Ишдан бўшатиш шунчалик осонми?

2836

Самарқанд шаҳридаги «PULSAR GROUP BREWEY»
қўшма корхонаси Бош директори Ярослава Ковержичекга
ОЧИҚ ХАТ

Жаноб Бош директор!
Ушбу мурожаатимиз «Pulsar» пивосининг сифатию мазаси тўғрисида эмас, балки сиз раҳбарлик қилаётган корхонанинг ногаҳон ишдан бўшатилиб, сарсон-саргардон бўлган уч фарзандли ходимаси ҳақида.
Эҳтимол, хабарингиз бордир, сиз раҳбарлик қилаётган заводда ишловчи Насиба Усмонова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги 12-11 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га, яъни «Саll-center»га мурожаат билан чиққан эди. Мурожаатида цех бошлиғи Отабек Қодиров «Шанба куни ишга келмай, тўйга бординг», деб уни ишга қўймаётганини баён этганди.
Гарчи корхона масъуллари касаба уюшмаларини тан олмаган бўлса-да, жамоат ташкилоти бу аёлнинг шикоятини беэътибор қолдирмади. Федерациянинг Самарқанд вилояти кенгаши бўлим мудири З.Маматқулованинг таклифига биноан мурожаатни бирга ўргандик. Масалани завод кадрлар бўлими бошлиғи Виктория Тхаке, ишчилар қўмитаси раҳбари Лариса Котова, цех бошлиғи Отабек Қодиров ва аризачи Насиба Усмонова иштирокида кўриб чиқдик (ҳудудий раҳбарият ўта бандлиги сабабли иштирок этмади).
Аниқланишича, Н.Усмонова жорий йилнинг 31 июлида – шанба куни, ҳақиқатан ҳам, ишда бўлмаган. Чунки Самарқанддаги 10-оилавий поликлиникадан берилган маълумотномага қараганда, ўша куни у саломатлигини текширтирган. Соат 16 да эса қариндошининг тўйига боргани рост. Ана шу боис душанба куни, аниқроғи, 2 августда цех бошлиғи томонидан ишга қўйилмайди. Отабек Қодиров «Бўлди, сен «прогул» қилганинг учун вазифангдан бўшатилдинг!», дея оёқ тираб олади. Насиба Усмонова 14 кун мобайнида турли эшикларга бош суқиб, ёрдам сўрайди. Уч боласи учун ишлаши кераклигини, акс ҳолда, оиласининг моддий аҳволи оғирлашишини айтиб, арзиҳол қилади. Пировардида касаба уюшмаларига мурожаат қилишдан ўзга чора тополмайди.
Биз рўй берган можарони касаба уюшмалари шафелигида корхонанинг ўзида атрофлича муҳокама қилдик. Ходимларингизнинг «танти»лигига балли, улар Н.Усмонованинг оилавий аҳволини ҳамда қилмишидан «пушаймон»лигини инобатга олиб, уни ўз иш ўрнига қайтаришди. «Адолат»ли қарордан Насибанинг кўзлари ёшланди.
Ҳақиқат ўрнатилибди-ку, дейишга шошилманг. Мен масалани ўрганишлар асносида жамоангизда кўзга ташланган антиқа ҳолатлар ҳақида сўз юритмоқчиман. Биз кадрлар бўлими ва ишчилар қўмитаси раҳбарларидан «Заводда ҳафталик иш неча кун? Ҳафтада 6 кун ишлаётган ходимлар ҳуқуқи топталмаяптими?», деб сўраганимизда, улар бу ҳақда раҳбариятнинг махсус буйруғи борлигини айтиб, уни ахтаришга тушди. Ниҳоят, кадрлар бўлими компьютеридан сиз 2021 йил 1 июнда чиқарган 61-п сонли буйруқ топилди. Аммо у имзосиз эди. Виктория Тхаке чаққонгина қиз экан. Югуриб бориб, кимгадир қўл қўйдириб келди. Сўнгра «Аслига тўғри» деган муҳрни босиб, қўлимизга тутқазди.
Қарор бўйича жорий йилнинг 1 июнидан ­эътиборан ишлаб чиқариш эҳтиёжи ва мавсум талабига мувофиқ ҳафтасига 6 кунлик иш куни белгиланган экан. Хўш, бундан жамоа аҳли расман хабардор қилинганми? Улар беш кун 7 соатдан, шанба куни эса 5 соат ишлашлари лозимлигини билишадими?
Бу саволларга оғзаки равишда «Ҳа!», деб жавоб беришди. Амалда-чи?..
Излай-излай, бизга зўрға топиб берилган ушбу ҳужжат нега ишчи-ходимлардан сир тутилган? Нега улар буйруқ билан танишиб, бунинг тасдиғи сифатида имзо чекишмаган?
Хуллас, бу буйруқ оддий ишчиларга етиб борганига ишониб ҳам бўлмайди. Насиба Усмонова эса ишга кирганига бир йил бўлса-да, шанба куни ҳам ишлаб келаётганини айтди.
Корхонада ходимларнинг меҳнат таътилига чиқиш жадвали ҳам тузилмаган. Ишдан бўшатиш услуби эса ғалати экан. Уни билиб олишингиз учун ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Отабек Қодиров бизга тақдим этган тушунтириш хатидан парча келтирамиз:
«Тушунтириш хатини ёзишимдан мақсад Усмонова Насиба пиво қуйиш цехида ишлаб келган эди. Лекин ишга прогул қилганлиги сабабли ишдан четлаштирилган эди. Ёлғиз она, учта ёш боласи бўлганлигини инобатга олиб ва кечирим сўраганлиги сабабли синов муддати билан ишга тиклашга рози бўлдим».
Тантанавор тушунтириш хатидан ва мулоқотлардан англаганимиз шу бўлдики, бу жамоада инсон қадри бир пул. Ишчилар қўмитаси раҳбари Насиба Усмоновага қарата «…не дай бох?» деганида, очиғи, биз ҳам ўрнимиздан бир сапчиб тушгандек бўлдик.
Боз устига, жаноб Бош директор, корхонангизда одамларни ишга олиш ҳамда ишдан бўшатиш анча «замонавийлашиб» ва осонлашиб кетган экан. Ана шунинг оқибатида Насиба Усмонова 2 августда оғзаки буйруқ билан ишдан бўшатилган эди, биз борган куни худди шу йўсинда вазифасига тикланди. Яна денг, синов муддати билан! Қойилмисиз?!.
Энди ўзингиз холисона айтинг, ходимларнинг тақдирини шу тарзда ҳал қилиш мумкинми? Мазкур корхонада иш берувчи ким ўзи? Цех бош­лиғига ходимни ишдан бўшатиш ваколатини ким берган?
Афсус, бу саволларимизга тайинли жавоб ололмадик. Агар бу ягона ҳолат бўлганида ҳам майли эди. Эсласангиз, собиқ ходимингиз Азиза Пирмуҳаммедовага ишлаб чиқаришдаги узилиш­лар сабабли 2020 йил декабрида ўз ҳисобидан меҳнат таътили берилган эди. Кейин аён бўлишича, худди ўша кезлар у билан тузилган меҳнат шартномаси орқаваротдан ноқонуний равишда бекор қилинган экан.
– Одатда ўз ҳисобимиздан таътилга чиққан пайтларимизда ҳам бизни корхонага чақиришар ва бажарган кунлик ишимизга нақд пул (конверт)да ҳақ тўлашарди, – дейди Азиза телефон орқали суҳбатимизда. – Бу сафар эса мени негадир чақиришмади. Сабабини билмоқчи бўлиб, корхонага сим қоқдим. У ердагилар ишдан бўшатилганимни айтишди. Уч-тўрт ойдан сўнг заводга бориб, меҳнат дафтарчамни олиб келдим.
Муҳтарам Бош директор!
Сиздан илтимос, қонун устуворлигини таъминлашда, аёлларга ғамхўрлик кўрсатишда ташаббус­кор бўлинг.
Бундан ташқари, корхонангиздан беш юз қадамча нарида касаба уюшмаларининг «Касаба зиё» ўқув маркази очилган. У ташкилотларга меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси бўйича таҳсил бериш билан шуғулланади. Корхонангизнинг ходимлар бўлими, ишчилар қўмитаси раҳбарлари ва бошқа мансабдорлари шу марказда ўқиб, билимларини янада чархлаб олсалар, фойдадан холи бўлмасди.
Энг муҳими, касаба уюшмалари билан ҳамкорликдан ҳеч ким, ҳеч нарса ютқазмайди. Бу жамоат ташкилоти барчага бирдек муносабатда бўлади. Агар унга аъзоликни қабул қилишда жамоага ибрат кўрсатсангиз, ишончли ҳамкорга эга бўласиз. Ходимларингиз сиҳатгоҳларда имтиёзли равишда дам олиш имконини ҳам қўлга киритишади. Бу завод фаолиятини қонуний асосда ташкил этишда, ходимларни рози қилишда ҳам асқатади. Ишончимиз комилки, корхона равнақ топишига ҳисса қўшаётганлар бундай шарафга жуда муносиб инсонлардир!

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»