Манзилда адашган арзчилар

3424

ёхуд шантажчиларнинг ошиғи нега олчи?

Касб тақозосига кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгашига келиб тушган кўплаб аризаларни кўздан кечирар эканман, ишдан ноқонуний бўшатилган ҳолатлар, ойлик маошнинг ўз вақтида берилмаслиги, иш жараёнида меҳнат хавфсизлигига риоя қилинмаслиги тўғрисидаги мурожаатлардан ҳам кўра, уй қуриш учун қурилиш моллари ёки музлаткич, микротўлқинли печь, кир ювиш машинаси олиб беришда амалий ёрдам сўраб ариза ёзганлар ниҳоятда кўпчиликни ташкил қилишига амин бўлдим.

Аслида, касаба уюшмалари биринчи ўринда ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилот эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай мурожаатларни ўқиб туриб, «аризачилар манзилда адашибди-да», деган фикрга келишингиз табиий.
Мана шундай аризачиларнинг орасида камбағаллик «медальон»ини кўксига «тақиб», сўраган нарсасини бермасанг, ташкилот эшиги тагига узала тушиб ётиб оладиган, куни бўйи жанжал қилишга куч топувчи текинхўр, шантажчи бир қатлам пайдо бўлганки, ундайларнинг «томири»га креслосидан айрилиб қолишдан қўрққан, шу тизимда бир неча йил ишлаб кетган айрим раҳбарлар сув қўявериб, кенг қулоч ёйишига сабаб бўлган.
Ўзининг бадфеъллиги сабаб эридан ажрашиб, камбағаллигини, ёлғиз аёллигини пеш қилиб, ҳар ерда жанжал чиқариб, кам-кўстини тўлдираётган бундай аёлларнинг оғзидан чиққан ҳақоратли сўзларидан ҳатто илон пўст ташлаб юбориши турган гап. Яқиндагина ўша аризачи-шантажчилар қўйган «театр»ни ўз кўзлари билан кўрган бир «томошабин» сифатида айтаманки, бу қатламга эркинлик берилгани сайин уларнинг сафи кундан-кунга кенгайиб, «орзу-ҳаваслари» ҳам ортиб бормоқда.
Агар аёл чиндан ҳам камбағал бўлса, ишсизлиги, ёлғизлиги сабаб зўрға кунини кўраётган бўлса, ундайларга ошиғи билан ёрдам бергинг келади. Қўлига қиммат русумдаги телефон тутиб, «қурилиш бошлаб қўйганман, менга ўхшаганларга ёрдам беришинг керак», дея ҳатто ўчоғи бузилса ҳам ариза ёзиб ташкилотма-ташкилот чопадиган боқимандаларнинг ошиғи олчи эканидан таассуфланасан, киши.
Шу ўринда Наманган шаҳридаги «Гулбоғ» МФЙда яшовчи бир аёлнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилояти кенгаши раиси номига ёзган аризасига эътибор қаратсак:
«Менинг ариза ёзишдан мақсадим шуки, соғлиғим ёмонлиги сабабли кир ювиш машинаси олишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман…».
Буни ўқиб туриб, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмай қоласан, киши. Агар шу аёлнинг меҳнат хавфсизлигига риоя қилинмаган шароитларда ишлаб, соғлиғи ёмонлашганида касаба уюшмалари унга иш берувчидан компенсация ундириб бериши мумкин эди. Аммо аризачи аёлга кир ювиш машинаси олиб бериш у мурожаат қилган ташкилотнинг зиммасида эмас.
Боқиманда қатлам, аслида, ҳамма юртда бор. Аммо «мен камбағалман, менга қилиб беришга мажбурсизлар», деган иддаолар билан ўзи сингари ўн, ўн беш нафар бақир-чақир қилиш ҳадисини олган шантажчиларни йиғиб, давлат, нодавлат ташкилотлар эшигида ­тўпланиб, «спектакль» қўядиган кимсалар кўпайиб бораётгани ҳар қандай виждони уйғоқ одамни сергаклантириши керак.
Сиз бунга нима дейсиз?

Орзугул Рустамова,
«ISHONCH»