Ўзингизни эҳтиёт қилинг!

1568

Тонг саҳардан маҳалламизда карнай-сурнай садолари янгради. Қўшнимиз ош беряпти, шекилли. Ҳа, майли, ҳаммамизнинг топган-тутганимиз яхши кунларга буюрсин. Аммо ҳозирги таҳликали шароитда бунчалар дабдаба шартмикан, деб ўйлаб қоламан.

Яқинда бир танишим қизини узатди. Дабдабасининг довруғи етти маҳаллага етди. Лекин тўй эгаларининг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Бир неча киши касаллик юқтириб олибди.
Афсуски, бу каби кўнгилсизликлар камайиш ўрнига кўпайиб кетаётгандек назаримда. Тўғри, ҳозир тўйлар мавсуми. Бироқ шу бир кунлик ҳою-ҳавас кимлар учундир қимматга тушмаяптимикан? Касаллик жиловлангунча бу каби ортиқча дабдабалардан чекиниб турмасак бўлмайди-ёв… Ҳар ҳолда ўзини асраганни Яратган ҳам асрайди-да!
Очиғи, тонг саҳардан қулоғимга карнай-сурнай овози эшитилса, «охири бахайр бўлсин-да», дея ҳадиксирайдиган бўлиб қолдим. Шундай кезларда тумонат одамни йиғиб тўй-томоша қилиб, сўнг азоб­ланиб юрганлар кўз ўнгимда гавдаланаверади.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист