Ризо Дегати: Қорабоғ масаласини 30 йилдан бери ёритаётган фотожурналист

1178

 

Ҳар сафар дунё ҳақиқатни кўришни истамаслигини сезганимда, фотосуратларим билан адолатга эриша олишимга  ишонаман. Кўпгина мамлакатларда сиёсий сабабларга кўра ахборот одамларга нотўғри талқин қилинади. Мен эса бундай пайтларда кўргазмалар ташкил қилиб, суратларим  билан  ҳақиқий   ҳолатни   кўрсатишга    интиламан, – дейди  Боку шаҳридаги Озарбайжон маданият марказида  очиқ   ҳавода  ташкил  этилган «Фотосуратлар тарихи» кўргазмасида, дунёга машҳур фотограф Ризо Дегати.

Ризо Дегати 1952 йилда Эроннинг Табриз шаҳрида туғилган бўлиб, кейинчалик машҳур фотожурналист бўлиб етишди. Фаолияти давомида у кўплаб халқаро даражадаги мукофотларга  лойиқ кўрилган. Сабаби у ўз асарлари орқали бетакрор табиатни бошқалар илғамаган жиҳатлари билан тасвирга муҳрлаши билан бирга, инсониятнинг мудҳиш хатолари,  фожеалари ва қарама-қаршиликларини ҳам маҳорат билан суратга олади. Ризо Дегати айни пайтда 69 ёшда.  Шундай бўлса-да, у  Озарбайжоннинг Қорабоғ ўлкасида бўлган воқеаларни синчиковлик билан 30 йил давомида ёритиб борди.

–Қорабоғ масаласини 30 йилдан бери ўз фотосуратларим билан ёритиб, халқаро ҳамжамиятга етказиб келмоқдаман. Агар кимдир менга эътироз билдирса,  фактлар сифатида суратларимни   кўрсатаман»,  – дейди Ризо   Дегати.

Ўз фотосуратлари ҳақида сўзлар экан, журналист совет даврида рус православ черкови ёпилиб, омбор ва спорт зали сифатида ишлатилганини,  1990 йил 20 январь воқеалари пайтида совет ракеталари черковга жиддий зарар  етказанини таъкидлади. Унинг айтишича, 2000 йилда озарбайжонлик тадбиркор  Ойдин Қурбонов черковни ўз маблағи ҳисобига қайта тиклади. Бу озарбайжонликларнинг бағрикенглигини кўрсатувчи мисоллардан биридир, – дейди   у.

Шундан сўнг Ризо Дегати  биринчи  Қорабоғ уруши пайтида Шушада олинган фотосуратлари ҳақида ҳам сўзлади:

–Ўша пайтда йўллар ёпилган  эди. Тоғлардан узоқ ва қийин йўлни  босиб   ўтиб, Шуша шаҳрига етиб  келдим. Қамал пайтида артиллерия  ўқлари  шаҳарнинг кўп  қисмини   вайрон   қилган, шунинг учун  Озарбайжон   аскарлари   Шушадаги   мактабда    яшаётганди, аммо улар таъминот тахчиллиги туфайли  қийинчиликларга дуч  келишаётганди. Натижада 1992 йил 8 майда Арманистон  қуролли  кучлари   шаҳарни  қўлга  олди.

Орадан 28 йил  ўтгачгина, 2020 йилнинг 8 ноябрида шиддатли жанглар натижасида озарбайжон  жангчилари  энг хавфли ва қийин тоғ йўлларидан ошиб, шаҳарни  озод  қилишди. У ерга қайтганимда барча уйлар, масжидлар, музейлар, тарихий обидалар, мактаблар, қабристонлар вайрон бўлганини кўрдим. Бу арман фашизмининг аянчли моҳиятини   кўрсатарди.

Кўргазмада  Ризо  Дегати  бошқа    фотосуратлари   тарихи   ҳақида  ҳам тўхталиб, жамоатчилик аъзолари ва журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Зебо НАМОЗОВА тайёрлади