дақиқа

1276

Баҳодир, сен америкалик рақибинг Ричард Торресни мағлуб этганингда кўзингга ёш олдинг. Мен ҳам телевизор қаршисида овоз чиқармасдан йиғладим. Шунда туйқус англадимки, одамзод йиғлаб ҳам лаззат тотиши мумкин экан.

Токио Олимпиадасининг сўнг­­ги кунида сен иштирок этган «жанг»ни бутун Ўзбекистон халқи чексиз ҳаяжон ва ҳадик билан кузатди. Эҳ-ҳе, сен туфайли бутун бир миллатнинг тўққиз дақиқа ичида хаёлидан нималар кечмади? Сен тўққиз дақиқа давомида дунё­даги барча бокс ишқибозларининг диққат-­эътиборини ўзингга, Ўзбекис­тонга қаратиб турдинг.
Тўққиз дақиқадан сўнг дунё Ўзбекис­тонни яна бир бор таниди ва тан олди.
Осон кечмаган финалдаги баҳсдан сўнг сен «ёрилдинг». Тўлиб ва тўйиб йиғладинг. Давлатимиз мадҳия­­си янграётган пайт­­да кўзларинг­­ни юмиб, титраб-тит­раб йиғладинг. Нега? Сабаблар кўп…
Менимча, сен юрт эгаси ва яна раҳматли отангга берган ваъдангнинг устидан чиққанинг учун ҳам йиғладинг. Қизиқ, инсон зоти бировнинг йиғлаганини кўриб ҳам қувонса, роҳатланса, ғурурланса бўлар экан.
Шу кунга қадар оғир вазнли боксчилар ўртасида Олимпиада чемпионлигини Леннокс Люис, Владимир Кличко, Александр Поветкин каби дунёга машҳур спортчилар қўлга киритган бўлса, энди уларнинг қаторига сен ҳам қўшилдинг.
Олимпиада нима ўзи? Шусиз ҳам дунёда спорт мусобақалари кўп-ку. Мамлакатлар, қитъалар ва жаҳон чемпионатлари, жаҳон кубоги учун ўтказиладиган мусобақалар, халқаро ўртоқлик учрашувлари камми?
Йўқ, кам эмас. Аммо Олимпиа­­да ­ўйинлари барибир бош­қача. Чунки, у азалдан ер юзида тинчликни мустаҳкамлайдиган, дўстликни, одамийликни, мардликни улуғлайдиган йирик спорт анжуманидир.
Мен оддий бир спорт ишқибози сифатида «Токио-2020»да турли миллат, ирқ ва мазҳабга мансуб халқлар ўртасида одамийлик, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат тушунчалари бутунлай йўқ бўлиб кетмаганига бир неча марта гувоҳ бўлдим. Масалан, қатарлик атлет финишга ўзи билан тенгма-тенг келган французга қойил қолиб, ҳакамлардан бир кишига – фақат ғолибга бериладиган олтин медални иккаласига бўлиб беришни сўради. Ҳакамлар бу илтимосни сўзсиз бажаришди. Марафон мусобақасида биринчи ўринда бораётиб йўлдан адашган рақибига испаниялик спортчи тўғри манзилни кўрсатиб юборди…
Сенга эса чемпион, тақдирлаш маросимидан сўнг рингдан чиқиб кетаётганингда Буюк британиялик рақибинг Фрейзер Кларк (гарчи у ярим финалда сендан мағлубиятга учраган бўлса-да) чексиз ҳурмат кўрсатиб, канатнинг бир томонини кўтариб турди. Мана шундай жиҳатлари учун ҳам Олимпиада халқлар дўстлиги, мардлик, бирлашиш… байрами!
Мана, сабрсизлик билан кутилган Токио олимпиадаси ҳам якунланди. Спортчиларимиздан Улуғбек Рашитов, Акбар Жўраев ва сен олтин, Давлат Бобонов ва Бекзод Абдураҳмонов эса бронза медалларини қўлга киритдинг­лар. Олимпиячиларимиз медаллар ҳисоби бўйича дунёнинг 205 та давлати орасида ўттиз иккинчи ўринни эгаллади. Агар ҳакамлар нохолислик қилишмаганида муваффақиятларимиз бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин эди.
Начора? Борига шукр. Юртдош­ларимиз АҚШ, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Франция, Германия каби мамлакатлардан чемпионлик илинжида келган номдор спортчиларнинг анча-мунчасини мусобақадан чиқариб юборишди. Мана кураш! Мана интилиш! Бас, шундай экан, ҳаёт ҳам, ҳайрат ҳам давом этади. Яна нима дейиш мумкин?..
Парижда йиғлаб кўришгунча омон бўлинг, азизлар!
Ҳа айтганча, чемпион укам Баҳодир, яна бир бор таъкидлайман, сен тўққиз дақиқа ичида Ватан учун, ёшлар ва биздан ­кейинги авлодлар учун асрларга татийдиган қимматли ютуқ қолдирдинг!
Унутма, биз сен билан фахрланамиз! Биз сени, сизларни яхши кўрамиз!

Нормурод МУСОМОВ,
«ISHONCH»