Қонун ижроси нега таъминланмаяпти?

1125

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасинингХоразм вилояти кенгаши таркибида 49 та бошланғичташкилот бўлиб, улар атрофида 32957 нафаркасаба уюшма аъзоси жамланган.

Тизимдаги касаба уюшмалари ишчи-ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун бор имкониятни ишга солмоқда. Аммо уларнинг бир масалада аъзолари олдида тили қисиқлигича қолмоқда.
Гап шундаки, ходимлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтишда ҳамон чиқимдор бўлмоқда.
Ҳолбуки, Меҳнат Кодексининг 214-моддаси ҳамда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасида иш берувчи ходимлар билан меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик иш давомида вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шартлиги ва бунда ходимларнинг чиқимдор бўлмасликлари лозимлиги белгилаб қўйилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши ўртасида тузилган «Тармоқ келишуви»нинг 6.8. бандида ҳам иш берувчилар томонидан ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишда уларнинг чиқимдор бўлишига йўл қўймаслиги таъкидланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 832-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ­маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 13-бандида эса «Рўйхатни бирламчи тиббий-санитария ёрдами мутахассислари ва ихтисослашган мутахассислар томонидан амбулатория шароитларида ва кундузги стационар шароитларда кўрсатиладиган режали тиббий ёрдам ҳажмлари бўйича шакллантиришда қуйидаги харажатлар ҳисобга олинади: *** давлат бюджет ташкилотларининг ходимларини бирламчи ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш», деб қайд қилинган.
Аммо бу мавзуда қайта-қайта мутасадди ташкилотларга мурожаат қилинишига қарамай масала ечим топмаяпти. Хусусан, тиббиёт муассасаси раҳбарларидан бирининг мурожаатига Хоразм вилояти молия бошқармаси томонидан 2020 йил 13 март куни йўлланган жавоб хатида шундай дейилган: «Вилоятимиздаги бюджетдан молиялаштириладиган ижтимоий соҳа муассасалари (шифокорлар, поликлиникалар, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва бошқалар) ходимлари вилоятдаги амбулатор-поликлиникаларда тиббий хизматдан ўтишини инобатга олиб, ушбу тадбирлар бепул амалга оширилиши лозим.
Шу билан бирга, ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиб бориш ва даволаниши учун зарур маблағларни маҳаллий бюджетдан ажратиб бориш бўйича асословчи тегишли ҳукумат қарори ва низомлари мавжуд эмаслиги сабабли ушбу харажатларга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратишнинг имкони йўқ.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Сиздан ташкилот ходимларининг тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ харажатларни бюджетдан ташқари маб­лағлар ва қонунда тақиқланмаган бошқа ­маблағлар ҳисобидан амалга оширишингиз мақсадга мувофиқлигини билдирамиз».
Куласизми, куясизми? Алоҳида қарор ва низом зарур, дегани нимаси? Юқорида тилга олган ҳужжатларнинг молия бошқармасига дахли йўқми?
Маслаҳатни қаранг. Бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга ошириш тавсия қилиняпти. 100 фоиз бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган, пуллик хизмат кўрсатиш белгиланмаган, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда вилоят руҳий асаб касалликлари диспансери каби тиббиёт муассасалари нима қилиши керак? Улар қонунда тақиқланмаган бошқа манбани қаердан топишсин?
Кенгашимиз томонидан ҳар йили жойларда ходимлар тиббий кўрикдан ўтишда қанчалик чиқимдор бўлаётгани ўрганилади. Нархлар эса арзон эмас. Айтайлик, ОИТС – 46000 сўм, СЭС баклаборатория – 55000 сўм, гепатит В,С – 35100 сўм, кичик тиббий ходимлар учун сан.минимум – 52168 сўм.
Тўғри, кўптармоқли поликлиникаларда рентген, флюорография, айрим қон таҳлиллари, тор мутахассислар кўриги бепул. Бироқ Қўшкўпир, Ҳазорасп ва Шовот тумани тиббиёт бирлашмалари, вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт маркази, вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерларида ишловчи тиббиёт ходимлари тиббий кўрикдан ўтишда чиқимдор бўлган.
Пуллик хизмат кўрсатиш имконига эга тиббиёт муассасаларида бу ҳолат бироз ечим топган. Аммо, юқорида айтганимиздек, бюджетдан молиялаштириладиган муассаса иш берувчилари маблағни қаердан олишни билмай ҳайрон.
Бу ҳақда Хоразм вилояти адлия бошқармасига йўллаган хатимизга ҳам кутилган жавобни ололмадик.
Ҳайронмиз, молия идоралари кимга бўйсунади ўзи? Ваҳоланки, бюджет маб­лағлари – меҳнаткаш халқимиз, касаба уюшма аъзолари томонидан тўланиб турган солиқ эвазига шаклланган маблағ. Молия органлари солиқ тўловчиларнинг маблағини қонуний асосда тасарруф қилишга масъулдирлар.
Наҳотки, ходимлар тиббий кўрикдан ўтишда чиқимдор бўлмаслиги учун улар айтганидек, ҳукуматнинг яна битта қарори шарт бўлса? Гап юз минглаб ишчи-ходимлар тақдири ҳақида кетаётганда, мутасаддилар нега совуққонлик қилишади?
Саволлар кўп. Уларга жавоб ололмасак ҳам майли. Фақат ходимлар ўз қонуний ҳуқуқларидан фойдаланишига эришилса, шунинг ўзи кифоя.

Рашид ЙЎЛДОШЕВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба
уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши раиси