Бизнинг архивимиз қачондан бошланган?

1570

«Архив» – лотинча «архивиум» – ҳукумат биноси сўзидан олинган бўлиб, ушбу атама ҳозирда бутунлай бошқа маънода қўлланилади.
Ҳозирги кунда архив деганда, идоралар, корхоналар ва ташкилотларнинг, шунингдeк, тарихий шахс­ларнинг фаолиятига оид ҳужжатлар сақланадиган муассаса тушунилади.
Хўш, юртимизда архивлар фаолияти қачондан ­бошланган?

Қадимги давлатлар, хонликлар, амирликларнинг XIX асргача бўлган ҳужжатлари манбалари бизгача сақланиб қолмаган. Ўзаро урушлар, вайронгарчиликлар натижасида архив ҳужжатлари йўқ бўлиб кетган. Фақатгина Қўқон ва Хива хонликлари архивлари, Бухоро амирлигининг «Қушбеги» архиви сақланиб қолган. Уларда ҳам, афсуски, XIX асрга оид ҳужжатларнинг бир қисми сақланган, холос.
Марказий Осиёни чор Россияси босиб олганидан кейинги давр архивлари, яъни XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср ҳужжатлари тўла сақланиб қолган. Қўқон ва Хива хонлик­лари архивларининг тарихи ўзига хосдир. Чоризм бу хонликларни босиб олганидан кейин ушбу архивларнинг барча материаллари 1876 йилда Петербургга – Император кутубхонасига олиб кетилади. Бу ҳужжатлар ўтган асрнинг 30-йиллари охиригача бутунлай эътибордан четда қолиб кетади ва айни бир вақтда умумий ишда ҳам мутлақо фойдаланилмаган. Кейинроқ бу архивлар топилиб, улардаги материаллар ва ҳужжатларга қараб, улар Хива, Қўқон хонликларининг архивлари экани аниқланган. Шундан кейингина бу материаллар ва ҳужжатлардан кенг фойдаланила бошланди. Хива хонлигининг архивини биринчи бўлиб 1939 йилда тарихчи олим П.Иванов атроф­лича ўрганиб, бу тўғрида хабар беради.
Қўқон архиви ҳақида 1968 йилда тарихчи А.Троицкая «Каталог кокандских ханов XIX века» («XIX асрдаги Қўқон хонларининг каталоги») номли маълумотномасини эълон қилади. 1962 йилда бу ҳужжатлар Ленинграддан Тошкентдаги Марказий давлат архивига олиб келинган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида Қўқон, Хива хонликларининг архивлари, Бухоро амирлигининг Қушбеги архиви, Туркис­тон генерал-губернаторлиги ҳамда унинг барча ташкилотлари архивлари, шунинг­дек, Ўзбекистоннинг 1917 йилги октябрь тўнтаришидан кейинги давр – шўро даври ташкилотларининг архив материаллари сақланади. Бу архивда 1 миллиондан ортиқ йиғма жилд бор. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу Марказий Осиёдаги энг катта ва бой архивдир.
Мустақиллик давридаги тарихий тадқиқотларнинг аксарияти архив материалларига асослангани ва янгича, холис тарихий тараққиёт концепцияси замирида яратилаётгани туфайли бугун тарихимизга, архивларимизга қизиқиш тобора ортиб бораётир.
Шу ўринда мазкур манбаларнинг аксарияти тадқиқот учун ўз эгаларини – тарихшунос ва архившуносларни кутиб турганини таъкидлаш жоиз. Зеро, тарихни ўрганиш, холис ёритишда уларнинг ўрни бебаҳодир.

Баҳодир АТОЕВ,
Шофиркон тумани давлат архиви директори