Сиз айтган чинорлар кесилиб кетди (ми)?

4529

Избоскан тумани маркази – Пойтуғда ўтган асрнинг 60-йилларида экилган азим чинорлар савлат тўкиб туради. Бир вақтлар кўчанинг икки томонидан қуюқ соя солиб турган бундай чинорлар кўп бўларди. Лекин кейинчалик ҳар турли қурилишлар баҳонасида уларни кесиш бошланди. Дўкон қуриш, йўлни кенгайтириш ёки қайсидир устамон тадбиркорга ёғоч-тахта керак бўлса, йўл бўйидаги чинорларга болта солинди. Шукрки, шунча кес-кесларда азим чинорлар бир четдан чопиб ташланмади.

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида улкан ­бунёдкорлик-қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу яхши, аммо қурилишларнинг кўпчилиги ўша жойдаги дарахтларни кесишдан бошланди. Кейин «айб»ни ювиш мақсадида турли хил манзарали дарахт кўчатлари экиб қўйилади. Уч-тўрт йил ўтгач, қайсидир раҳбарга маъқул келмай қолади, шекилли, ҳали соя беришга улгурмаган дарахтлар кесиб ташланиб, янгиси экилади. Бундай ҳолатнинг ­такрорланиши одатий ҳолга айланди.
Яқин-яқингача тагига уч-тўрт сўри бемалол сиғадиган азим садақайрағочлар бўларди. Энди кесувчи-қурувчилар дастидан уларни тушимизда кўрамиз…
– Тошкент шаҳри ҳавосининг мусаффолигини 30 фоизга яхшилаш учун яна учта Ботаника боғи керак, – дейди Давлат экология қўмитаси бошлиғи ўринбосари Исломбек Боқижонов. – Кесилган чинорлар ўрнига экилган манзарали дарахтлар ҳавони деярли тозаламайди. Бир миллион аҳолиси бўлган Душанбе шаҳрида 18 та истироҳат боғи бор. Улар келгусида яна олтита боғ яратишни режалаштирган. Бизнинг бошкентимиз – Тошкентда эса 14 та боғ мавжуд. Афсуски, экилган дарахтлар қурилишлар баҳонасида йўқолиб кетяпти. Азалдан соя-салқин бериб келаётган чинорлар кесилиб, ўрнига манзарали дарахт­лар экилмоқда. Улар кислород ишлаб чиқариб, ҳавони зарарли моддалардан ва чанглардан тозалай олмаяпти.
Таъкидланишича, яна иккита ёки учта Ботаника боғи яратилса, пойтахтдаги ҳаво ҳароратини 2 даражадан 8 даражагача салқинлатиш мумкин экан.
Шу ўринда Экология қўмитаси шаҳар атрофида 50 гектарлик боғлар барпо этиш ташаббуси билан чиққанини таъкидлаш жоиз.
Яна бир гап. Илгари ҳар бир маҳаллада кўп йиллик мажнунтол, тут, ёнғоқ, ўрик дарахтлари бўларди. Бу дарахтлар одамларга ота-боболарини эслатиб турувчи қадрият сифатида авайланиб, парвариш қилинарди. Дарҳақиқат, ҳовлингизга бир ниҳол қаданг. Уни эндигина атак-чечак бўлган фарзандингиз ёки набирангиз билан парваришлаб боринг. Сиз ўтгандан сўнг улар «бу дарахтга отамнинг ёки бобомнинг қўли теккан», дея ардоқлайди. Дарахтга меҳнати сингмаганлар эса ўтин ёки пул учун кесиб ташлайди.

Нима ҳам дердик, қурилишлар соя-салқин бериб турган азим дарахтларни кесишдан ­бошланмасин, катта-ю кичик қишлоқ ва шаҳарларга файз бағишлаб турган улкан дарахтларнинг қадри ортиб бораверсин!
Сиздан илтимос, қўлингизга болтани олишдан олдин бу ҳақда бир мулоҳаза қилиб кўринг. Дарахтни кесиб ташлашга эса улгурасиз.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист