Президент мактаблари:Ишонч, умид ва келажак маскани

9267

Тараққий топган жамиятларнинг барчасига хос бўлган бир жиҳат бор: улар иқтидорли ёшларини потенциал хазина деб билади.
Шу маънода, ривожланган давлат борки, унинг муваффақиятлари тарихига назар ташласангиз, албатта, таълим ва илм-фанга қаратилган юксак эътиборни кўришингиз мумкин.

Бизда ҳам мустақиллик йилларида таълим миллий тараққиётнинг асоси, деб белгиланди, бу ҳақда кўп гапирилди ва ҳатто турли концептуал ­лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бироқ натижа масаласида биз ўзимиз истаган юксак марра сари кўзланган йўлнинг поёнига етолмадик.
Нега? Бунинг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта. Менинг назаримда, бизда узоқ йиллар мобайнида бошқа кўп соҳалар қатори таълимда ҳам анъанавий (консерватив) усуллардан воз кечилмади. Бу борада дунё тан олган янги йўлларнинг истиқболлари ўрганилмади, таҳлил этилмади. Бироқ тараққий этиш, олдинга силжиш учун, аввало, дунё амал қилаётган қадриятларни ўрганиш, уларга мослашиш кераклиги ҳаммага аллақачон аён эди. Фақат…

Бугун мамлакатимизда барча соҳалар қатори таълимга бўлган қараш ҳам кескин ўзгарди. Айтиш жоизки, 2018 йилда бу борада ­анъанавий қарашлардан фарқли ўлароқ, мутлақо янги, жаҳон стандартларига мос «таълим формати» сари қадам ташланди. Зеро, буни шароитнинг ўзи тақозо этаётганди.
Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида «Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак», деганди.
Ана шундай эзгу ният ва мақсадлар натижаси ўлароқ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йилда Тошкент, Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларида илк Президент мактаблари ташкил этилди. Бугунга келиб эса барча вилоятларимизнинг марказий шаҳарларида шундай мактаблар ташкил этилиб, улар илк ўқувчиларини қабул қилиш арафасида.

Таълим жараёни ва мазмун

Албатта, мактабнинг таълим методикаси, иш юритиш механизми анъанавийлардан катта фарқ қилади. Хўш, уларни нималарда кўриш мумкин?
Мактабнинг фаолият «композиция»си ­Англиядаги «Cambridge Assessment» компаниясининг ўқув дастури асосида тузилган бўлиб, ўқув қўлланмалари ва дарсликлар ўша ердан келтирилади. Синфлардаги ўқувчилар сони 12 нафар. Дарслар бирваракайига икки – бир нафар маҳаллий ва бир нафар хорижлик устозлар томонидан олиб борилади. Мактабда ўқитиш sciense – табиий фанлар, tehnology – технологиялар, engineering – техник ижодкорлик, art – cанъат ва matehematics – математика йўналишига чуқур ихтисослашган. Таълим халқаро «STEAM – таълим» дастури асосида олиб борилади. «STEAM – таълим» дастури информатика, математика, физика, кимё, биология, science, инглиз тили фанларини ўз ичига олса, «Маҳаллий ўқув дастури» она тили ва адабиёт, рус тили, тарих, тасвирий санъат, чизмачилик, жисмоний тарбия ва технологиядан иборат.
Ҳар бир бўлим тугагач, ўқувчилардан тест ва назорат ишлари олиниб, уларнинг мавзуни ўзлаштиргани текшириб борилади. Агарда ўқувчи 4 ёки 3 баҳо олса, у билан ўқитувчи қайта-қайта ишлайди ва такрор назорат иши топшириб баҳосини тузатишига кўмаклашади. Аммо чораклик назорат ишларида бунга йўл ­қўйилмайди. Сабаби «Олдинги берилган имкониятлардан ўқувчи ва ўқитувчи тўғри фойдаланганида бундай натижа бўлмаслиги керак эди», деган хулосага кўра ёндашилади. Бундан ташқари, ўқитувчилар бола билан қўшимча ишлаганида ҳам ўқувчи 3 марта «3» баҳо олса, у белгиланган тартибга асосан мактабдан четлатилади.
Пойтахтдаги Президент мактабининг ўқув ишлари бўйича илмий бўлим мудири Муҳайё Мусурмонқулованинг айтишича, икки йил давом этган таълим жараёнида бундай ҳолатлар учрамади. Чунки бу ерда ўқиётган ўқувчиларнинг барчаси иқтидорли ва ўз таълим даргоҳларида энг аълочи ўқувчилар бўлишган.

Дарсдан бўш вақтларда…

Мактабда ҳар бири 45 дақиқалик бўлган 7 соатлик дарслар жадвалига амал қилинади. Учинчи соатдан кейин битта катта танаффус ва яна икки соатдан кейин бир соатлик тушликка мўлжалланган дам олиш дақиқаси берилади. Ундан сўнг яна икки соат дарслар давом этади ва дарс жараёнлари 15:30 да поёнига етади. Шундан сўнг ўқувчилар ётоқхонага бориб, ювиниб, кийимларини алмаштиргач, ошхонага чиқишади. Дарвоқе, ётоқхонада уларни тарбиячи педагоглар кутиб олади. Улар ўқувчиларнинг таомланиши, тўгаракларга бориши, уй вазифаларини бажариши учун ёрдамлашади ва назорат қилади.
Ўқувчиларнинг фанларга қизиқиши турлича. Кимнингдир аниқ фанларга қизиқиши юқори бўлса, кимнингдир табиий фанларга. Шу боис, улар тўгаракларни ўз қизиқишларига қараб танлашади.
19:00. Кечки таомланиш вақти этиб белгиланган. Овқатланишдан сўнг улар учун эркин давра суҳбатлари, заковат ўйинлари, хуллас, ­мияга дам бериш орқали мазмунли вақт ўтказилади. Хоҳловчи ўқувчилар ўзларининг лойиҳалари устида ишлаши, кутубхонада мутолаа билан ёки уй вазифаси билан машғул бўлиши мумкин. Уларга бириктирилган тарбиячилар ҳам инглиз тилини юксак биладиган, ўз фанидан юқори билим даражага эга тажрибали устозлардир. Чунки ўқувчилар уй вазифалари ва тушунмаган нарсаларини сўраб билиш­лари учун ҳам ушбу вазифага юқори салоҳиятли педагоглар танланган.
22:00. Тарбиячи педагог­лар ўз ўрнини тунги тарбия­чиларга бўшатади.
– Бу лавозимга ҳам яхши ҳаёт тажрибасига эга бўлган малакали устозлар танланади, – дейди Муҳайё Мусурмонқулова. – Сабаби, болалар ҳафтанинг шанба, якшанба кунигина уйларига боришади. Қолган ­пайтларда эса шу ерда бўлишади. Бунинг учун уларга руҳан ота-онадек меҳрибон, ғамхўр, шу билан бирга, ҳаётнинг ­пасту баландлари ҳақида сабоқ, тарбия беришга қобил инсон керак. Тунги ва кундузги тарбиячи педагоглар зиммасига эса худди шундай вазифалар юкланади. Улар ўқувчиларга ўз ота-­оналари каби яқин инсони бўлишга интилишади. Айтганча, бу лавозимдагиларнинг аксарияти аёллар.

Педагог ва ўқувчилар қандай сараланади?

Президент мактабига кириш учун 4-синфни битирган ўқувчилар икки босқичли тест синовларидан ўтади. Биринчи босқичда ўқувчиларнинг математик билимлари текширилиб, саралаб олинади. Иккинчи босқичда эса боланинг мантиқий фикрлаши, инглиз тилини билиш даражасига оид тестлар берилади. Айнан иккинчи босқич ҳал қилувчи роль ўйнаб, кириш имтиҳонларини шаффоф ва адолатли ташкил этиш мақсадида Англия­даги «Cambridge Assessment» компанияси билан ҳамкорлик қилинади. Ўқув материаллари ҳам ушбу ташкилот томонидан тайёрланади. Бериладиган саволлар, умуман, имтиҳон жараёнини «Cambridge Assessment» компаниясининг ўзи назорат қилади, шу боис натижаларни сохталаштириб бўлмайди. Олинган натижалар Президент мактаби веб-сайтида эълон қилинади.
Ўқитувчиларга бўлган талабга келсак, улар ўз фанидан олий тоифали ёки энг камида иккинчи тоифали бўлиши, инглиз тилини эса халқаро талаб­лар даражасида юқори ўзлаштирган бўлиши лозим. Хорижлик ўқитувчиларни саралаб олиш ҳам белгиланган тартибдаги билим, малака ва тажрибани акс эттирувчи сертификат ва суҳбат асосида ўтказилади.
Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Президент мактабига Англия, АҚШ, Иордания, Ямайка ва Жанубий Африка давлатларидан Кембридж дастурини ўқитиш малакасига, шунингдек, қўшимча SAT, TESOL ва IELTS сертификатларига эга бўлган 10 нафар хорижлик мутахассис жалб қилинган. Маҳаллий педагогларнинг хорижлик мутахассислар тажрибаларини ўрганиши ва дарсларга илғор педагогик технология­ларни татбиқ этиши йўлга қўйилган. Хусусан, Анмари Андерсон, Кевин Хатчингс ҳамда Анн Баиллие каби хорижлик мутахассислар маҳаллий ўқитувчилар маҳорати ва малакасини ошириш мақсадида мунтазам семинар-тренинг­лар ўтказиб келмоқда.
– Англиянинг Лондон шаҳриданман, – дейди Президент мактаби ўқитувчиси Анн Баиллие. – Бу мактаб ўқувчиларидан келажакда Ўзбекистоннинг энг илғор кадрлари, фан фидойилари ва яратувчилари чиқишига ишончим комил. Мактабда дарс Кембридж ўқув дастури асосида ўтилади. 10-11-синф­лар А Level даражасини олиш учун ана шу дастур асосида таълим олишади. Ўқувчиларимиз IELTS ва Level имтиҳонларидан юқори балларни олишмоқда. Мазкур мактаб юртингиз таълим тизимини ривожлантиришда нечоғли тўғри ташкил этилганини кўрсатиб турибди. Ўзбекистонлик ўқитувчилар билан ҳамкорликда ишлаб, бир-биримиздан ўрганаётганимиздан хурсандман.

Натижалар кутилганидан аъло!

Президент мактабининг 10-11-синф ўқувчилари асосий мақсадни олий ўқув юртларига кириш тайёргарлигига қаратди ва ўрганишни ҳар доимгидан-да кучайтирди. Бунинг учун улар А Level имтиҳонини топширди. Мазкур имтиҳон ўқувчиларнинг ҳар бир фандан билим даражасини баҳолаб беради. Январь ойида эса ўқувчилар А Level имтиҳон натижалари, IELTS сертификатлари ва фан табеллари, фан олимпиадаларидаги иштироки натижалари, қўшимча шуғулланган соҳалари ва қизиқишлари ҳақидаги барча маълумотларни халқаро олий ўқув юртига кирувчи ўқувчилар базасига жойлаштиради. Бу базани халқаро университетларнинг махсус мутахассислари кузатиб, энг иқтидорли ва билим даражаси юқори ўқувчиларни ўз университетларида грант асосида ўқишга таклиф қилишади. Президент мактаби ўқувчилари тўгаракларда бундай базаларга маълумот жойлаш, халқаро университетларга грант қўлга киритиш бўйича амалда шуғуллангани боис, имкониятлардан тўғри фойдалана олишади.
Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 24 нафар битирувчисидан 22 нафарига АҚШ, Япония, Латвия, Австралия ва Буюк Британиянинг 100га яқин олий таълим муассасаларига ўқишга грант таклифлари тушиб, уларнинг умумий қиймати 7 миллион 733 минг 500 АҚШ долларини ташкил этди. Қолган икки нафар талаба эса муддатидан олдин маҳаллий университетларимизнинг талабалигига эришди. Битирувчилар ичида муддатидан олдин талаба бўлмаган ўқувчи йўқ. Энг ками 3 та университетдан таклиф олган, бошқалари эса ўнлаб университетларнинг грантини қўлга киритган. Улар орасида Зулфия Усмонова, Шаҳризода Ризоқулова каби иқтидорли қизларимизнинг ҳам борлиги кишини хурсанд қилади.
Масалан, мактаб ўқувчиси Темурбек Сулаймонов кўпчиликнинг меҳрини қозонган йигитлардан. У IELTS халқаро тил билиш тестидан 7,5 балл натижа кўрсатиб, жами 29 та хорижий олий таълим муассасасининг 1,307,000 доллар грантларини қўлга киритди ва яқинда АҚШинг Цинцинатти университетида ўқишни бошлаш учун океан ортига учиб кетди.
– Ўғлим Сергели туманидаги 301-мактабнинг энг аълочи ўқувчиларидан бўлган, – дейди Темурбекнинг онаси Нилуфар Сулаймонова. – 9-синфни битириб, ўзи ўртоқларидан эшитиб Президент мактабига кириш учун уйда тайёргарлик кўра ­бошлади ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди. 10-11-синфларни Президент мактабида ўқиганидан жудаям фахрланаман. Ёшларимизга шундай ­шароитлар яратиб бергани, ўзини намоён этиши учун махсус мактаблар ташкил этгани учун Президентимиздан ғоят миннатдорман!
Кечагина яна бир янгиликка кўзим тушди. Юртимиз бўйлаб ўтказилган халқаро математика ва табиий фанлар олимпиадасида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Тимур Поляков, Фирдавс Ортиқов ва Фарангиз Абдуқаҳҳорова эгаллашибди.
Эндиликда улар 2022 йилнинг 22-25 апрель кунлари Филиппиннинг Алкан вилоятида бўлиб ўтадиган Халқаро турга боришади. Эндигина 7 синфга қадам қўйган бу ўқувчиларнинг шаҳду шижоати ва дадил қадамлари опалари ва акаларининг шу ёшдаги кўрсаткичларидан-да муваффақиятли кечаётганини кўриб, фахрланар эканмиз, «Парвозингиз баланд бўлсин, истиқлол ёшлари, сиз юртимизнинг ишончи, умиди ва келажагисиз! Маррани доим баланд олаверинг!», деб қоламиз.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»