Пенсия тайинлашда қандай қулайликлар яратилди?

930

Республикамизда 3 миллион 824 минг нафар меҳнатга лаёқатсиз ва вақтинча лаёқатсиз бўлган пенсия ва нафақа олувчи яшайди. Шундан 2 миллион 849 минг нафари ёшга доир, 386 минг 500 нафари ногиронлик, 189 минг 100 нафари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олади. Бинобарин, бу тоифаларга кирувчи инсонларнинг барчаси давлатимиз эътиборида.

Президентимизнинг шу йил 3 февралда имзолаган тегишли фармонига мувофиқ тасдиқланган 2021 йилги давлат дастурида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги тартиб ўрнатилди:
– пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;
– уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинди;
– ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилди;
– пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;
– пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;
– фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.
Буларнинг барчаси юртдошларимизга яратилаётган қулайликлардир.

Шербек ҲАЙИТОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Арнасой
тумани бўлимининг
Пенсия ва нафақалар
тайинлаш ва тўлаш шўъбаси катта инспектори