МУЛОҚОТЛАР САМАРАСИ юрт ободлигида намоён бўлмоқда

520

Жамоатчилик комиссиясининг Олмазор туманидаги навбатдаги учрашувлари Мирза Ғолиб номли, «Ачаобод», «Чимбой», Беруний номли, «Янги Тошкент», «Мойариқ», «Пахта», «Умид» маҳаллалари аҳолиси иштирокида бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида маҳаллалардаги ҳолатни аниқлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳларнинг ўрганишлари натижасида юзага қалққан муаммо ва камчиликлар ­бирма-бир айтиб ўтилди. Шундан сўнг комиссия аъзолари маҳалла аҳолисининг кўнглидаги гапларга қулоқ тутишди.
«Янги Тошкент» маҳалласи Келес йўли кўчасида транспорт воситаларининг серқатновлиги аҳоли ва мактаб ўқувчиларига бир мунча қийинчилик туғдирмоқда. Маҳалланинг Келес 1-, 2-, 3-, 4-, 5-тор, Парвариш 2-, 3-тор ва Сағбон Оқтепа 1-, 2-, 3-, 4-, 5-тор кўчалари таъмирталаб аҳволда, шунингдек, ушбу кўчаларда пиёдалар йўлаклари мавжуд эмас.
Бундан ташқари, Сағбон Оқтепа, Сағбон Дарвоза кўчаларида яшовчилар электр қуввати жуда пастлигидан шикоят қилишган. Мирзо ва Парвариш кўчалари бўйлаб ўтган совуқ сув магистрал қувурининг 400 метрлик қисми таъмирталаб бўлиб, қувурлар тез-тез ёрилиб, сув оқиш ҳолатлари кузатилади.

Ишчи гуруҳининг «Мойариқ» маҳалласидаги ўрганишлари давомида ҳам қатор масалалар мавжудлиги аниқланди. Хусусан, Бирлик кўчаси ва унга туташган 5 та берк кўчада яшовчи хонадонларда электр қуввати паст, шунингдек, куз-қиш мавсумида газнинг босими ҳам талаб даражасида эмас.
Бирлик шоҳ кўчаси ва Камолот кўчасининг юқори қисмидаги йўллар таъмирталаб. Ушбу маҳаллада яшовчи Ф.Ҳамзаевнинг таъкидлашича, хонадонларда газ босими жуда паст. Мойариқ 1-тор кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Т.Ҳасанов эса маҳалладаги масжид ёнидаги кўчада автомашиналар жуда тез ҳаракатланиши, биронта йўл белгисига риоя қилинмаслиги, йўлнинг нариги томонига ўтиш учун анча вақт туриб қолишга тўғри келишидан арз қилди ва бу ерда светофор ўрнатишда ёрдам кўрсатишни сўради.
Р.Ашуров кўчасида яшовчи Н.Рўзиева боқувчисини йўқотганлиги, қайнотасининг номидаги уйда 10 киши, жумладан, 3 нафар фарзанди билан бирга яшаб келаётгани ва ҳозирда оиласи уй-жойга муҳтожлиги сабабли ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Маҳалла фаолларининг айтишича, Бирлик 3-тор кўчасидаги 4-, 5- ва 6-уйларда яшаётган хонадон эгалари уй-жойга эгалик қилиши учун кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда қийинчиликларга дуч келмоқда.
«Пахта» маҳалласида катта йўлнинг автомашиналар серқатнов бўлган «Дўстжонбой» масжидидан чорраҳагача бўлган масофадаги қисмида пиёдалар йўлаги мавжуд эмас. Йўловчилар, айниқса, кекса нуронийлар кўчадан ўтишда қийналяпти.
«Сағбон-пахта» кўчаси ҳудудидан ўтган «Қичқириқ» каналидан светофоргача бўлган қисмининг ҳар икки томондаги кўчаларда электр энергия­­си тизими мавжуд эмас, йўллар таъмирталаб, тунги ёриткиглар билан таъминланмаган. Шунингдек, юқори кучланишдаги электр энергияси кабелини ўтказиш жараёнида Сағбон 11-тор кўчасидаги «Комодо» мебель корхонаси ва Қорақамиш-1 кўчасидаги «Акфа» цехи атрофларидаги ковланган йўллар асфальт қилинмай қолиб кетган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фуқароларнинг айтишича, маҳаллада боғча ва мактаб мавжуд эмаслиги сабабли болалар 1,5-2 км. масофа йўл босиб, қўшни маҳаллага боришади. Маҳаллада Халқ таълими вазирлигининг таъминот базаси катта ҳудудни эгаллаган, шу жойда мактаб ёки мактабгача таълим муассасаси қурилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
«Умид» маҳалласида ҳам муаммолар талайгина. Ишчи гуруҳининг аниқлашича, 10 ойдирки, 7-уйнинг орқа тарафида совуқ сув қувури ёрилган ва сув тушган ер ўпирилиб кетмоқда. Кўп қаватли 29-30-31-уйлардаги иссиқ сув таъминотидаги қувурлар эскиргани туфайли иситиш тизими яхши ишламаяпти.
«Мирза Ғолиб» маҳалласида яшовчи, ногиронлиги бўлган фуқаро Зафар Атабаев соғлиғи ёмонлиги, моддий томондан қийналиб қолганлиги боис коммунал тўловларни тўлай олмаётганлигини айтди. Унинг аввалги қарзлари ва келгуси йилга қадар бўлган давр учун коммунал тўловлари Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тўлаб бериладиган бўлди.
– Маҳалламиз ҳудудида айрим бекатлар оралиқ масофаси жуда узоқ, – дейди «Чимбой» маҳалласида яшовчи Ўткир Миролимов. – Бундан ташқари, маҳалламизда мактабгача таълим муассасаси қурилса, кўпчилик оилалар учун қулай бўларди. Болаларимизни қўшни маҳалладаги боғчага эмас, кўз ўнгимиздаги муассасага юборсак, деймиз.
Ушбу масалалар бўйича масъул ташкилотлар вакилларига зарур вазифалар топширилди.
«Умид» маҳалласида яшовчи, турар жойга эга бўлмаган 72 ёшли Умри опа уй-жой масаласида ёрдам сўраб ариза берган, аммо аризасига рад жавобини олган. Ўзи мактабда фаррош бўлиб ишлаган, ҳозирда турмушдан қайтиб келган қизи мактабда фаррош бўлиб ишлайди. Турмушдан қайтиб келган қизига уй-жой ажратиш масаласида мурожаат қилган.
Унинг қизи ва набираларига тумандаги «Иброҳим ота» маҳалласида қурилаётган кўп қаватли уйлардан уй-жой ажратиладиган бўлди. Шунингдек, онахонга санаторийга бепул йўлланма белгиланди.
Мулоқот давомида фуқаро Н.Зокирова «Умид» маҳалласидаги автомашиналарни ювиш шохобчаси кун-у тун ишлаши, кечаси безори болалар кўпайиб кетиши, бу ҳақда маҳалла инспекторига қилган мурожаатлари жавобсиз қолганини айтиб шикоят қилди.
Мутасаддиларга масалага ойдинлик киритиш, автомашиналар ювиш шохобчасининг иш тартибига риоя қилишини таъминлаш, мазкур объект фаолиятини доимий назоратга олиш вазифаси топширилди.
Ишчи гуруҳнинг маълумотларига кўра, «Ачаобод» маҳалласи ҳудудида 3 нафар фуқаро фуқаролик паспортларини алмаштириш чораларини кўриши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунгача муаммо ҳал этилмаган.
Омонат, Омонат 1-берк, Омонат 2-берк, Сағбон 29-берк, Сағбон 30-берк, 2-Гуручариқ, Сариқсув кўчалари ҳудудларидаги 2650 метр масофадаги асфальт қатламини янгилаш ва шу кўчалардаги эски 27 та ёғоч устунни алмаштириш керак.
Юқорида айтиб ўтилган муаммоларни ҳал этиш ва кейинги учрашувда батафсил ахборот бериш вазифаси шаҳар электр тармоқлари корхонаси АЖ, «Тошшаҳаргаз» бошқармаси, шаҳар «Сувсоз» ДУК, шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси, ички ишлар бош бошқармаси, ер ресурс­лари ва давлат кадастр бошқармаси, халқ таълими бош бошқармаси, мактабгача таълим бош бошқармаси, архитектура ва қурилиш бош бошқармаси каби мутасадди ташкилот вакиллари зиммасига юклатилди.
Маҳаллаларда аниқланган муаммолар туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида бартараф этилиши белгиланди. Бундан ташқари, тумандаги ўрганишлар давомида юзага чиққан, фуқаролар томонидан айтиб ўтилган масалаларнинг ижобий ҳал этилиши юзасидан навбатдаги якунловчи учрашувда ахборот беришга келишиб олинди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар