Оҳ телефон,воҳ телефон!

2109

…Автобус бекатига яқинлашар эканман, ўриндиқлардан бирида омонатгина ўтирган, қўлидаги телефонга тикилган ёш аёл диққатимни тортди: одмигина ­кийимининг ранглари-ю бичимлари чиройли диддан дарак берарди.

Аста ёнига жойлашдим. Яширмайман, шубҳа-ю хижолатга қўймайдиган тарзда унга яна қарагим келди. Аёлнинг фикру хаёли телефонида. Ёнгинасида ўтирганимдан кейин, ора-сира овоз ҳам эшитилади-да: телефон тугмачалари тез-тез босилиб рақам терилди. Нариги томон ҳаялламай жавоб берди, шекилли, жувон салому аликсиз:
– Қаердасиз? – деди бетоқатлик билан. Кейин бир муддат тўхтаб-тўхтаб, гапини давом эттирди. – Нимага унақа қиласиз?.. Йўқ! Айтдим-ку… Яна ўз гапингизни маъқуллайсиз-а… Ойимдан мен сўрамайман, ўзингиз гаплашинг!
Шу дақиқада нариги тараф суҳбатни узиб қўйдими, жим бўлиб қолди. Ноқулайлик бўлмасин учун ўриндиқнинг бу чеккасига сурилиб, тескари тарафга ўгирилдим. Лекин қулоқ очиқ-да, эшитаверасан: телефон номери яна тезлик билан терилди, аммо нариги томон жавоб ҳам бермай, алоқани узди. Шундан кейин қулоғимга чалинган телефоннинг «тик-тик»ларидан тушунишимча, адашмасам, аёл SMS ёза бошлади…
Шу аснода яна аёл томонга қарадим, аммо оғиз очишгаям улгурмадим. У бир норози қараш қилди-да, ўрнидан турди-кетди…
Бошқаларда билмадиму, менда шундай… Йўлларда, жамоат жойларида, ҳатто ўзлари ёлғиз бўлган инсонлар муаммо-ю масалаларини кечиктирмай ҳал этиб олиш учун телефон орқали гоҳ бақир-чақир билан, гоҳ йиғи-ю гиналар қилиб, гоҳ ўқ сўзларни отаётганларини кўрганда… «нима қилсам тўғри бўлади?» деган савол кўндаланг бўлаверади.
Яқинда автобусда телефон орқали бир қариндошини иккинчисига ёмонлаётган ҳамроҳимга астагина: «Гапингизни ҳамма эшитяпти…», дея оғиз очсам, у зарда билан: «Бўпти, гапим бу ердагиларга ёқмаяпти!», деди суҳбатдошига ва телефонини ўчирди.
Яна бир гал телефонда ким биландир астойдил даҳанаки жанг қилаётган қизга «яхшимас, жим!..» деган маънода ишора қилгандим. «Сизнинг нима ишингиз бор?» деди кўзимга ўқ санчгудек тик боқиб.
Бугун эса бир қарашда ҳавасингни келтирадиган ёш жувон, адашмасам, телефонда эрини тергади, эридан норози бўлди, эри гапни қисқа қилмоқчи бўлганда, ҳеч бўлмаса, уйига боргунича сабр қилишниям истамади-ёв…
Ўйлаб қолдим: йил сайин кўпайиб бораётган оилавий ажримларда мана шундай, яъни «ўзи билан учрашганда воқеа тафсилотини билиб олай-чи», «ҳозир шу гапнинг мавриди эмас», «эрим (хотиним, отам, онам) ишдан чарчаб келади (ёки соғлиғи яхшимас), кўнгилсиз хабар (кайфият) билан кутиб олишим чиройлимас» каби мулоҳазалар эшикларини тамоман «михлаб» ташлаб, мисоли гўдак фарзанддан ҳам қўлига-ю дилига яқин бўлиб қолган телефон орқали шу лаҳзанинг ўзида «орани очди қилишга», «кимнингдир жойини кўрсатиб ­қўйишга», «бошқалар шохида бўлса, ўзи баргида юришини» таъкидлашга интилишу чираниш­ларнинг ҳиссаси қанча экан?..
Ҳаётда жуда кўп синалган вазият: кимдан ёки нимадандир жуда хафа бўлиб, шу лаҳзада «ёрилгинг», «тўкилгинг», «енгиллашиб олгинг» келади. Аммо шайтоннинг васвасасига учмай, кўзинг ва қалбингни кенг­роқ очиб дунёга қарасанг, хилма-хил тақдирлару воқеалар оқимида сенинг ташвишинг арзимаслиги-ю, сенга ўхшаганлар оз эмаслигини англайсан, ирода-ю сабрга таянганларнинг топ­ганлари йўқотишларидан кўп эканини эътироф этасан ва шу аснода жисму руҳингни кимдандир қасд олиб чарчатишга эмас, балки нолишу норозиликларни енгиб чиқишга қодир бўлган куч тўплашга шайлайсан.
«Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапирмоғи ёлғончи эканига кифоя қилади», ­дейилади бир муборак ҳадисда. Эҳ-ҳе, йўл-йўлакай эшитганларимиз, кўрганларимизнинг моҳиятига етиб-етмай, уни бошқаларга сўзлаб, муҳокама қилиб, хулоса чиқариб… бир ибора билан айт­ганда, қулоғимизга кирганларни шошқалоқлик билан оғзимиздан «гуллаб» ёлғончига айланган, гуноҳ орттирган пайтларимизнинг ҳисоби қўлимизда телефонлар борлиги туфайли геометрик прог­рессия асосида кўпайиб кетмаяптими?
Тўғри, бугунги кунимизни телефонсиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг беминнат хизматлари шарофатидан узоғимиз яқин, муаммоларимиз ечими осон, ишларимиз тез ва енгил, ҳатто олисдаги соғинган инсонларимиз билан хоҳлаган пайтда дийдорлашмоғимиз мумкин.
Хуллас, телефоннинг имкониятлари шу қадар кўпки… Фақат у шошқалоқлик, сабрсизлик, меҳрсизлик, бешафқатлигимиз касридан пушаймону йўқотишлар кўчасига олиб киргувчи воситага айланиб қолмасин… Аксинча, у феълу фаросатимиз, сабру мулоҳазаларимиз, ҳаёт ва одамларга муҳаббатимиз измида ҳамиша бизни қўллаб-қувватлагувчи дўстга айланиши мумкин.

Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган
маданият ходими