Диққат, танлов давом этади!

515

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси касаба уюшма аъзолари, ижтимоий муҳофазага муҳтож, таълим муассасаси ва касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган ёшларни рағбатлантириб бориш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг соғлиқларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида Касаба уюшмалари стипендиясини тайинлаш ва санаторийларга йўлланмалар ажратиш танловини эълон қилади.

Танлов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган фаол ёшларга стипендия тайинлаш ҳамда фаол касаба уюшма аъзолари бўлган ёшларни Федерация тасарруфидаги санаторийларда соғломлаштириш йўналишида ташкил этилади.
Стипендия ва йўлланма ҳар бир ҳудуддан 1 нафардан, республика бўйича жами 14 нафардан:
Стипендия – ўқув режаларини етарли даражада ўзлаштирган ҳамда чин етим, етим, ногирон, ижтимоий муҳофазага муҳтож оиланинг фарзанди, таълим муассасаси ва касаба уюшмаси фаолиятида фаол, бошқа қўшимча стипендия олмаётган талабага тайинланади;
Йўлланма – 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган касаба уюшмалари аъзолари, олий таълим муассасаси, корхона, ташкилот касаба уюшмаси қўмитасининг хулосасига кўра ижтимоий муҳофазага муҳтож оиланинг фарзанди ёки болаликдан ногирон ёхуд етим, корхона, ташкилот ва муассаса касаба уюшмаси ҳаётидаги фаол ёшларга ажратилади.
Cтипендия ва йўлланмага номзодларни танлаш учун Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида стипендия тайинлаш ва йўлланма ажратиш комиссияси тузилади.
Касаба уюшмалари стипендиясини олиш учун номзод ўзи таҳсил олаётган олий таълим муассасаси касаба уюшмаси қўмитасига, санаторийларга йўлланма учун номзодлар ўзлари ишлаётган корхона, ташкилот ёки таҳсил олаётган олий таълим муассасаси касаба уюшмаси қўмитасига Низомда кўрсатилган ҳужжатларни топшириши мумкин.
Стипендияга номзоднинг ҳужжатлари олий таълим муассасаси илмий (педагогик) кенгаши билан касаба уюшмаси қўмитасининг қўшма мажлисларида муҳокама этилади, номзодлар ичидан муносиби танланиб, йилнинг 10 нояб­рига қадар бирлашманинг стипендия тайинлаш комиссиясига номзодларнинг ҳужжатлари ва қўшма мажлис баёни тақдим этилади.
Йўлланмага ҳужжат топширган номзодларнинг иқтисодий аҳволи, соғломлаштиришга муҳтожлиги корхона, ташкилот ва муассаса касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишида муҳокама этилади ва йилнинг 10 ноябрига қадар бирлашманинг йўлланма ажратиш комиссиясига номзодларнинг ҳужжатлари ва йиғилиш баёни тақдим этилади.
Касаба уюшмалари стипендияси ва йўлланма сертификати комиссия томонидан муносиб кўрилган номзодлар ичидан танланганларга қоида тариқасида декабрь ойида топширилади.

Танлов ҳақидаги маълумотлар билан
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерациясининг интернет тармоғидаги www.kasaba.uz портали орқали
танишишингиз мумкин. Мурожаат учун
телефонлар: (71) 252-78-39, 256-76-57.

Бошқа хабарлар