Трансёғлар «чангали»

612

Ундан бизни ким халос этади?

Ушбу мавзуни ўрганишдан олдин инсон соғлиғи учун зарарли ҳисобланган
трансёғлар аллақачон кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб
қолганини тасаввур ҳам қилмагандим. Аммо мутахассислар ва шифокорлар билан суҳбатлашиб, ҳаёт тарзимизни кузатиб, тушундимки, биз аллақачон уларнинг «чангали»га тушиб қолган эканмиз.

Ўзи гап нимада?

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг овқатланиш гигиенаси бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Низомжон Эрматовнинг таърифлашича, трансёғлар – кучли қиздириш, суюқ ёғларни қаттиқлаштириш мақсадида қайта ишланган ва зарарли кўрсаткичлари ошиб кетган ёғлардир.
Озиқ-овқат саноатида маҳсулот тайёрлаш учун суюқ ёғлар каби қаттиқ ёғларга ҳам эҳтиёж кўп. Масалан, маргарин олиш учун асосан суюқ ўсимлик ёғлари водород билан тўйинтирилиб, узоқ вақт сақланади, шаклини йўқотмаслиги учун кимёвий усулда қайта ишланади ва қаттиқ ҳолга келтирилади. Бу жараён кучли қиздириш асосида кечгани боис суюқ ёғ таркибидаги айрим моддаларнинг бир-бири билан боғланиш шакли ўзгаришга учрайди ва улар соғлиқ учун зарарли трансёғга айланади. Ундан маргарин, маргариндан эса торт, булочка, пирог, пирожний, музқаймоқ, кофе учун сут порошоги, турли ширинликлар, печенье, вафли, шоколад, яримтайёр маҳсулотлар – сомса ва пишириқлар учун музлатилган хамир, музлатилган пицца тайёрланади.
Шунингдек, майонезлар, микротўлқинли печлар ичига тушган ёғлар ёки унда иситилган овқатлар таркибидаги мойлар, картошка фри, чипслар, қовурилган товуқ гўштлари ҳамда балиқ ёғлари – барча-барчаси қайта-қайта қовуриш ва қиздириш жараёнида трансёғларга айланади.

Зарари

Авваллари озиқ-овқат маҳсулотларига 20 фоизгача трансёғлар қўшишга рухсат берилган. Аммо фан ривожлангач, олимлар трансёғлар тана вазни ортишига олиб келишини, юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқаришини аниқлашган. Сўнгги илмий тадқиқотлар бу фикрларни янада қатъийлаштирди ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти барча давлатларни трансёғлардан ҳоли бўлишга чақира бошлади. 2018 йили эса Американинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси (FDA) уларни озиқ маҳсулотларига қўшишни қатъиян тақиқлади. Шунинг­дек, бошқа мамлакатлар аҳолисига ҳам ўз рационини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди.
Манбаларда қайд этилишича, трансёғлар аввалбошда зарарли холестерин миқдорини ошириб, қон томирларини торайтиради. ­Кейинчалик инфаркт ва инсульт хавфини кучайтиради. Ушбу ҳолат юрак мускулида кузатилса – инфаркт, бош мияда кузатилса – инсульт, ўпкада рўй берса – ўпка артерияси тромбоэмболияси (ТЭЛА)га олиб келади. Бундан ташқари, қандли диабет ва яллиғланиш жараёнлари ривожланиши учун замин яратади, саратон касаллиги, жумладан, сут бези саратони ривож­ланиши хавфини ошириши ҳам тахмин қилинади. Шу боис замонавий тиббиёт юқорида санаб ўтилган трансёғли маҳсулотлардан имкон қадар фойдаланмасликка чақиради. Таркибида гидрогенланган (қайта ишланиб, водород билан тўйинтирилган) ёки қисман ­гидрогенланган мой, маргарин, ўсимлик ёғи, кулинария ёғидан бири мавжуд бўлса ҳам, маҳсулот ­трансёғли ҳисобланади.

Назорат ва таҳлил натижалари

Трансёғлар саломатликка шу қадар зарарли экан, у ҳолда нега улардан озиқ-овқат саноатида фойдаланишга рухсат берилган? Аксинча бўлса, назорат қилиниб, текширилмайдими?
– Бизнинг агентлигимизда ва юртимизда мавжуд хусусий лабораторияларда ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда хориждан келтирилаётган ёғлар белгиланган сифат талаб­лари бўйича текширилади, – дейди Ўзбекис­тон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари Севара Иминова. – Агар улар истеъмолга яроқсиз деб топилса ва трансизомер кўрсаткичлари юқори чиқса, ишлаб чиқаришга ва мамлакатимизга олиб киришга рухсат берилмайди. Масалан, 2020 йилда маҳсулотлар таркибида трансёғлар 2 фоиздан ошмаслиги лозимлиги белгиланган техник меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилди. Ҳозир бу талаб амалда. Шунга қарамай, таркибида трансёғлар кўп маҳсулотларни яширинча келтириш ва истеъмолда қўллаш ҳолатлари давом этмоқда. Сабаби, шу пайтгача бу борадаги қоида­бузарлик учун қонуний жавобгарлик белгиланмаган. Агентлигимиз масъул ходимлари томонидан тадбиркорларга тавсия йўналишида маслаҳатлар бериб келинган, аммо уларга нечоғли риоя қилиш тадбиркорлар виждонига боғлиқ бўлган. 2021 йил 1 сентябрдан эътиборан эса, жорий талабларга амал қилмагани аниқланган тадбиркор биринчи марта огоҳлантирилади, кейинги сафар маъмурий жавобгарликка тортилади.
Исм-шарифини айтишни истамаган кичик бизнес эгасининг айтишича, айрим уддабуронлар кўпинча таннархи арзонга тушадиган маҳсулот ишлаб чиқаришда асқотадиган техник пальма ёғларини божхонадан гўёки автол ва бош­­қа техник мойлар тайёрлаш учун деган баҳонада расмийлаштириб, олиб ўтишади, амалда уларни қандолат маҳсулотлари, ширинликлар ёки маргарин маҳсулотлари тайёрлайдиган тадбиркорларга сотадилар. Сифатли ёғ ишлатган тадбиркорлар маҳсулотининг таннархи қимматга тушгани боис, кўпинча бозорда уларнинг савдоси яхши юришмайди. Бу, охир-оқибат, уларнинг ҳам сифати паст ва арзон ёғ ишлатишларига сабаб бўлади. Афсус­ки, бу каби ҳолатларни тўлиқ назорат қилиш қийин. Чунки мамлакатимизда тадбиркорлар фаолиятини текширишни имкон қадар камайтиришга, уларнинг фаолиятига аралашмасликка урғу берилмоқда. Айрим сохта тадбиркорлар эса бу имтиёз ва эркинликларни шахсий манфаатлари йўлида ­суиистеъмол қилиб, юқоридагига ўхшаш қинғирликларга қўл урмоқдалар.
Мутахассислар билан суҳбатдан аён бўлдики, трансёғ ишлатмоқчи бўлган тадбиркор турли йўллар орқали ғаразли мақсадига эришиши мумкин. Масалан, у фаолиятининг муайян даврида сифат сертификатини олиш учун меъёрий ҳужжатларда белгиланган талаб­лар бўйича маҳсулот ишлаб чиқаради. Аммо кейинчалик шундай маҳсулот тайёрлаётганига ҳеч ким, ҳатто бунга масъул идоралар ҳам кафолат беролмайди. Чунки бозорларимиздаги ҳақиқий аҳволни аниқ-тиниқ кўрсатиб берувчи «бозор сифат назорати» ишлари жуда суст. Ҳолбуки, вазиятни яхшилаш учун бозор ва озиқ-овқат дўконларида бир йилда, олти ой ёки чоракда бир-икки марта эмас, мунтазам равишда ва тез-тез сифат назоратлари ўтказиб турилиши керак.
– 2020 йилнинг ноябрь ойида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан чакана савдода сотилаётган ёғ-мой маҳсулотларининг мувофиқлигини ўрганиш мақсадида 8 хил маргарин намуналари сотиб олинди, – дейди агентлик бошқарма бош­лиғи Павел Магай. – Улар синовдан ўтказилганда, 6 тасида трансёғлар 2 фоизлик меъёрдан юқори эканлиги аниқланди. Жумладан, Ўзбекистондаги «SARDOBA AGRO HOLDING» МЧЖ ҚКнинг «Мечта» маргаринида 32 фоиз, «Chromos Production» хусусий корхонасининг «Appetito» классик маргаринида 3,7 фоиз, «Baraka Food» МЧЖнинг «OLEO» маргаринида 2,9 фоиз, Туркиядаги «Besler Gıda ve Kimya San. Tic. A.Ş.»да ишлаб чиқарилган «Yayla» ўсимлик маргаринида 9,6 фоиз, «MARSA YAG SAN. VE TIC A.S.» корхонасида тайёрланган «ONA» қаймоқли маргаринида 7,8 фоиз, Россиядаги «Жировой комбинат» ОАЖнинг «Щедрое лето» қаттиқ маргаринида 7,8 фоиз экан. Юртимиздаги «MILK EURO FOOD» МЧЖнинг «Домашнее ­застолье» ва «GOOD FOOD GROUP» МЧЖ ҚКнинг «Сливочный» қаттиқ маргаринларида меъёр сақлангани маълум бўлди.

Вазиятдан қутулиш йўли

Кўриб турганингиздек, аҳолининг катта ишончини қозонган брендлар ҳам ­трансёғларни меъёридан ортиқ ишлатишган. Ваҳоланки, уларнинг сифат намуналари текширилиб, меъёрида бўлгани сабабли бозорга олиб чиқишга рухсат берилган. Кейинчалик эса бу сифатлар ўзгарган…
Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, шундоқ ҳам чипсларни, қовурилган товуқ гўштларини, пишириқларни истеъмол қилишга ва ярим тайёр маҳсулотлардан фойдаланишга рўжу қўйганимиз бир пайтда матн­­ли эслатма ва тавсиялар билан кифояланиш ҳеч қандай ёрдам бермайди. ­Трансёғлар чангалидан тўлиқ халос бўлиш учун комп­лекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Чунончи, уларнинг ўзимизда тайёрланишига ёки четдан кириб келишига қатъий чек қўйиш лозим.
– Бунинг учун, аввало, харидор олдидаги муҳим бир шарт бажарилиши керак, – дей­ди ҳамсуҳбатимиз Севара Иминова. – Масалан, Европада сиз қандай маҳсулот харид қилишингиздан қатъи назар, қадоғини ўқиб, унинг таркиби билан танишишингиз мумкин. Трансёғлар қўшилган маҳсулот нархи сифатли ёғлар ишлатилган маҳсулотникига нисбатан арзон бўлади. Танловни харидорнинг ўзи қилади. Пули етса, трансёғлари кам ёки умуман йўқ маҳсулотни, акс ҳолда, ­трансёғлар қўшилганини сотиб олади.
Ўзбекистонда ҳам бу борада энг муҳим қадам ташланди. Масалан, Президентимизнинг 2020 йил 10 ноябрдаги «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юртимизда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида трансёғларни камайтириш, шунингдек, истеъмолчиларга соғлом озиқ-овқатни танлаш учун қулайлик яратиш мақсадида «тамғалаш белгилари»ни жорий этиш бўйи­­ча 2025 йилга қадар мўлжалланган чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Унга кўра, маҳсулотларга «тамғалаш белгилари»ни жорий этиш 2021 йил 1 июлдан ихтиёрий, 2025 йил 1 январдан мажбурий бўлади.
Демак, ҳадемай бозорларимизда «тамғаланган», яъни қадоғида инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи белгилар мавжуд маҳсулотлар кўпаяди. Бу жуда яхши, албатта! Шу билан бир қаторда, «бозор сифат назорати» тадбирларини кўпайтириш, маҳсулот тайёрлашда сифатсиз ёғлардан фойдаланган тадбиркорларга жиддий чоралар қўллаш, истеъмолга яроқсиз техник пальма ёғлари, ҳақиқатан ҳам, техник мақсадларда ишлатилаётгани ёки ишлатилмаётганини суриштириш, мамлакатимизда ёғ маҳсулотлари етиштириш учун зарур ўсимликларни кўпайтириш керак.

Ёғ керак, аммо…

Тиббиётчи олим Низомжон Эрматов яна бир муаммони афсус ила эслатди. Биз ёғли, қовурилган ва гўштли таомларни севадиган халқмиз. Аммо аҳоли сони кўпайиши туфайли ёғга бўлган талаб ошиб, одамлар сифати паст ёғ маҳсулотларини ҳам истеъмол қилишмоқда. Оқибатда, ҳамюртларимиз орасида юрак-қон томир касалликлари ­кескин равишда кўпайиб бормоқда.
Бинобарин, саломатлигимизни ўйласак, трансёғли маҳсулотларни кундалик истеъмолимиздан чиқариб ташлашимиз даркор. Албатта, бу осон кечмайди. Чунки ширин пишириқлар, фастфудлар ва мазали музқаймоқлар болалар тугул, катталарнинг ҳам севимли таомларига айланиб қолган.
Шу боис соғлиқни асраш учун аста-секинлик билан яримтайёр маҳсулотлардан воз кечишимиз, имкон борича уларни ўзимиз уйда тайёрлашимиз, сифатли маҳсулотнигина сотиб олишимиз лозим. Айниқса, таркибида туз, шакар ва ёғ кўп бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишдан тийилишимиз, қадоқдаги ёзувларга эътиборли бўлиб, тўғри овқатланиш бўйи­­ча билимимизни ошириб боришимиз, уларга риоя қилишимиз шарт. Шундагина трансёғлар соғлиғимизга хавф туғдирмайди, узоқ йиллар фаровон ҳаёт кечирамиз.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»