Пойтахтнинг бош зиёратгоҳи

6014

Бугун «зиёратгоҳ» деганимизда нафақат авлиё-ю ўтмишда ўтган кароматгўй аждодларимизнинг қадамжоларини, балки яқин тарихимиз билан боғлиқ, миллатимиз ва ватанимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўчмас из қолдирган қаҳрамон боболаримиз хотирасини, улар ётган манзилгоҳларни ҳам атамоқдамиз. Бунга мисол сифатида, мустабид шўро тузуми даврида Юнус­ободдаги қатлгоҳларда отиб ташланган жойда барпо этилган «Шаҳидлар хотираси» ва у ерга ўрнатилган рамзий сағанани келтириш мумкин.

Тарихга бир назар

Ўтган асрнинг 60-йилларида Туркис­тоннинг Чор Россияси қўшинлари томонидан забт этилиши билан ўзбек халқи тарихининг мустамлакачилик даври ­бошланди. 1917 йилнинг февраль ва октябрь ойларидаги инқилобий воқеалар Чоризмнинг тарих саҳнасидан кетишини тезлатди. Аммо янги мустабид – большевиклар давлатида, биринчи навбатда, миллий респуб­ликаларда яшаган халқ қулга, улар яшаган жаннатмонанд ўлка эса соғин сигирга айлантирилди. Большевиклар давлати бу муттаҳамлик билангина кифояланиб қолмай, жаҳон тамаддуни тараққиётига улкан ҳисса қўшган ўзбек халқи бошига қарийб саксон йил давомида бало тошларини ёғдириб келди. Халқимиз бу қора кунларни сиёсий қатағонлар даври, деб атади. Сиё­сий қатағонлар даврини бошидан кечирган Туркистонда юз минглаб кишилар манглайига «халқ душмани», «аксилинқилобчи», «миллатчи» сингари ёрлиқлар ёпиштирилиб, уларнинг бир қисми ватанларида отиб ташланган бўлса, аксар қисми абадий музликлар ўлкасига сургун қилиниб, муборак хоклари ўша ерларда абад ул-­абад қолди…
1991 йил Ўзбекистон мустақилликка эришгач, «халқ душмани», «аксилинқилобчи», «миллатчи» сифатида йўқ қилиб юборилган юртдошларимиз хотирасини тиклаш ва эъзозлаш ишлари бошланди. 2000 йил Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Куни кеча ҳатто номларини ҳам тилга олиш тақиқланган юртдошларимизнинг ҳаётлик пайтларида қилган муборак ишлари, фожиали тақдирлари ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалар, рисола ва монографиялар, уларнинг бир ёки кўп жилдлик асарлари нашр этилди; улар ҳақида радиоэшиттиришлар, телекўрсатувлар берилди; театр спектакл­лари, ҳужжатли ва бадиий фильмлар, ­тасвирий санъат асарлари яратилди; улар ҳаётига бағишланган хотира кечалари, илмий конференциялар ўтказилди, «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи ва унинг вилоят бўлимлари ташкил этилди…

Янги ғоялар ва янги вазифалар

Тарих саҳнасига янги, забардаст давлат арбобларининг келишлари билан ҳаёт янгиланади, мамлакат ва халқ тарихининг янги тараққиёт даври бошланади. Шавкат Мирзиёев Президент сифатидаги фаолиятини янги ғоялар, янги лойиҳалар, янги ислоҳотларни амалга ошириш ва Ўзбекистонни янги тараққиёт хиёбонига олиб чиқишдек катта мақсад билан бошлади. У қисқа муддатда уй-жой қурилиши, саноат ва қишлоқ хўжалиги, фан ва маданият соҳаларинигина эмас, балки маънавият соҳасини ҳам тубдан қайта қуриш стратегиясини ишлаб чиқди.
Ўтган давр ичида, айниқса, янги очилган йилларида «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи зиёратчилар билан доим гавжум бўлган. Кимдир музей залларида бирор яқин кишисининг суратини кўриб, ўйчан, кимдир миллий тарихимизнинг бу мусибатли саҳифалари билан танишганидан сўнг кўз ёшларини артиб чиқаётган бўларди. Лекин сир эмас, вақт ўтиши билан мусибат тиғлари ўтмаслашганидек, қатағон қурбонлари бўлган ота-боболаримизни хотирлашдек фазилатга ҳам гард қўниб борди. Музейга ёшларнинг ҳам, катталарнинг ҳам келиши сийраклашиб қолди. Ҳолбуки, музей ва «Шаҳидлар хотираси» мажмуаси, айниқса, ёшларнинг шу ерга келиб, эрксевар ота-оналарининг хайрли ишлари, фожиали тақдирлари билан танишиб, улардек ватанпарвар, халқпарвар ва тараққийпарвар инсонлар бўлиб улғайишлари учун шу ердан «чўғ» олишлари лозим эди.
Ҳозир «Шаҳидлар хотираси» майдонида, шунингдек, «Қатағон қурбонлари хотираси» музейида шундай ишлар олиб борилмоқдаки, бу майдон ва музейни кеча кўрган кишилар уни қайта очилгандан кейин кўриб танимасликлари ҳеч гап эмас.
Аввало шуни айтиш керакки, бундай мемориаллар барпо этилган жойларда қатағон қурбонларининг исм-шарифлари мармар деворга олтин ҳарфлар билан ёзилган бўлиши талаб этилади. Аммо шўролар даврида КГБ архивларида ишлаб, шаҳидларнинг Хотира китобини яратиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмаганидек, Мустақилликнинг биринчи босқичида ҳам МХХ архивида ишлаб, шундай Хотира китобларини яратиш ниятида режали иш олиб борилмаган. Дастлаб Тошкентда «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи барпо этилгани, яқинда унинг вилоят университетлари қошида филиаллари ҳам ташкил этилгани туфайли Хотира китобларини яратиш учун илмий база мавжуд. Шу ҳол боис, аввал вилоятлар бўйича Хотира китоб­ларини, кейин қатағон қурбонларининг мармар деворга ёзилажак Рамзий хотира китобларини яратиш имконияти вужудга келди.
Шу йилнинг 31 августида Тошкентнинг Юнусобод туманида янгиланган «Шаҳидлар хотираси» мажмуаси ва рамзий Хотира китобининг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Шу вақтгача ер юзидаги бирор собиқ мустамлака мамлакатда ҳуррият ва мус­тақиллик учун кураш қурбонларининг Хотира китоблари яратилмаган. Бизда яратилаётган Хотира китоблари бошқа мамлакат ва шаҳарларда яратилган Хотира китобларидан шу жиҳати билан фарқланадики, бизнинг икки қисмдан иборат Хотира китобларимизнинг биринчи қисмида Чор Россияси даврида бўлиб ўтган «Вабо қўзғолони», «Дукчи эшон қўзғолони», «Жиззах қўзғолони» каби халқ ҳаракатларида қатнашгани учун дорга осиб ўлдирилган, шунингдек, Сибирга сургун қилинган жабрдийда юртдош­ларимизнинг ҳам исм-шарифлари ёзилган бўлади.
Яна шуни айтиш жоизки, сиёсий қатағон кампаниялари ХХ асрнинг фақат 30-50 йилларидагина бўлган эмас. 20-йилларнинг бошларида бойларнинг мол-мулкларини тортиб олиб, ўзларини сургун қилиш – «қулоқлаштириш» кампанияси даврида, шўро идораларида ўтказилган «тозалаш» кампаниялари даврида, аҳолининг маълум қисмини «сиёсий ҳуқуқлар» дан маҳрум қилиш даврида, космополитизмга қарши кураш ва «Пахта» иши давр­ларида озмунча ватандошларимиз ишдан ҳайдалиб, қамоқларга ташланиб, қанчадан-қанча азобларни бошларидан кечирдилар. Ана шу сўнгги масала – қамоққа олинган фуқароларнинг, НКВД подвалларида, «меҳнат-тузатув лагерлари» деб аталган қамоқхоналарда, Сибирь ва Узоқ Шарқдаги лагерларда халқнинг ор-номуси бўлган кишилар таҳқирланиб, инсон зоти кўрмаган азобларни бошларидан кечирдилар. Раҳбариятнинг топшириғи билан шу мавзуга бағишланган «1937 йилнинг оқ турналари», «Тарихнинг номаълум саҳифалари» деган очерк ва мақолалар тўпламлари ва бош­­қа китоб­лар нашрга тайёрланди.

Эъзозлаш – фақатт зиёрат қилиш эмас

«Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш» тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинганидан кейин (1999 йил 22 июль) тузилган «Шаҳидлар хотираси» хайрия жамғармасига шу қадар кўп хатлар келиб тушганки, бу хатларда кўз ёшлари билан ёзилган инсонлар фожиасини ўқиб, дилингиз пора-пора бўлиб кетади.
Мана, ўша хатлардан айрим сатрлар:
«…1916 йили Жиззах қўзғолони Зоминга ёйилганида, эл қатори Очил Абдураҳимов ҳам жонбозлик кўрсатган. Қўзғолон бостирилгач, жазога тортилган, 12 йилга сургун қилинган…
Мулла Очил номи билан халқ орасида обрў топган бу киши сургундан қайтгач, яна Зоминга келган, лекин совуқ ўлкаларда соғлиғини йўқотганлиги сабабли оёқ-қўли ишламай қолган, азоб-уқубат билан ўлган…

Зулфия Очилова» .

***

«…Қаюмхўжа Алиев 1900 йили Тошкентнинг Эгарчи маҳалласида туғилган. 1930 йили аксилинқилобий-миллатчилик ташкилотининг аъзоси сифатида кесилган…
1937 йили Қаюмхўжа яна ҳибсга олинди. Сабаби: яна ўша гап. Унинг шаънига тиркалган 1930 йилдаги айб­лов, 1937 йилдаги, 1949 йилдаги қамалишларида ҳам ўз кучини сақлаб қолган айблов…
«…Шундай қийноқларга чидагандан кўра отилиб кетганим минг марта афзал эди. Отув ҳаётни бир зумда якунлайди. Қийноқда кечган кунлар, тергов ва судлар ўлимдан минг чандон оғир ва мушкулдир» , деган эди Қаюм­хўжа Алиев тергов ва суд жараёнларини эслаб…

Ислом Турсунов» .

***

«…Жамоалаштириш ҳаракати ишбилармон кишилар тагига сув қуйди. Ака-укалар ҳам қулоқар рўйхатига тушишди. Барча мол-мулк ва уй-жойлари мусодара қилинди. Орифжон ва Имомжон амакиларим оилалари билан Украинага сургун қилинди. Муслимжон амаким эса оиласини олиб, Қўқонга қочиб кетди. Орифжон амакимнинг ўғиллари Мўминжон укалари Камолиддин билан бирга чет элга қочди. Мустабид тузум катта бир оилани шу тарзда хонавайрон қилди…

Абдулла Муқимов» .

***

«Тепада Алвастикўприк, сал берида эса қўрқинчли жарликлар бўлар эди. 1937-1938 йилларда гадойтопмас шу жойлардан кечалари даҳшатли ўқ овозлари эшитилиб турарди. Шунда ҳаммаёқни ваҳима босарди. Юрагимиз музлаб: «Ҳукуматнинг ғазабига учрасанг, шу – Тоштурмадан олиб келиб, яширинча отиб ташлайди» , деб ўйлардик.
Бу қатлу қирғинлар озмунча давом этганми? Қанча одамларнинг ёстиғини қуритган. Қанча оилаларни остин-устун қилиб ташлаган…

Абдужаббор Илёсов» .

***

Бундай хатларни ўқиган киши шўро давлатининг нафақат 1937-1938 йиллардаги «Катта қирғин» даврида, балки ундан олдин – 20-йилларнинг ўрталаридан бошлаб ўзбек халқини хонавайрон қилган – мол-мулкини талаб, фарзандларини қатлгоҳларда отган, борса келмас жойларга сургун қилганини англайди.
Агар мустабид тузум даврида қарийб ҳар бир оила бошига тушган савдоларни кўз олдимиздан бир-бир ўтказсак, даҳшатли манзара пайдо бўлади. Газетада мақола ёки бирор тарихий очеркни ўқиб, ҳурматга сазовор, меҳнаткаш, тадбиркор, ижодкор кишиларнинг қатағон даврида қандай таҳқирланганини, мустабид тузум етиштирган жаллодлар ва сотқинларнинг ўз қурбонларини қандай калтак­лаб, уларга уйқу бермай, тўқима айбномалар тагига қўл қўйдириб олиш учун қандай қийноқларга дучор этганини кўз олдингизга келтира олмайсиз. Бинобарин, «1937 йил» деган даҳшатлар ҳақида аччиқ ҳақиқат халққа етказилмай қолади.
Шунинг учун ҳам республика раҳбариятининг топшириғи билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Маданият вазирлиги қатағон мавзуидаги энг яхши роман, қисса, драма ва киносценарийлар учун танлов эълон қилишгани айни муддао бўлди, деб ўйлайман. Агар шу кўзда тутилган асарлар билан бирга кўп серия­­ли фильмлар (масалан, Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовларни «халқ душмани» бўлганликда айблаб, Москвада отиб ташлангани ҳақида) ҳам олинса, халқимиз, айниқса, ёшларнинг ўзбек халқи фидойи фарзандларининг ноҳақ қамалиши ҳақидаги тасаввури, улар ва уларга ўхшаган жабрдийдаларнинг хотираларига бўлган ҳурмати ўн чандон ошган ва улардаги ватанпарварлик, фидойилик ва тараққийпарварлик туйғулари аланга олган бўларди.

Наим КАРИМОВ,
академик