Муроса йўли ёхуд медиация бизга қанчалик муҳим?

1270

Мамлакатимизда 2018 йил 3 июлда 4 та боб, 34 та моддадан иборат «Медиация тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, 2019 йил 1 январдан кучга кирди. Унинг асосий мақсади низоларни судгача ҳал қилишга қаратилган.

Медиация сўзи «воситачилик» маъносини англатади. Мазкур тушунча низоларни тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга келиш мақсадида ихтиёрий асосда, холис шахс, яъни медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.
Бу усулнинг маълум бир шартлари ва тамойиллари бор. Улар медиациянинг махфийлиги, ихтиёрийлиги, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мус­тақиллиги ва холислигидан иборат.
Медиация низоларни ҳал этишнинг энг кенг тарқалган муқобил усули бўлиб, фуқаролик жамиятининг муҳим унсури сифатида деярли барча ривожланган давлатлар амалиётида қўлланилмоқда.
Хусусан, АҚШда иқтисодиёт, сиёсат, бизнес соҳасидаги ҳеч бир жиддий музокаралар жараёни медиаторларсиз ўтмаган. Англияда эса медиациядан оилавий, фуқаролик, тижорат, корпоратив, кичик даъволар, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятларга оид низоларда фойдаланиб, ҳатто, ­оилавий низоларда медиа­ция харажатлари давлат томонидан қоплаб берилган. Германияда медиаторлар бевосита судлар ёнида иш олиб боришига ва бу яхши самара бераётганига эътибор берсак, бизда ҳам судлар медиаторлар билан ҳамжиҳат ишлашга ўтсалар, нур устига аъло нур бўлар эди, деган ҳулосага келиш мумкин.
Бугунги кунда Ўзбекистон низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули – медиациядан фойдаланишнинг дастлабки босқичида турган бўлса-да, унинг баъзи кўринишлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан низолашаётган тарафларни, хусусан, қўшнилар ўртасидаги ёки оилавий низоларни бартараф этиш фаолиятини ҳам медиация­нинг бир шакли сифатида кўриш мумкин. Жамиятимизда аввалдан маҳалла оқсоқоллари, нуронийлар, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган кайвони инсонлар қўшнилар, оила аъзолари, эр-хотин ўртасидаги низоларни ҳал этиш вазифасини, яъни медиатор вазифасини аъло даражада бажариб келишган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган Адлия вазирлигига қарашли Давлат хизматлари марказлари аҳолига кенг кўламли хизматларни кўрсатиб келмоқда. Медиация хизмати ҳам аҳоли учун зарур хизмат турларидан эканини инобатга олиб, профессионал медиаторларга Давлат хизматлари марказларидан жой ажратилса, айни муддао бўлади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, медиация усулининг амалиётга татбиқ этилиши мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида яна бир ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

Тоштемир МЎМИНОВ,
медиатор