Шавкат Мирзиёев феномени

10934

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетасига берган «Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда» сарлавҳали интервьюсини ўқиб…

Шавкат Миромоновични узоқ йиллардан буён биладиган одам сифатида, қолаверса, ёнида юриб, бирга ишлаб характерини яхши билганим учун бу ҳол мени унчалик ажаблантирмади. У табиатан шундай одам. Гапдан кўра меҳнатни, ишни афзал биладиган, қилган ишини баъзи сиёсий арбобчаларимиздан фарқли ўлароқ, овоза қилаверишни кўпам ўзига эп кўравермайдиган одам. Эҳтимол, шунинг учун ҳам фаолият бошлаганидан беш йил ўтибгина, матбуотга интервью берган. Шунда ҳам ортиқча керилишсиз, камтарона тарзда амалга оширилган ишлар ва келажакдаги режалар ҳақида гапирган.
Мен шундай тушундимки, мазкур суҳбат халқ сайлаган Президентнинг ўз халқи олдидаги беш йиллик камтарона ҳисоботи.

Ассалому алайкум!
Ушбу жумла эшитилганида инсоннинг дили беихтиёр равшанлашади, қалбига бир нур инади. «Ассалому алайкум», бу – «мен сизга тинчлик тилайман» дегани, «Тинчлик-омонлик бўлсин!», «Яхши кунларда кўришайлик!», деган тилаклар ҳам кишига ўзгача хуш ёқади.
Хўш, нега шундай? Бу тилаклар некбинлик ташигани учунми?
ХХI асрга келиб, юракда таҳлика қўзғовчи хавфу хатар кескин кучайди. Бир томонда – тоза ичимлик суви, нефть ва газ захиралари тақчиллиги, экологик инқироз ва мисли кўрилмаган фавқулодда офатлар, иккинчи томонда эса, уруш ва адоват, вайронкорлик ва қабоҳат.
…Ёзнинг жазирама чилласида бир нажот истаб дунёнинг исталган нуқтасига-да кетишга рози бўлиб, ватани чегарасини кесиб ўтишга, бунинг учун, ҳатто, ҳавога кўтарилаётган учоқлар қанотларига осилиб олишга-да тайёр қочқинлар, уларнинг аянч­­ли қисмати ва оғир йўқотишлари кимнинг юрак-бағрини ўртамайди, дейсиз. Ҳолбуки, уяси бузилган бир қушнинг ­безов­та чирқиллаши баъзан одамнинг қалбини тилка-пора қилиши мумкин…
Бугунги кунда дунёда юз бераётган нотинчликлар, талотумлар бизга алоқадор эмас, деб ким айта олади?
Тобора глобаллашиб бораётган дунё нафақат ижтимоий-сиёсий, балки маданиятлар ва қадриятлараро масофаларни ҳам қисқартириб қўйди. Эндиликда бир давлат, минтақа учун мансублик касб этадиган муаммо қолмади: у ҳам худди ижобий омиллар сингари умумийлик касб эта бош­лади ёки барча жамиятларни бевосита ўша «оғриқ»қа маълум маънода дахлдор қилиб қўйди.
Шу ўринда, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тереза Мэй «Биз бугун уруш ўчоқлари фақат Яқин Шарқда, биз ва фарзандларимиз хавфдан холимиз, дея хотиржамликка берилмайлик, ундан умид­вор ҳам бўлмайлик, аслида уруш таҳдиди ва унинг қалбларни вайрон этувчи совуқ «мафкураси» аллақачон болаларимиз ётоғигача кириб келиб бўлган», деганида мутлақ ҳақ эди. Зотан, интернет тармоғи ер юзини гўёки ўргимчак тўридай қамраб олган, ахборот маконида глобаллашув тенденциялари тобора фаоллашаётган бугунги кун нуқтаи назаридан қараганда вазиятга бундан-да ортиқ ёки жўялироқ изоҳ беришнинг ўзи қийин.
Ҳа, инсоният учинчи минг йилликда кўпчилик эътироф этаётганидай, катта тамаддун – гипертехник ва ахборот коммуникацион тараққиётга эришди. Бироқ, одамзод учун тинчлик-хотиржамлик, инсоний қадр-қиммат, меҳр-оқибат, умуминсоний қадриятлар олдидаги сомеълик мудом эпик характер касб этиб келишига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Миллий, диний, ирқий ва сиёсий адоватлар ҳали-ҳануз биз она сайёра деб атайдиган заминимизни қалқитиб тургани бор гап. Шу кунларда ён қўшнимиз, жафокаш афғон халқи тупроғида бўлаётган воқеалар, албатта, бизни ҳам бирдек хавотирга солади, қалбимизни оғритади. Ва ўз ўрнида, тинчлик-хотиржамлик, озодлик, яратиш ва ­бунёдкорлик қандай улуғ неъмат эканини бевосита яна бир бор эсимизга солади.
Аслида, Афғонистонда ва умуман, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, бунинг мустаҳкам асосларини яратиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим бўғини бўлиб келган. Шавкат Мирзиёев даврига келиб эса бу фактор янада юқори нуқтага кўтарилди. Ўрни келганда иккиланмай айтиш мумкинки, Шавкат Миромонович минтақа давлатлари билан яқин қўшничилик алоқаларини тиклаш, ўтмиши, маданияти, тили, дину қадриятлари деярли бир хил бўлган тарихий қардош халқларни бир-бири билан яқинлаштирмай туриб, давлатлар, қолаверса, минтақа истиқболи ҳақида ўйлаш бефойда эканини англаб етди ва иш бошлаган илк куниданоқ шу ишларга бел боғлади. Унинг бу ҳаракатлари бугунга келиб минтақа ижтимоий-сиёсий, қолаверса, иқтисодий ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар ясаганини таърифлаб ўтириш, менимча, ортиқча.
Яқинда халқаро экспертлардан бири Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иш бошлагач, Ўзбекистон амалга ошираётган ислоҳотлари билан минтақада «чанглантирувчи» вазифасини ўтаётганини ёзди. Албатта, образли тарзда зикр этилган ушбу қараш теран маънога эга. Зотан, чанг­ланмаган боғ мевасиз бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз…
Чегараларнинг очилиши, делимитация ва демаркация жараёнларининг фаоллашуви, иқтисодий ҳамда энг муҳими, узоқ йиллар минтақа «полотноси»да қотиб қолган маънавий характер, ўзаро қардошлик ришталарининг бир манзил сари йўлга солиниши, айтиш мумкинки, бугун халқаро кузатувчию экспертлар кўп гапираётган минтақа ­интеграцияси сари мақсадни қатъийлаштирди, десам муболаға бўлмайди.
Қолаверса, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ташқи сиёсати бўйича тутган йўли алоқадор актор давлатларнинг минтақа борасидаги геосиёсий ва геоиқтисодий режаларини қайта кўриб чиқишга ундади. Бунга мисол тариқасида Россия етовидаги ЕОИИ, Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ва АҚШнинг Марказий Осиё бўйича ишлаб чиққан, янги «G5+1» стратегик лойиҳаларини келтириш мумкин. Шу жумладан, давлатимиз раҳбарининг ислоҳотлари минтақадаги баъзи қўшниларимизни ҳам танлов имкониятининг чеклангани туфайлигина кириб қолган позициясидан чиқиб, ўзлари учун анъанавий ва мутлақо табиий бўлган ўзанга тушиб олишига ёрдам берди.
Британиядаги Chatham House халқаро муносабатлар бўйича таҳлил марказининг «Kazakhstan: Tested by Transition («Ўтиш даври синовларидан ўтган Қозоғистон») деб номланган кенг қамровли маърузасида (муаллифи – Аннет Бор) келтиришича, минтақа мамлакатлари ҳамкорликка алоҳида тайёргарлик кўрсатмаган шароитда Қозоғистон узоқ вақт давлат сифатидаги ўзлигини Евроосиё мамлакати сифатида шакллантириб келди. Ушбу майдончадан минтақага дахлдор муаммоларни ишлаб чиқишда фойдаланди. Ўзбекистон ислоҳотлар йўлига ўтгач, биринчи президент Назарбоев Марказий Осиёнинг умумий мероси, шунингдек, неча минг йиллик маданий ва илмий ютуқлари ҳақида кўп гапирадиган бўлди. У 2017 йили «Остона» клуби қатнашчиларига мурожаат қилар экан, шундай деган эди: «Орадан чорак аср вақт ўтиб, тарихи, дини, маданияти ва менталитети – зеҳнияти бир бўлган Марказий Осиё давлатлари билан бирга бўлишимиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз ва минтақа хавфсизлигини биргаликда таъминлашимиз Аллоҳнинг иродаси эканини ҳаммамиз тушунамиз».
Ҳақиқатан ҳам, 2017 йилгача Ўзбекис­тоннинг қўшниларга нисбатан ёпиқ ва баъзи ҳолларда қарши сиёсати Қозоғис­тон, Тожикистон ва Қирғизистон ташқи сиёсатидаги ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий йўналишларни турли минтақавий гуруҳлар сари бурди. 2017 йилга келиб эса ушбу динамика ўзгарди ва бешта мамлакатга потенциал жиҳатдан ташқи иштирокчилар қатнашувисиз минтақа сиёсатини ишлаб чиқиш имконияти пайдо бўлди. Бу, ҳеч шубҳасиз, Шавкат Мирзиёевнинг минтақа сиёсатига ижобий таъсири билан изоҳланади.
Гап гарчи, минтақамиз ҳаёти ҳақида кетар экан, мамлакатлар иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги кўҳна стереотиплар ҳақида ҳам гапириш ўринли бўлади, менимча. Сир эмаски, узоқ йиллик мустабидлик ва у қолдирган «анъанавийлик» минтақа ҳаётини сунъий равишда чекланган имкониятларга қарам қилиб қўйганди.
Биз кўпчилигимиз энг яқин стратегик шерик деганда, ҳозиргача Россия ёки Хитой назарда тутилишига ўрганиб қолганмиз. Қолаверса, бундай ўйлашимизга минтақадаги мавжуд шароит ҳам мажбур қиларди. Шу маънода Шавкат ­Миромоновичнинг «Жануб концепцияси» бир неча асрлардан буён ўзгармай келаётган Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий харитасини янги ранглар билан бойитди. Ўзбекистондан то Покистон сари тортиладиган йўл бугун минтақа истиқболини белгилайдиган энг долзарб лойиҳа, дея баҳоланмоқда. Айни шу Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги савдо-сотиқ ва қолаверса, маданий-маърифий соҳалардаги алоқаларнинг ривож топишини бугун кўпчилик экспертлар кўҳна ўтмишнинг тикланишига қиёслашаётир.
Албатта, мустақиллик тарихимизда биз, гарчи унча узоқ тарих бўлмаса-да, кўп-кўп лойиҳаларни, баландпарвоз чақириқларни кўрганмиз, эшитганмиз. Бироқ, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик сари ташланган қадамлар шунчаки гап эмас. Буни яқинда пойтахтимизда ўтган халқаро конференция ҳам исботлаши мумкин. Жаҳонда пандемия бўлишига қарамай, мазкур учрашувда бир неча давлат раҳбарлари, ўнлаб мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг юқори мулозимли аъёнларининг тўғридан-тўғри иштирок этиши, унинг нақадар жиддий эканини урғулайди, албатта.
Умумий маънода айтганда, бугун ҳақли равишда «янги Ўзбекистон» дея аталаётган мамлакатимиз ижтимоий-­сиёсий, иқтисодий ҳаётида жуда теран ўзгаришлар бўлди. Гарчи буни қаторлаштириб санашнинг мавриди бўлмаса-да, бир устувор жиҳатга мухтасар тўхталиб ўтмоқчиман. Зотан, бу миллий ўзлик билан боғлиқ масаладир.
Шу нарсани тан олиб айтиш керакки, Ўзбекистон ҳеч маҳал миллий ўзликни таниш, англаш (идентитет) нуқтаи назаридан масалага бугунгидек яқин келган эмас. Бизда то бугунгача, худди эски давр адабиёт назариясининг темир қоидасидагидек, ижтимоий-маънавий, мафкуравий соҳаларда бир хил қараш, шаклан миллий, мазмунан социалистик дунёқараш ва сиёсий муҳит ҳукмронлик қилди. Афсуски, бу жамиятдаги ижтимоий, хусусан, миллий жабҳадаги ислоҳотлар йўлини тўсиб келди. Давлат тили, имло, диний қадриятларга бўлган қараш, афсуски, турли норозиликларга сабаб бўлди. Бугунга келиб, давлат тили ва имло бўйича бошланган ишлар, табиийки, халқимизни руҳлантириб юборди. Айниқса, Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб давлатчилигимиз тарихида илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлаши ёки чет эл раҳбарлари билан она тилимизда ­дипломатик музокаралар ўтказиши тилимизнинг, миллатимизнинг ­қадрини бир неча баробарга кўтарди. Ёки мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо бўлиб кириши Ўзбекистоннинг ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий «характери» ўзгараётганини, давлатимиз мустабидлик ва янги кўринишдаги маънавий қарамликлардан силтаниб чиқиб, ўзлиги сари интилаётганини англатади.
Аслини олганда, Туркий бирлик ғояси бугун пайдо бўлган эмас. Буюк Амир Темур орзуларида ҳам туркий халқларни бирлаштиришни назарда тутувчи Турон тушунчаси мавжуд бўлган. Лекин ҳақиқат шундаки, биз узоқ йиллар шу ҳаётий ҳақиқатдан қочиб яшадик: қўполроқ қилиб айтганда, ўзимизнинг туркий халқ эканлигимизни тан олмадик.
Шавкат Миромонович бу тарихий ҳақиқатни тиклади. Нафақат тиклади, балки, кенгашга куч ва ишонч руҳини мустаҳкамлади. Буни аъзо давлатлар экспертларининг кўпчилиги холис эътироф ҳам этди. Баъзи маълумотларга кўра, йил сўнггида Истанбулда бўлиб ўтадиган кенгашнинг навбатдаги йиғилишида Туркманистон ва Венгрия давлатлари етакчилари ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Буни ҳеч истисносиз тарзда Шавкат Мирзиёев феномени ва Янги Ўзбекистонга бўлган ишончнинг амалий ифодаси, дейишимиз мумкин. Қолаверса, шу биргина ҳаётий мисол Президентимизнинг «биз эргашувчи эмас, эргаштирувчи бўлишимиз керак», деган ғояларига мос тарзда «жаранглаши» кишида ифтихор уйғотади.
Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиб ўтмасам бўлмас. Бу биз таҳлил этаётган ҳаётнинг, жамиятнинг мураккаб томонлари ҳақида эмас. Билъакс, унинг ёрқин ва соф тарафидан, яъни болалар нигоҳидан назар ташласак.
Мен хизмат вазифам юзасидан турли аҳоли қатламлари орасида кўп бўламан, ҳудудларга бораман, оддий одамлар даврасида мулоқотлар қиламан. Биласизми, шунда бир жиҳат жуда кўп марта эътиборимни тортган: беғубор болаларнинг ­Шавкат Мирзиёевнинг суратини кўрганида «Бу бизнинг Президентимиз!», «Бу менинг Президентим!», дея қувонганидир.
Бу нимадан дарак? Бу Ватан келажаги бўлган авлоднинг давлат раҳбарига ишончидан, эртанги кунига ёруғ умидларидан далолат. Муҳими, улар орасида турли миллат болалари бор. Аммо барчаси ўзларини бир Ватан – Янги Ўзбекистон фарзандлари деб билишади.
Энди айтинг-чи? Халқнинг беғубор қатлами бўлган болалар қалбигача кириб борган инсонни ҳақиқий маънода Миллат Сардори деб аташга ҳақдор эмасмизми?
Демак, бугун Ўзбекистон халқи жипслик ва якдиллик билан ўз истиқболини, жонажон Ватанининг келажагини Миллат Сардори Шавкат Мирзиёев сиймосида кўрмоқда.
Мен бу гапларни шунчаки ёзаётганим йўқ, албатта. Кеча Президентимизнинг матбуотда эълон қилинган «Янги Ўзбекис­тон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда» сарлавҳа остида берилган интервьюси мени шу мавзуда, қисқа давр­­да ҳаётимизда юз берган ва бераётган ­воқеа-ҳодисалар ҳақида қалам тебратишга ундади.
Зотан, мазкур суҳбат кўз олдимда кеча ва бугуннинг хотираларини кино лентасидаги тасвирлардек жонлантирди. Суҳбатни қайта-қайта ўқидим. Ва амин бўлдимки, Президент Шавкат Мирзиёев бу борада ҳам ўзига, ўзлигига содиқ қолди.
Ўта камтарлик, қилган ва қилаётган ишларини кўз-кўзламаслик ёки шунчаки тафсилот сифатидагина айтиб ўтиш, «Мен» демаслик, нима бўлса, «халқимиз», «одамларимиз», нари борса, «командамиз билан бирга амалга оширдик», дея қилинган ишларга изоҳ бериш…
Шавкат Миромоновични узоқ йиллардан буён биладиган одам сифатида, қолаверса, ёнида юриб, бирга ишлаб характерини яхши билганим учун бу ҳол мени унчалик ажаблантирмади. У табиатан шундай одам. Гапдан кўра меҳнатни, ишни афзал биладиган, қилган ишини баъзи сиёсий арбобчаларимиздан фарқли ўлароқ, овоза қилаверишни кўпам ўзига эп кўравермайдиган одам. Эҳтимол шунинг учун ҳам ­фаолиятини бошлаганидан беш йил ўтибгина, матбуотга интервью берган. Шунда ҳам ортиқча керилишсиз, камтарона тарзда амалга оширилган ишлар ва келажакдаги режалар ҳақида гапирган.
Мен шундай тушундимки, мазкур суҳбат халқ сайлаган Президентнинг ўз халқи олдидаги беш йиллик камтарона ҳисоботи.
Ҳолбуки, мақташга ва мақтанишга арзигулик ишлар ҳам, кўрсаткичлар ҳам кўп эди… Ташқи ва ички сиёсатда, иқтисодиётда қисқагина муддатда у амалга оширган ишларни уддалаш учун баъзан одамзодга Аллоҳ берган умр ҳам етмаслиги мумкин…
Қолаверса, бу дунёда ўзи тириклигидаёқ ўзининг номига кентлару хиёбонларни қўяётган, ўзларига олтиндан барокко услубидаги бадиий ландшафт бағрига ҳайкалини ўрнатиб олган сиёсий лидерларни ҳам кўриб турибмиз.
Мен мавзудан келиб чиқиб бир мулоҳазани айтмоқчиман: Шавкат Мирзиёев ҳақида ёзиш жуда оғир ва қийин. Унинг фаолияти, характери, мухтасар айтганда, феномени анъанавий эмас. Унинг табиати ва характерида қандайдир фавқулодий бир куч бор. Шунинг учун ҳам халқимиз, айниқса, раҳбарлар орасида анча машҳур бўлиб кетган «бу одам қачон ухлайди, қачон дам олади?», деган ибора унинг сийрати ва сувратидаги шиддатни кўриб турган одамларни ажаб­лантирмайди.

Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлис Сенати аъзоси, сиёсатшунос