Ушоқ уволи

2114

«Ноннинг ушоғи ҳам нон» дейишади. Ушбу пурмаъно ҳикматнинг тарбиявий аҳамияти жуда катта. У улуғ неъмат бўлмиш нонни исроф қилмасликка, эъзозлашга ундайди.

Улуғ мутафаккирлардан бири Абу Ҳафс Кабир Бухорий камбағалликка сабаб бўлувчи бир қанча омилларни баён қилиб ўтган экан. Масалан, нон ушоқларини оёқ остига ташлаш, юзни этак билан артиш, уйни супурмай қўйиш, остонада ўтириш, идиш-товоқни ювмаслик, қўлни пок­ламай таом ейиш, тиш билан тирноқ олиш, ёши катталар ва оқсоқоллар олдидан кесиб ўтиш…
– Ҳой бола, нонни ­босяпсан.
– Бобо, бу нон эмас, ушоқ-ку.
– Ҳеч қанча вақтинг кетмайди, териб олсанг-чи, … кўр қилади.
– Эй, кетдим, кўзим оқиб тушсин…
– Тавба де, нодон, тавба…
– Демайман, демайман…
… Қанча сувлар оқиб кетди. Бола эр йигит бўлиб, ҳарбийдан кейин қурувчилик қилди. Бир куни тепадан нимадир кўзига тушгандек бўлди. Биров чанг, биров темир қириндиси деди. Бормаган доктори, кўрсатмаган табиби қолмади. Кўз кундан-кун хиралашиб, қора тортаверди…
Йигит нонни, аниқ­роғи, ушоқни увол тутганини тушунди, ­англади. Аммо энди пушаймонликдан фойда йўқ эди.
Нуроталик машҳур чорвадор Ғаффор Обидов жуда меҳнаткаш ва тадбиркор инсон. Шу боис, у кишига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор унвони берилган.
Иттифоқо, бир йили у киши билан Ғиждувонга бордик. Зиёрату тижоратлардан кейин сўлим таомхоналардан бирига кирдик… Дастурхонда уч бурда нон қолди. У киши дуодан кейин хотиржамгина уларни олиб, тоза рўмолчага ўраб, тўрвахалтасига жойлаштирди. Шерикларимиздан бирининг маъноли қарашини сездими ёки айтилмаган саволга жавоб дедими, кулимсираб­гина изоҳга ўтди:
– Ризқни қолдириб кетмаслик керак. Биздан кейин бу нон бўлакларини ҳеч ким емайди. Кимдир йиғиб, молига бериши мумкин. Худодан қўрқмагани эса ювиндига қўшиб тўкиб юборади. Ҳозиргина берилган ризқ-насибага шукр қилиб, мўл-кўллик сўраб, дастурхонга дуо қилдик. Амалда унинг аксини қилсак, қандай бўлади? Мен отамнинг насиҳатини олиб, эсимни таниганимдан буён нонни ҳам, ушоғини ҳам увол қилмайман. Балки Худо берган давлат, барака ҳам шу амалим туфайлидир…
Ҳа, ноннинг ушоғи ҳам нон. Унинг уволи тутишини кўрганмиз, эшитганмиз. Бунга мисоллар кўп…Суюндиқ

Мустафо НУРОТОИЙ