Кимлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати бўла олади?

2533

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати республика кўрик-танлови ўтказилди.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида танловда қатнашиш истагини билдирган 5 692 нафар ўқитувчи тегишли маълумотларни тақдим этди. Халқ таълими вазирлиги тизимидаги экспертлар томонидан улар орасидан танлов шартларига жавоб берадиган 2 714 нафар ўқитувчи саралаб олиниб, иккинчи босқичга йўлланма берилди.
Номзодлар июль ойида танловнинг иккинчи босқичида тест синовларида ўз билимларини яна бир бор синовдан ўтказиб олишди. Натижаларга кўра, 90 нафар ўқитувчи республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритишди. Уларнинг 64 нафари олий малака тоифасига, 26 нафари 1-малака тоифасига, 31 нафари 20 йилдан ортиқ, 37 нафари 10-20 йил, 22 нафари эса 10 йилгача педагогик иш стажига эга.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Малака ошириш институтида танловнинг республика босқичи иштирокчилари билан учрашув ўтказилди.
Унда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов, раис ўринбосари – кўрик-танловни ўтказиш бўйича комиссия раиси Шуҳрат Жалилов ва касаба уюшмалари фаоллари қатнашиб, иштирокчиларга муваффақиятлар тилашди.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си ва Халқ таълими вазирлиги шакллантирган Комиссия томонидан номзодларнинг касаба уюшмаси фаолияти ва меҳнат ҳуқуқи йўналишидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди. Педагогик маҳорати эса ўзлари ўтиб берган дарс­лар орқали тегишли мезонга мувофиқ баҳоланиб, фанлар кесимида энг юқори балларни қўлга киритган 3 нафар иштирокчи, жами 18 нафар ғолиб аниқланади, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов. – Танлов узоқ йиллик самарали фаолияти натижасида иқтидорли ва истеъдодли ёшларни тарбиялаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга, ўз устида ишлаши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга кўмаклашиш, ўқитувчиларнинг касаба уюшмалари фаолиятидаги ўрни ва ролини, меҳнат қонунчилиги ва ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этишда билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, иштирокчиларнинг дарс ўтиш маҳорати респуб­лика ­бўйи­ча оммалаштирилади.
– Аввал ҳам турли танловлар, фан олимпиа­даларида қатнашганмиз. Лекин бу танлов ўзгача руҳда ташкил этилгани билан бир умр ёдда қоладиган бўлди, – дейди Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги 11-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси Алишер Ҳожиматов. – Маҳорат дарсларида янги методлар, технологиялар билан танишдик. Ҳамкасблар билан ­тажриба алмашдик. Бу бизга келгусидаги фаолиятимизда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
– Танлов жараёнидаги маҳорат дарсларида мутахассислигимиз бўйича барча ҳудудлардан келган ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик. Шу билан бирга касаба уюшмалари ­фаолияти билан яқиндан танишдик, – дейди Фарғона шаҳридаги 26-мактабнинг физика фани ўқитувчиси Машҳура Йўлдошева. – Олган билимларимизни дарс жараёнида қўллаймиз. Устозларга кўрсатилаётган эътибордан беҳад хурсандман. Янги ўқув йилини янада кўтаринки руҳда, катта иштиёқ билан бошлаймиз.
Танлов натижалари истиқлолнинг 30 йиллиги арафасида эълон қилинади. 1-ўрин соҳибларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати кўкрак нишони, ўттиз миллион сўм, 2-ўринга йигирма миллион сўм, 3-ўринга ўн миллион сўм пул мукофоти тақдим этилади.
Мукофотлар 2021 йил 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан ташкил этиладиган тантанали тадбирда топширилади.