Туризм қишлоғи

988

Улар сайёҳларга кўнгилдагидек хизмат кўрсата оладими?

Самарқанд шаҳрига ёндош Конигил қишлоғи рес­публикада биринчилардан бўлиб «Туризм қиш­лоғи» сертификатини қўлга киритди.

Қишлоқда биринчи босқич ишлар якунига етиб, пиёдалар йўлаги, 38 та туристик ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилди. Иккинчи босқичда ҳам 100 та турис­тик объект ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Буюк бобокалонимиз Амир Темур томонидан бунёд этилган анжирли боғ сақлаб қолинган. Айни кезда бу ҳудуддаги Боғибаланд (анжирзор) маҳалласи «туристик маҳалла»га, Пайариқ туманидаги Чоштепа ва Ургут туманидаги Терсак қишлоғи «туризм қишлоқлари»га айлантирилмоқда. Биргина июнь ойида Терсак қишлоғида 25 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди. Эътиборли жиҳати, туризмни ривожлантиришга тадбиркорлар қўшаётган улуш ҳам салмоқли бўлаётир.
Бир неча йил аввал тадбиркор Илҳом Нуриллаев Самарқанд туманидан туристик ҳудуд ташкил этиш учун ер сўради. Унга Оҳалик тоғи этагидаги адирликни кўрсатишган эди. Бир томчи сув амри маҳол бўлган тошлоқ бу ­масканни обод қилишнинг ўзи бўлмаслиги шундоқ ҳам кўриниб турарди.
– Аввалига кайфиятим тушиб кетди, – дейди Илҳом ака. – Бир кафт текис майдонга эга бўлмаган бу яйдоқ қирга одамларни жалб этиб бўлармикан, деб… Аммо шашт баланд эди. Таваккал дея, ишга киришдим. Илк ишимиз бу майдонга уч километр олисдан сув келтириш бўлди. Ер қаъри қум шағалли бўлгани учун унча-мунча дарахт ҳам бу ­масканда униб, илдиз отмади. Табиий иқлим шароитига мос дарахтлар навини экдик. Оби-ҳаёт танқислиги сабабли улар эҳтиёжини сув пуркаш орқали қоплашни йўлга қўйдик. Хуллас, 4 гектар майдонда сайёҳлар эътиборини торта оладиган маскан қад ростлади.
«Оқ бўйра гарден» мақомини олган бу гўшага тадбиркор Илҳом Нуриллаев кредит ва ўз жамғармасидан 900 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлади. 3-4 кишилик оилавий кемпинглар қурди. Аёллар ва эркаклар учун алоҳида сузиш бассейн­лари барпо этди. Ҳудудда мўъжазгина ҳайвонот ва қушлар дунёсидан иборат боғ ҳам яратди. Элликка яқин жониворлар, парранда-ю даррандаларни келтирди. Мана шу яйдоқ адирда қирқ нафар кишинининг ­бандлигини таъминланди
– Масканимизнинг кунлик қуввати 300 кишини ташкил этади, – дейди иш бошқарувчи Алишер Неъматов. – Бир неча кун қолувчилар учун мўлжалланган оилавий кемпингларимизда алоҳида ётоқхона, болалар хонаси, душ ва бошқа шарт-шароитлар бор. Айни чоғда меҳмонларимизнинг асосини маҳаллий сайёҳлар ташкил этмоқда. Бир ойда ўртача минг нафардан ортиқ кишига хизмат кўрсатяпмиз. Бу имкониятимиздан икки уч карра кам, албатта.
Туризм маскани ҳудудининг ҳар бир қарич ери дам олувчиларга завқ бера олиш даражасига мосланган. Турли хил сўрилар, сунъий булоқлар… Хуллас, яратилган манзарадан соатлаб баҳра олсангиз ҳам зерикмайсиз.
Тадбиркор Илҳом Нуриллаев саратонда қизариб турган адирликка ишора қилади. Унинг айтишича, ана шу тепаликда ҳам қандайдир мўъжизаларни яратиш режаси бор эмиш…
– Вилоятда 171 та меҳмонхона, 217 та оилавий меҳмон уйи, 136 та туристик синфга мансуб автобус, 126 та микроавтобус ва 20 та электромобиль, 181 та туроператор ҳамда 336 нафар гид-таржимон маҳаллий ва хорижий фуқароларга сайёҳлик хизматларини кўрсатиб келмоқда, – ­дейди Самарқанд вилояти туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. – Бу йилги пандемия шароитида ҳам сайёҳлар оқими камаймади. Масалан, ўтган йили 633 194 нафар сайёҳ ташриф буюрган эди. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида уларнинг сони 1 миллион нафарга етди. Дунёнинг турли минтақаларидан келган 54 минг нафардан ортиқ хорижлик меҳмон кутиб олинди.
Дарҳақиқат, Самарқандда сўлим масканларнинг кўпаяётгани меҳмонларга ҳар жиҳатдан манзур бўлмоқда.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»