Аёллар ҳаётдан рози бўлсин!

1436

Фарғона туманида хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишнинг иккинчи босқичида хонадонма-хонадон юриш орқали яна 2 минг 412 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилди.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар 9 тоифага ажратилиб, қайд этилган муаммоларни бартараф этишга киришилди.
Гулбаҳор Юсупова Фарғона туманининг «Гулшан» маҳалласида яшайди. Коллежни тамомлаб, ўзига мос иш топа олмай уйда ишсиз ўтирган эди. Ишчи гуруҳнинг ўрганишларидан кейин унинг муаммоси ечим топди.

– Ишчи гуруҳ хонадонимизга келганида дипломим бор, лекин иш топа олмай юрганимни айтгандим, – дейди Гулбаҳор Юсупова. – Орадан кўп ўтмай, менга қўнғироқ бўлиб, иш топилганини айтишди. Мана ҳозир туманимиздаги тиббиёт коллежида ишлаяпман. Муқим иш жойим борлигидан хурсандман. Бунинг учун ишчи гуруҳ вакилларига, бундай хайрли ишлар бошида турган элпарвар инсонларга миннатдорлик билдираман.
Хонадонма-хонадон ўрганишлар давомида шу маҳаллада яшовчи Гулнора Каримова ҳам иш топа олмай юргани аён бўлди. Гулноранинг бу муаммоси ишчи гуруҳнинг дафтарига қайд этилди. Уни ишга жойлаштириш бўйича тезда ишга киришилди.
– Ишчи гуруҳ вакиллари билан суҳбатда иш бўлса, бажонидил ишлашимни билдирдим, – ­дейди Гулнора Каримова. – Ишонасизми, уларнинг иш топиб беришига кўп ҳам ишонмагандим. Ҳеч қанча вақт ўтмай, боғчада иш борлигини айтишди. Мана ҳозир қишлоғимиздаги болалар боғчасида ишлаяпман. Бундай кўмак ва ­эътибор учун раҳмат.
Ўрганишлар мобайнида 106 нафар аёл тадбиркорлик қилиш истагини билдирган эди. Айни дамда уларнинг аксарияти тадбиркорлик йўналиши ­бўйича таҳсил олиб, ўз бизнесларини йўлга қўйиш арафасида.
– Мулоқотлар вақтида мен тикувчиликдан хабарим борлигини айтгандим, — дейди Араб кўчасида яшовчи Мастурахон Саидова. – Улар таклифларимни анкетага туширишди. Ҳозирда бичиш-тикишни янада мукаммал ўзлаштириш учун сабоқ олиб, ҳунар ўрган­япман. Бу ерни тамомлаганимдан кейин банкдан кредит олиб, уйимда тикувчилик цехини очишни ният қилганман.
«Аёллар дафтари»га кирган Мунира Хотамова, Мавжуда Мирзаназарова, Гулнора Аминжоновалар ҳам айни дамда касб-ҳунар эгаллаш билан машғул.
– Хотин-қизлар муаммоларини ўрганишнинг иккинчи босқичида 31 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилди, – дейди «Боймаҳалла» МФЙ раиси Мавлон Мирзаев. – Ўрганишлар натижасига кўра, уларнинг 15 нафари тиббий ҳимояга муҳтожлигини билдик. Куни кеча уларнинг барчаси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида аниқланган касалликлар бўйича уларга бепул дори-дармонлар берилди.
– Саломатлигим ёмонлашиб, тез-тез тобим қочиб турарди, – дейди Сайёра Мансурова. – Ишчи гуруҳнинг тавсияси билан тиббий кўрикдан ўтдим. Шифо топишим учун бепул дори-дармонлар берилди. Муолажалар сабаб ҳозир анча тетикман.
Шу кунгача Фарғона туманида «Аёллар дафтари»га киритилган тиббий ҳимояга муҳтож 600 нафар хотин-қиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бундан ташқари, 546 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёлнинг муаммоси ижобий ҳал этилди. Шунингдек, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёлларнинг 244 нафарига, ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган аёлларнинг 236 нафарига, қарамоғида ногирон фарзанди бор 81 нафар аёлга моддий кўмак кўрсатилди. Қолаверса, ҳуқуқий кўмакка муҳтож 333 нафар хотин-қиз учун сайёр қабуллар ташкил этилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Айни пайтда «Аёллар дафтари»га киритилган фарғоналик аёлларнинг мушкулини осон қилиш, муродига етказиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашлари йўлидаги амалий ­саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»