Оролбўйида павловния экиш оммавийлашади(ми?)

1249

Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш мақсадида автомобиль йўллари бўйларига, дала четларига, инфраструктура объектлари мавжуд, аҳоли яшайдиган жойларга, тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, павловния, тут, тез ўсувчи бошқа манзарали дарахтлар, хонадонлар олдига эса ток кўчатлари экиш режалаштирилмоқда.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Нукус шаҳар ­инспекциясининг 1-даражали инспектори Бауиржан Қурбаналиевнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларида бу йил кузда ҳамда келаси йил баҳор ойларида павловниязорлар барпо этилади.
Хўш, павловния қандай дарахт? Унинг қандай афзал жиҳатлари бор?
Биология фанлари доктори, профессор Алишер Тўраевнинг таъкидлашича, павловния ­кўплаб ноёб хусусиятларга эга бўлиб, ёғочи енгиллиги ва зичлиги бўйича бошқа дарахтлардан кескин ажралиб туради. Уни сувга солсангиз, бўкиб қолмайди, тез нам тортиб чиримайди. Шу боис ундан асосан ­қайиқлар, мусиқа асбоблари, мебеллар ва сноуборд каби спорт анжоми ясашда фойдаланилади.
павловния – енгил, ҳар хил таъсирларга ўта чидамли, айни чоғда, юмшоқ ва эгилувчан ўсимлик. Бир куб метри ўртача 208-300 килограмм тош босади. Бу демак, у эман дарахтидан ­деярли тўрт баравар, қарағайдан икки баравар енгилдир.
Яна бир афзаллиги – павловния ёғочи юқори ҳароратли оловга бардошли. Бошқа дарахтлар 250-300 градусда ёнса, у 450 градусли оловга ҳам чидайди. Шу боис ҳозир жаҳонда павловния ёғочидан тайёрланадиган пиллет ва брикет ёқилғиларига талаб ортиб бормоқда. Бу маҳсулотлар, бир қарашда, кўмирга ўхшайди, нархи ҳам деярли бир хил. Аммо кўмирдан фарқли ўлароқ, у тўлиқ ёнади ва ўзидан кул қолдирмайди. Ёнганида заҳарли карбонад ангидрид гази чиқармайди.
Хуллас, павловния дарахти қишлоқ хўжалигини биомасса, биоўғит, озуқа, мебель саноатини ёғоч ва пардозлаш материаллари билан таъминлайдиган хомашё манбаи ҳисобланади. Шу билан бирга, атроф-муҳит мусаффолигини асрашда, шаҳар-­қишлоқларимиз чиройига чирой қўшишда қўл келади.
Павловния жуда тез ўсади. Ерга қадалган ниҳоли бир йилда 5 метргача бўй чўзади, иккинчи йилдан гуллай бошлайди ва баландлиги 12 метргача боради. Уни тўртинчи йилдан бошлаб кесиб, ёғоч олиш мумкин. Дарахт тўлиқ етилиши учун 7 йил кифоя қилади. Бу вақт оралиғида танасининг ­диаметри 70 санти­метрга, бўйи 15-20 метрга етади. Қарағай ва эман бу даражада ўсиши учун эса 50 йил керак бўлади.
Павловнияни кесиб олсангиз, у илдизидан яна ўсиб чиқаверади. Бу дарахт ёғочининг бир куб ­метри жаҳон бозорида, қайта ишлаш даражасига қараб, 200 доллардан 800 долларгача нархда сотилади.
Мутахассислар фикрича, Ўзбекистон иқлими ушбу дарахт ўсиши учун қулай. Шу боис Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 27 августда «Республикада тез ўсувчи ва саноатбоп павловния дарахти плантацияларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилган. Унга кўра, талабгорларга қиш­лоқ хўжалигига мўлжалланмаган ёки яроқсиз бўлган ер майдонлари ажратилиши белгиланган.
Насиб бўлса, Оролбўйида павловниязорлар барпо этилса, табиат янада гўзаллашади.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»