Лоқайдликми ё нўноқлик?

2713

Шундай соҳалар борки, ходимнинг арзимасдай туюлган хатоси атрофдагилар учун қимматга тушиши мумкин. Агар фаолиятда хато-камчиликлар тез-тез такрорлангудек бўлса, билингки, мутахассис ё нўноқ, ё ўта лоқайд. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Андижон шаҳар бўлими ходимлари орасида ҳар икки тоифа вакиллари ҳам етарлича, чоғи…

Яқинда ҳудудда фаолият кўрсатаётган давлат идораларидан бирининг 10 нафар ходими номи тилга олинган ташкилотда коронавирус инфекцияси учун текширувдан ўтди. Бир кундан сўнг таҳлил натижалари эълон қилинди: икки нафарида инфекция борлиги аниқланибди. Хуллас, бу ҳақдаги маълумотномаларни олиш учун ходимлардан бири «СЭС»га вакил бўлиб боради… ва тест топширган ҳамкасблари рўйхатини кўриб, мутахассисларнинг иш тутумидан ­ҳангу манг бўлиб қолади.
Амалиётдаги ҳозирги тартибга кўра, текширувдан ўтганларнинг исм-фамилия­­си аввал компьютердаги умумий рўйхатга киритилиб, касаллик аниқланганлар номи алоҳида сариқ рангга бўяб қўйилади. Сўнг­­ра хасталикка чалинган ёки чалинмаганлиги хусусида уларнинг ҳар бирига икки энлик маълумотнома ёзиб берилади. Гап шундаки, сўз бораётган ҳолатда текширувдан ўтганлардан қарийб ярмининг исм-фамилияси базага мутлақо нотўғри киритилган: жумладан, Маттиева фамилияси Шодиева дея, Эшонова фамилияси Исақова тарзида, Ҳаётбек ва Сарварбек исмли ҳамкасблар эса Ҳотамбек ва Сардорбек шаклида…
Ҳудудларда кунига юзлаб, минглаб ҳамюртларимиз коронавирус инфекцияси учун тест топширишяпти. Кимдир касалликка гумон қилиниб, бошқа биров хизмат зарурияти юзасидан… Билишимизча, бирор кимсада хасталик аниқланган тақдирда лабораториядагилар бу ҳақда у яшайдиган ҳудуддаги поликлиникага ҳам дарҳол хабар беришяпти. Дейлик, текширувдан ўтган бирор кимсада касаллик аниқланиб (зикр этилаётган вазиятда ҳам фамилияси бошқача ёзилганлардан бирига вирус илашган), поликлиникага маълум қилинди, аммо исм-шарифи хато ёзилгани боис шифокор ушбу беморга адаш бўлган ва худди шу куни тест топширган бошқа бир соппа-соғ одамга бу ҳақда хабар бериб юборса, нима бўлади? Гарчи касалликнинг бошланғич нуқтасида бўлса-да, вирус илашганлиги ҳақидаги хабардан саросимага тушиб, қўрқувдан ҳолати оғирлашган беморлар ҳақида эшитяпмиз, кўряпмиз ахир… Атрофимизда бир хил исм-шарифли одамлар кам дейсизми? Қолаверса, ҳузурига келган бир ташкилот ходимларидан тенг ярмининг номини ўзгартириб ёзувчи мутахассис бошқаларда шу каби эътиборсизликка йўл қўймаслигига кафолат борми? Ишониш қийин.
Кишини таажжубга соладиган иккинчи жиҳат шуки, лаборатория мутасаддилари зикр этилаётган ҳолатда 10 нафар фуқаро учун бериладиган маълумотномани тўлдиришга эринчоқлик қилиб, вакил бўлиб борган ҳамкасбнинг қўлига имзо ва муҳр босилган қуруқ бланкаларни тутқазишган: «Ёзишга вақт йўқ, улгурмаяпмиз, ўзларинг тўлдириб оларсизлар!?.». Лоқайдлик ҳам эви билан-да энди!
Бугун одамларда хизмат юзасидан ушбу мавзудаги маълумотномаларга эҳтиёж катта. Шу бир энлик қоғоз учун кимдир росмана текширувдан ўтса, яна биров бунинг бошқа – «сиздан угина биздан бугина» қабилидаги «синалган» усулларидан фойдаланмоқда. Бўш бланкалар шу тоифадаги, аммо инфекция илаштирганидан ўзи бехабар ҳолда гавжум нуқталарда бемалол юрган кишилар қўлига тушса нима бўлади? Бир имзо-ю бир муҳр бор маълумотномани истаган санаси билан тўлдириб, сўралган жойга тақдим этмаслигига лабораториядагилар кафолат бера оладиларми? Касаллик атроф­дагиларга юқмаслигига-чи?

Давлатнинг эпидемиологик сиёсати ижросига масъул бўлган бутун бошли тузилманинг қарийб 500 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган шаҳар бўлимида шаклланган хўжасизларча иш тутумидан юқори турувчи ташкилотларнинг хабари йўқ, чоғи?

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»