Ажойиб ихтиро

1537

ёки автомобиллар учун цилиндрлар блоки ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мумкин

Ўзбекистонда автомобиль саноати ривожланиб бормоқда. «Ўзавтосаноат» компания­­си олдида эса 2022-2025 йилларда ҳамкорлар билан бирга янги ва машҳур автомобиль моделларини тайёрлашни йўлга қўйиш, трансформация жараёнларини тезлаштириш, шу тариқа ишлаб чиқаришга сарфланадиган вақтни икки бараварга қисқартириш, электромобиллар ишлаб чиқаришга ҳозирлик кўриш ва таркибий корхоналар улушини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш масалалари турибди. Бундан ташқари, тизим зиммасига ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини 70 фоизга етказишдек муҳим ва масъулиятли вазифа юклатилган.

Тўғри, автомобилларнинг таркибий қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш осон эмас. Аммо ички ҳамда қўшимча имкониятлардан оқилона ва тўлиқ фойдаланилса, мақсадга эришиш мумкин.
Мен машинасозлик инженерияси йўналишида таҳсил олган талаба сифатида илмий раҳбарим Алишер Шариповнинг кўмаги ва маслаҳатлари асосида «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида цилиндрлар блоки ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёни» мавзусида дип­лом иши ёзиш асноси олиб борган тадқиқотларим жараёнида шундай хулосага келдим.
Айни вақтда пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган «Jeneral motors» заводи иккиламчи ишлов бериш йўли билан «Спарк», «Кобальт», «Нексия-3», «Ласетти» автомобиллари учун двигатель етказиб бермоқда. Бунда двигателларнинг 60 фоизини, яъни асосий ўзак қисмини ташкил этувчи Корея Республикасидан олиб келинган цилиндрлар блокига қайта ишлов берилмоқда. Қолган 40 фоизни ташкил қилувчи майда деталлар эса ­диёримизда ишлаб чиқарилмоқда. Келтирилган цилиндрлар блокининг қиррали жойлари текислаб силлиқланади ва ичига вал, тирсакли вал, цилиндр, рессор каби зарур эҳтиёт қисмлар жойлаштирилади.
Умуман олганда, цилиндр­лар блоки тоза алюминий ёки тоза чўяндан ясалиши керак. Акс ҳолда, у двигателга айлангач, кучли иссиқликка дош беролмайди. Бизда алюминий ва чўян маҳсулотлари бор, аммо тозасини топиш амримаҳол.
Мен тоза алюминий ва тоза чўяннинг турли мамлакатлардаги нархлари билан қизиқиб кўриб, уларни Корея, Россия, Хитой, Ҳиндистон ёки Тожикистондан олиб келиш афзаллигини аниқладим. Зеро, ўзимизда тайёрланадиган цилиндрлар блоки учун тоза алюминий ва чўянни йўлкира ҳаражатларини ҳисобга олган ҳолда, иложи борича қардош ва яқин давлатлардан олиб келиш нисбатан арзонга тушади. Цилиндрлар блокини қуйишда асқотадиган қолип учун керак бўладиган қум, ванадий, вольфрам эса юртимизда мавжуд.
Агар биз ана шу цилиндрлар блоки ва уни қуйиш учун зарур бўлган қолипни тайёрлаш жараёнларини юртимизда тўлиқ маҳаллийлаштирсак, келажакда автомобиль двигателларини юз фоиз ўзимизда ишлаб чиқаришга эришамиз. Бу вақт ва харажатлар тежалишига, енгил автомобиллар баҳоси бирмунча ­пасайишига олиб келади. Пировардида, хорижий инвестицияларни кенг кўламда жалб этишга ҳамда миллий иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилади.

Шaвқиддин СУЮНОВ,
Тошкент шаҳридаги Турин
политехника университети
битирувчиси