Тадбиркорларга ҳамма мададкор

27

 

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Банк сармоялари – бизнес ривожига” мавзусида анжуман ўтказилди. У “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ ҳамкорлигида уюштирилди.

Тадбирда банк бошқаруви раҳбарияти, тегишли таркибий тузилмаларнинг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар. Иштирокчиларга кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилаётган банк сармоялари ҳамда уларнинг амалий самаралари ҳақида ахборот берилди.

Сўзга чиққанларнинг таъкидлашларича, жорий йилнинг дастлабки ярмида банкнинг даромад режаси 108 фоизга бажарилиб, 103,6 млрд. сўм соф фойда олинди. Шу даврда соф активлар 10,2 фоизга кўпайиб, 17555 млрд. сўмга етди. Муассасанинг умумий капитали 2518,6 млрд. сўмни ташкил этди. Бу йил бошидагига нисбатан 104,6 млрд. сўм ортиқ демакдир. Кредит қўйилмалари 14936 млрд. сўмга тенглашиб, ҳисобот даврида 1113 млрд. сўмга ёки 8 фоизга, узоқ муддатли депозитлар 33 фоизга, қисқа муддатли депозитлар 7,4 фоизга ўсди.

Бундан ташқари, сўнгги 5 йил давомида банк томонидан ажратилган кредитлар қолдиғи 3,1 баробарга ошиб, 14936 млрд. сўмга етди ва кредит қўйилмалари таркиби ҳам тубдан ўзгарди. Жумладан, 5 йил олдин жисмоний шахсаларга ажратилган кредитлар жами кредит портфелининг 82 фоизини ташкил қилган бўлса, ўтган давр мобайнида унинг миқдори 2,1 баробарга ошган бўлишига қарамай, бугунги кунда кредит портфелининг 53 фоизига тўғри келмоқда. Демак, сўнгги пайтларда банкнинг кичик бизнесни қўллаб- қувватлаш сиёсати ўз самарасини бериб, кредит портфели таркибида тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳалари ва уларни айланма маблағлар билан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредит қўйилмалари 18 фоиздан 47 фоизга етди ёки охирги 5 йилда 8,3 баробарга ошди.

Банк кредит қўйилмаларининг муддатлари бўйича амалга ошираётган чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Масалан, муддатли кредит қўйилмалари 5 йил олдин 60 млрд. сўмдан ошмаган бўлса, ҳозир 2540 млрд. сўмга кўтарилди.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга ажратилган кредитлар ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 872,5 млрд. сўмга ортиб, 1821,1 млрд. сўмни ташкил этди. Бу маблағнинг 755 млрд. сўми айланма маблағлар билан қўллаб-қувватлашга, 1066,1 млрд. сўми эса инвестиция лойиҳаларига йўналтирилди. Хусусан, аҳолининг фаол қисмига ўз бизнесини ташкил этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида 80,5 млрд. сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар кўпдир.

Аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш, тадбиркор хотин-қизларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ниятида 165,8 млрд. сўм миқдорида кредитлар берилди. Эвазига охирги олти ой ичида улар томонидан 1664 та янги иш ўрни яратилди.

Айни кезларда банкда трансформацион ислоҳотлар жадал давом эттирилаяпти. Унинг асосий йўналишларидан бири кредитлаш жараёнларини янада соддалаштириб, қарор қабул қилиш босқичларини қисқартириш, кредит ҳужжатларини кўриб чиқиш ва мижозни кредитлаш имкониятини таҳлил қилишда андеррайтинг тизими орқали автоматлаштириш, ҳудудларда мижозларга кредит хизматлари кўрсатувчи фронт офислари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, кўп йиллик мижозларни модулллаштирилган кредитлаш тизими орқали тез ва қулай шартларда онлайн кредитлаш ишларини жорий йилнинг иккинчи ярмида тўлиқ амалга ошириш кўзда тутилган.

 

Бибигул МУРТАЗАЕВА