«Олтин қалам» кимники?

2158

Мамлакатимизда ҳар йили эълон қилинадиган «Олтин қалам» танловининг асосий бош совриндорлари кейинги йилларда ижодий жамоалар – таҳририятлар бўлмоқда.
Менинг назаримда, ўнлаб ижодкорларни бирлаштирган жамоанинг ­совриндор бўлиши якка ўқ билан бир неча ўлжани қўлга киритишга ўхшайди.

Лекин… мукофотнинг таъсис этилиши, берилишидан асосий мақсад нима?
Бу саволга жавоб аниқ: журналистнинг ижодкорлиги, фаоллиги, замон билан ҳамнафаслиги, сўз ишлатиш маҳорати-ю масъ­улияти, жамият муаммоларини ҳал этиш ва маънавиятни юксалтиришга қўшган ҳиссасини эътироф этиш, рағбатлантириш, ижодий-ижобий тажрибаларини кенг ёйиш.
Мукофотлашга муносиб ижодий ишлар, тўғриси, танловга тақдим этилаётган оммавий ахборот воситаларининг ҳар бир сонида бир нечтагина бўлиши (ҳатто бўлмаслиги ҳам) мумкин ва унинг ўз қалам соҳиби – муаллифи бор…
Шу ўринда хаёлга бир қиёс келди: айтайлик, бирор савдо мажмуаси сотиладиган маҳсулотлари билан ном қозонган бўлса, унинг шундай эътиборга сазовор бўлишига, харидорлар кўпайишига сабаб – мажмуанинг номдор фирма-ю корхоналарнинг сифатли маҳсулотларини мижозларга таклиф этаётгани. Харидорлар ташкилотчилиги учун савдо мажмуасидан миннатдор бўлиши мумкин, муҳими эса, сотиб олган маҳсулот ҳар тарафлама сифатли бўлгани учун ишлаб чиқарувчиларни ҳурматлаб, уларни тарғиб этади, ҳар сафар яна ўша корхона молини излайди.
Мана шу оддий ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиқадиган бўлсак, айрим нашрларнинг мукофотга сазовор бўлиши… уларнинг ўқишлиги, жамиятдаги нуфузи, мавзуларининг долзарблиги ва ранг-баранглигини оширишга, ўзига хос маҳорати билан журналистика ривожига ҳисса қўшаётган чет муаллифлар меҳнатини инкор этиш ёки ўзлаштириб олишга ўхшамайдими?
Ҳар қандай ижодкорни рағбатлантириш, мукофотлашга хизмат қиладиган тадбир низомида қаламкашнинг ижодий тажрибаларини кенг ёйиш мақсади ҳам қайд этилади. Ижодкор тажрибалари, маҳорати заргарнинг маҳоратидан анча-мунча инжа. Аллоҳнинг бу неъмати насиб этганлар ижодини «умумий қозон»даги турли сифат ва даражадаги мақолаларга аралаштириб ташлаб, шоҳсупага «чўмич ушлаганлар»ни кўтариш мақсадга қай даражада мувофиқ бўлар экан?

Ва яна бир мулоҳаза: соврин, мукофотлар талаб қилинмайди. Кимдир ёки қайсидир жамоанинг «Биз (мен) тақдирлашга муносибмиз», деб чиқиши…
Менимча, ўқувчилар ва мутахассислар ғолибликка муносибларни танлаб, тавсия этиши, махсус комиссия ёки ҳайъат аъзолари номзодлар ижодини холис ўрганиб якун ясаши лозим.
Шунда ижоднинг заҳматли йўллари, синовлари, изланиш­ларида қалами чархланиб олтинга айланганларни танлаб олишга имкон яралади.

Муҳтарама УЛУҒОВА,
Республика маънавият
ва маърифат маркази
масъул ходими