Марям дарахтини биласизми…

1451

Кейинги пайтларда Тошкент шаҳри ҳар қачонгидан гуллаб-яшнаб, янада чирой очмоқда. Баҳорми, жазирама ёз ёки куз фаслими, қачонлигидан қатъи назар, хиёбонлар, кўчалар, йўллар атрофига экилган анвойи гулларни, манзарали серсоя дарахтларни кўриб, кўзимиз қув­найди. Гоҳида уларнинг баъзиларига боқиб, «Номи нима экан?», деб ўйланиб ҳам қоламиз. Масалан, менинг диққатимни ҳар йили июль ойи охирида ва август ойи бошларида чиройли пушти рангда гуллайдиган дарахтсимон бута қизиқтириб келган. Шунга кўра, «Бу бутанинг илмий номи нима? Асл ватани қаер ва қаерларга тарқалган?», деган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдим.
Ўзбекистон Републикаси Фанлар академияси Ботаника институтининг Ўзбекистон Миллий гербарийси ноёб илмий объектининг махсус жавонларида 7186-тартиб рақами остида сақланаётган Vitex L.-туркумига мансуб икки тур – Vitex agnus-castus L., Vitex pseudo-negundo (Hausskn.) Hand.-Mazz. гербарий намуналари мавжуд. Улар олимларимиз ва коллекторлар томонидан 1941, 1949, 1976, 2019 йилларда Қашқадарё ҳавзаси, Ҳисор водийсидаги Варзоб дарёси ён-атрофларидан, шунинг­дек, Чироқчи, Қўқон, Шеробод, Бойсун каби шаҳар-туманлар ҳудудларидан йиғиб олиб қуритилган ушбу турдаги ўсимлик намуналаридир.
Бу бутанинг илмий номи Vitex pseudo-negundo (Hausskn.) Hand.-Mazz. Русчаси – Витеке ложноясенелистный, витекс священный, прутняк, авраомово дерево, ўзбекчаси эса – тоғмурч (халқимиз Марям дарахти деб ҳам атайди). У тизимгулдошлар оиласига мансуб, бўйи 2,5-4 метрга етади. Асосан Ўрта ер денгизи атрофларида, Болқон ярим оролида, Сурия, Фаластин, Ироқ, Туркия, Эрон, Кичик Осиё, Кавказ, Қрим, Марказий Осиёда Жанубий Помир, Копеттоғда тарқалган бўлиб, тошли-шағалли, қумли-қумлоқ ва қуруқ тупроқли ерларда ўсади.
Тоғмурчнинг икки тури Ўзбекис­тонда қадимдан ўсади. У ёз пайтлари Тошкент шаҳрининг Амир Темур хиёбонида, Тошкент Ботаника боғида, айрим кўп қаватли иморатлар атрофларида гуллаб турганини кўпчилигимиз кўрганмиз.
Тоғмурч ҳақида милоддан аввалги 460-377 йилларда яшаб ўтган юнон врачи, илмий тиббиёт асосчиларидан бири Гиппократ ҳам ўз асарида ёзиб қолдирган. Зеро, бу бута доривор аҳамиятга эга, озиқ-овқатларга хушбўй таъм берувчи, асалдек ширали ва манзарали ўсимлик ҳисоб­ланади. Барглари таркибида 38-118 фоиз С витамини, меваси таркибида органик кислоталар, алкалоидлар, ошловчи моддалар, кумаринлар, флавоноидлар (кастицин, кемпферол), эфир мойи, циперол, лианейл, липолен, абинен кислоталари мавжуд. Барги, меваси, уруғидан ажратиб олинадиган экстратлар ва дори воситалари асосан аёлларда учрайдиган хасталикларда қўлланилади.

Марям сўзининг луғавий маъноси Аллоҳга ибодат қилувчи демакдир. Бундан ташқари, у жуда аччиқ, заҳар-заққум деган маъноларни ҳам англатади.

Марҳамат МАТВАФОЕВА,
ЎзРФА Ботаника институтининг
Ўзбекистон миллий гербарийси
етакчи мутахассиси,
биология фанлари номзоди