Чемпион мураббий

2106

Ўзбек халқининг довруғини дунёга ­достон қилган гроссмейстер Рустам Қосимжоновга ФИДЕнинг шахмат ­бўйича ўн еттинчи ва энг сўнгги жаҳон чемпиони бўлиб қолишдек юксак шараф насиб этган. Зеро, айнан унинг номи билан чемпионлик тожини берувчи «нокаут баҳслар» деб аталувчи мусобақаларнинг тарихи ўз якунига етди. 2005 йилдан бошлаб бу мусобақалар «Жаҳон кубоги» деб номлана ­бошланди ва ўзининг олдинги нуфузини бирмунча йўқотгандек бўлди.

Рустам Қосимжонов 2004 йили Ливия пойтахти Триполида «Жаҳон шахмат тожи» учун курашда ўша пайтдаги шахмат оламининг энг номдор ва энг нуфузли вакилларидан Василий Иванчук (Украина), Золтан Алмаши (Венгрия), Александр Гришук (Россия), Веселин Топалов (Болгария) ва Майкл Адамс (Буюк Британия)ларни мағлубиятга учратди. Ўшанда у ғолибликка даъвогар сифатида жиддий баҳоланмаган, тан олинмаган эди. На рақиблар, на мутахассислар унга эътибор беришмаган, айтиш жоиз бўлса, унчаям назар-писанд қилишмаган эди. У фақат венгриялик Золтан Алмашини асосий вақтда мағлубиятга учратган бўлса, бошқа барча учрашувларда «тезкор шахмат» ўйини орқали ғолиб бўлди.
Ҳамюртимиз ФИДЕнинг янги чемпиони бўлгач, ўзидан аввалги жаҳон чемпиони украиналик Руслан Понамаревни 2002 йилда бошланган «Шахмат оламининг бирлашув жараёнлари»дан четлатиб қўйди. Гап шундаки, энди Р.Понамарев эмас, балки Рустам Қосимжонов ягона «Жаҳон шахмат тожи» учун оралиқ саралаш ўйинларида ПША (Профессионал Шахмат Ассоциацияси) версияси бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровга рақиб бўлиши керак эди. Аммо афсуски, бу учрашувлар Қосимжоновга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ўтказилмай қолди.
Натижада Рустам Қосимжоновнинг ҳаёти шартли равишда бир-биридан фарқ қилувчи икки даврга – шахмат тождори бўлишдан «олдин» ва «кейин»ги даврга бўлиниб қолгандек бўлди.

ОЛДИН:

Жаҳон шахмат тожини қўлга киритгунча Тошкент шахмат мактаби тарбияланувчиси бўлган Рустам Қосимжонов қатор нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашди. Хусусан:
1994 йилда ўсмирлар, 1998 йилда эса катталар ўртасида Осиё чемпиони бўлди;
1999 йил ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 2-ўринни эгаллади;
2001 йил Эссенда, 2002 йилда Памплонеда ўтказилган нуфузли халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди.
2002 йил Ҳайдарободдаги нуфузли халқаро мусобақада фақат Виши Анандни олдинга ўтказиб юбориб, иккинчи ўринни эгаллади.
Жаҳон чемпиони бўлгандан КЕЙИН:
2005 йилда Жаҳоннинг энг кучли саккиз гроссмейстерлари иштирокидаги «Линарес-2005» супертурнирида 6-7-ўринларни бўлишиб олди;
2005 йилда Сан-Луисе шаҳрида ўтказилган ФИДЕнинг жаҳон чемпионатида ­М.Адамс билан яна 6-7-ўринларни бўлишиб олди.
Бугунги кунда кимгадир Рустам Қосимжоновнинг шахматчи сифатидаги фаолияти сустлашгандек, турли мусобақаларда камроқ қатнашаётгандек бўлиб туюлиши мумкин. Аммо бу фикрлар анча баҳсли ва ўринсиздир. Чунки вақт ўтиши билан Рустам Қосимжонов ўз иқтидори ва тажрибасини энди фаол шахматчи сифатида эмас, балки доно маслаҳатчи (секундант), устоз-мураббий сифатида намоён эта ­бошлади. Унинг юксак салоҳияти, бой тажрибасига бўлган эҳтиёж кундан-кунга ортиб бормоқда. Секундантлик, устоз-мураббийлик соҳасидаги сезиларли натижалари шахмат оламини яна ларзага солиб, унга бўлган эътиборни яна кучайтириб юборди.
Рустам Қосимжоновнинг мураббий-секундант сифатидаги илк фаолияти жуда муваффақиятли бошланди.
2008 йилда у Виши Ананднинг Крамник билан шахмат тожи учун ўтказган учрашувида Анандга мураббий-секундантлик қилди. Ананднинг жаҳон чемпиони бўлишида унинг ҳам катта хизмати борлигини барча эътироф этди. Бу ғалаба Рустам Қосимжоновнинг номини, обрўсини шахмат оламида яна юксак чўққиларга олиб чиқди. У билан ишлашга, унинг маслаҳатини олишга муштоқларнинг сафлари кенгайди. Ўшандан бош­лаб у жаҳоннинг мана-ман деган шахматчилари билан ишлай бошлади.
Бугунги кунда у келиб чиқиши асли италиялик бўлган АҚШлик иқтидорли шахматчи билан шахмат оламини забт этишга маҳкам бел боғлаган. Мана саккиз йилдирки, Рустам Қосимжонов бутун борлиғи, онгу шуури билан Фабиано Каруано исмли ёш шахматчи билан шуғулланади, унга шахматнинг ўзи англаб етган нафис сирларини қунт билан ўргатади. Ўтган вақт мобайнида Фабиано амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсендан кейинги, яъни ­дунёнинг иккинчи рақамли шахматчисига айланди. ­Рустам Қосимжоновнинг бу шогирди яқин орада шахмат тожи учун асосий даъвогар бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти.
Шахмат бўйича 2004 йил жаҳон биринчилигида ғолибликни қўлга киритиб, халқимизга хос юксак интеллектуал салоҳиятни намоён этган Рустам Қосимжоновнинг олдида ҳали қилиниши керак бўлган кўп ­масъулиятли вазифалар турибди. У бутун умрини шу қадимий ўйиннинг равнақига бахшида этмоқда.

Аъзам ИСҲОҚОВ