Лоқайдлик вируси

1914

Кўпчиликнинг кўнглига хавотир ва ҳадик солаётган бепарволик «касаллиги» бир кун келиб, ёқамиздан тутмаса, деб қўрқаман. Бу бепарволик, чамамда, коронавируснинг ўзидан ҳам даҳшатлироқ талофатларга олиб келиши мумкин. Таажжубланарлиси, касаллик авж олган сайин бепарволигимиз ҳам ортиб бораётгандек…

Тўй ва бошқа маъракаларимизда беш юз, олти юзтагача меҳмон кутяпмиз. Ниқоб тақишни одат қилганимиз етмагандек, унинг тозалигига, вақтида алмаштириб туришга, сақлашга эътибор қилолмаяпмиз. Таксига чиқсангиз, ҳайдовчининг ниқоби тумшуғининг тагида. Ошхонага кирсангиз, ўзингизга ўхшаган хўрандаларнинг таққан ниқоби дастурхон устида, чойнак-пиёланинг ёнида туради. Бозорларга борсангиз, эпидемия тарқалишининг олдини олишга масъул шахс­ларнинг беғамлигидан ташвишланасиз.
Ўтган йили Навоий шаҳридан қатнайдиган барча таксилар хавфсизлик мақсадида енгил машиналарининг олдинги ва орқа ўриндиқларини шаффоф мато билан ажратиб қўйишган эди. Ҳозир уларнинг биронтасида шундай тўсиқни кўрмайсиз. Бугун ўзим ўтирган такси ҳайдовчисига атай шу маънода савол бердим. Ҳайдовчи «Ака, ҳозирча корхонамиз раҳбарларидан бу ҳақда топшириқ ёки кўрсатма олмаганмиз», деди бепарволик билан. Мана сизга муносабат! Биз фақат раҳбарларнинг топшириғини бажариш учун яшаётганимиз йўқ-ку?.. Ўзимиз ҳар қандай хавфнинг олдини олишга киришмас эканмиз, касалликнинг юқишидан ўзимизни, оиламизни асло ҳимоя қила олмаймиз.
Бу йил бевақт оламдан ўтган уч-тўрт нафар қишлоқдошимизнинг дафн маросимига боришимизга тўғри келди. Самарқандда бир одат бор. Майит чиққан хонадонга яқинлари, қўшнилари, дўсту-биродарлари ёрдам бериш маъносида уч, тўрт кунгача озиқ-овқат келтиришади. Ҳамма бир дастурхонда ўтириб таомланади. Бунинг устига, бир пиёладан уч-тўрт киши алмашлаб чой ичади. Гўёки атрофимизда ҳеч қандай офат, хавф-хатар йўқдек…
Қиссадан ҳисса шуки, ҳар биримиз ўзимизни, яқинларимизни эҳтиёт қилсак, тўй-ҳашамларни чегараласак, бозор-ўчарларда ҳаддимиздан ошмасак, бошқаларга ҳам чин маънода марҳамат, меҳр-муҳаббат кўрсатган бўламиз.
Шундай эмасми?

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»