Эм бўлсин! ёхуд «COVID-19»га қарши эмланишдан олдин ва кейин нималарга эътибор бериш керак?

2020

Ўтган ойда россиялик шифокорлар «COVID-19»га қарши эмланаётган фуқаролар учун янги тавсия­лар ишлаб чиқди. Уларнинг таъкидлашича, бу эмланишнинг нисбатан енгил ўтишига ёрдам беради.

Беморларга кўрсатма

Баъзан эмлашдан сўнг тана ҳарорати 38-39 даражагача кўтарилиб кетиши мумкин. Кўпинча, бундай ҳолатлар ёшларда кузатилади. Ваҳимага тушмаслик учун бундай ҳолларда нима қилиш кераклигини билиб қўйган яхши.
Хўш, эмлаш хавфсиз ўтиши учун нималар қилиш керак?
1. Эмланиш навбатингиз келган бўлса-ю, лекин бир неча кундан буён ўзингизни ёмон ҳис қилаётган бўлсангиз, бу ҳақда шифокорни огоҳ этишингиз керак. У сизни кўрикдан ўтказиб, эмланиш ёки эмланмаслик ҳақида кўрсатма беради.
2. Дори-дармонларга аллергиянгиз борми-йўқлигини, сурункали касалликлар ва қандай дориларни қабул қилаётганингизни, албатта, шифокорингизга айтинг.
Aгар аёл гормонал дориларни (хусусан, контрацептивларни) қабул қилаётган бўлса, шифокорни огоҳлантириши зарур. Чунки гормонлар иммунитетни пасайтириши ёки эмлашнинг ножўя таъсирини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, AstraZeneca вакцинасидан сўнг тромбознинг пайдо бўлиши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганида, гормонал контрацепция воситаларини қабул қилаётган ёш аёлларда тромб ҳосил бўлиши каби асоратлар борлиги аниқланди. Aммо тромб­га мойил бўлган ­бошқа беморлар (жарроҳликдан, стентлашдан кейинги ҳолатлар ва ҳоказо), одатда, тромбга қарши дориларни қабул қилади, шу боис эмлашни енгил ўтказади.
3. Вакцина олгач, эҳтимолий аллергик реакцияларнинг олдини олиш ва керак бўлганда, шошилинч ёрдам кўрсатиш учун (ҳозирча бундай ҳолатлар учрамаган), шифокор хонасида 30 дақиқача ўтириш тавсия этилади.
4. Вакцинадан сўнг титроқ, бош оғриғи, иситма, мушак ва бўғим оғриқлари, ҳолсизлик, ўзни ёмон ҳис этиш каби гриппга ўхшаш аломатлар пайдо бўлиши эҳтимоли бор.
Инъекция жойида оғриқ, қизариш ва шиш каби маҳаллий реакция­лар ҳам бўлиши мумкин. Камдан-кам ҳолларда кўнгил айниши, ошқозон бузилиши, иштаҳанинг пасайиши ва баъзида регионар лимфа тугунларининг катталашиши қайд этилади. Бундан қўрқмасангиз ҳам бўлади. Бу аломатларнинг барчаси 1-2, узоғи билан 3 кун ичида йўқолади.
5. Aгар иситмангиз жуда баланд ёки иситмани оғир ўтказаётган бўлсангиз, стероид бўлмаган яллиғланишга қарши дорилардан бирини қабул қилиш тавсия этилади. Бу ибупрофен ва бошқалар.
6. Aгар инъекция жойи қаттиқ оғриётган бўлса, антигистамин, масалан, ­супрастин қабул қилишга рухсат берилади. Aммо профилактика учун эмлашдан олдин бундай дориларни қабул қилмаслигингиз керак. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бундай дорилар эмлаш туфайли юзага келиши керак бўлган иммунитетнинг ­пасайишига олиб келиши мумкин. Шифокор кўрсатмаси билан антигистаминларни мунтазам қабул қиладиган беморлар бундан ­мустасно.
7. Эмлашдан кейин уч кун ичида сауна, ҳаммомга тушмаслик, спиртли ичимликлар ичмаслик ва ортиқча жисмоний зўриқишлардан тийилиш тавсия этилади.
8. Aгар биринчи эмлашдан сўнг шамоллаб қолсангиз, иккинчисининг муддати кечиктирилади. Вакцинанинг иккинчисини шамоллашдан кейин камида икки ҳафта ўтгач олишингиз мумкин. Aммо икки эмлаш орасидаги максимал муддат икки ойдан ошмаслиги керак. Aгар одам биринчи эмлашдан кейин коронавирусга чалинса, иккинчиси олинмайди. Касалликдан тузалган бемор олти ойдан сўнг қайта эмланиши мумкин.
9. Aгар эмлашдан кейин аломатлар (иситма ва ҳ.к.) уч кун ичида ўтиб кетмаса, шифокорга мурожаат қилинг. Бунинг сабабларини билиш учун текширувдан ўтишингиз керак. Бу аломатлар эмлаш асорати бўлмаслиги ҳам мумкин.
10. Aгар биринчи эмлашдан сўнг жиддий нохуш ҳолатлар рўй берган бўлса, беморнинг розилиги билан ­бошқа вакцина билан эмлаш мумкин.

Ҳомилaдорлар диққaтигa!

«COVID-19»га чалинган ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ кўрсатмалар мавжуд. Бир қатор мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, эмланмаган аёлларга қараганда, эмланган ҳомиладор аёлларда асоратлар камроқ учрайди.
Шу билан бирга, агар ҳомиладор она эмланмаган ва «COVID-19»га чалинса, ҳомиланинг эрта туғилиши хавфи 15-20 фоизга ортади. Умуман олганда, ҳомиладорликни режалаштириш босқичида эмланиш тавсия этилади.
Вакцина эркаклар ва аёлларнинг реп­родуктив саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини исботлайдиган далиллар йўқ. Бундай муаммоларга вакцина эмас, балки касалликнинг ўзи сабаб бўлиши мумкин.

Жаҳонгир НАҲАНОВ,
«ISHONCH»